Компаниямиз алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқаради. Сувсоз билан шартномамиз бор. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун бир ойда тахминан 700–800 куб м ва бошқа мақсадлар (канализация, суқориш, иситиш тизимива бошқалар) учун 200–300 куб м сув сарфланади. 2020 йилга қадар, мазкур йил ҳам ҳисобга киритилади, алкоголсиз ичимликлар ҳамда пиво ва винодан ташқари алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларида солиқ ставкалари 2 та бандда, яъни алкоголсиз ичимликлар ҳамда пиво ва винодан ташқари алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган сув ҳажми ҳамда бошқа мақсадлар учун сарфланадиган сув ҳажми бўйича берилар эди. Тегишли равишда, ушбу иккита ставкадан келиб чиқиб биз солиқларни тўлар эдик, бироқ 2021 йил учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларида иккинчи банд (бошқа мақсадлар учун) чиқариб ташланган ва ягона ставка берилган.
2021 йилда бошқа мақсадлар учун сарфланадиган сув учун қайси ставкани қўллаш лозим?
– Алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчи корхоналар 2021 йилда бошқа мақсадлар учун фойдаланилган сув ҳажми учун солиқ тўлашда саноат корхоналари учун белгиланган ставкаларни қўллайдилар. Улар учун қуйидаги манбалардан сув олганлик учун солиқ ставкалари белгиланган:
● ер усти манбаларидан олинадиган сув ресурслари учун – 472 сўм/куб м;
● ер ости манбаларидан олинадиган сув ресурслари учун – 564 сўм/куб м (СК 445-м. 1-қ. 2-б.).
СКнинг 445-моддаси 1-қисми 6-бандида кўрсатилган ставкалар фақат алкоголсиз ичимликлар ҳамда пиво ва винодан ташқари алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган сув ҳажмига нисбатан қўлланилади.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.