Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 06 / Мутахассис тушунтиради

МҲХСни жорий этиш фақат бухгалтерларнинг вазифаси эмас

 

Корхонада МҲХС жорий этилганда ишни нимадан бошлаш керак ва қандай муаммоларга муқаррар равишда дуч келинади? Ушбу ва бошқа саволларга Ўзбекистон бухгалтерлар Федерацияси бошқаруви раисининг ўринбосари, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга амалиётчи Оксана ОГНЕВЧУК (CIPA, DipIFR) жавоб берди. 

 

Қандай ташкилотлар ҳозирнинг ўзида МҲХСни жорий этишлари зарур?

– Президентнинг 24.02.2020 йилдаги «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4611-сон қарорида акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашлари кераклиги айтилган. Давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари эса МҲХСга Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳар йили тасдиқланиши ва ўзининг davaktiv.uz сайтида эълон қилиниши керак бўлган жадвал асосида ўтади. Дарвоқе, 2021 йил учун давлат улуши бўлган корхоналарнинг бундай рўйхати у ерда ­эълон қилинган.

Бундан ташқари, ПҚ-4611-сон қарорда бухгалтерия хизматлари штатини халқаро дастурлар бўйича сертификатланган мутахассислар билан таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги талаб келтирилган. Шу билан бирга камида бундай дастурлар доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширган бўлиш керак.

 

Кўп компаниялар ўтган йили МҲХСга ўтишга тайёргарлик кўришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар қаторида ўз бухгалтерларини ўқишга юборишди. Бироқ бундай курсларни тугатган мутахассисларнинг сўзларига кўра, ташкилотда МҲХСни жорий этишни мустақил равишда ташкил этиш учун бу етарли эмас экан...

– Бухгалтерларни фақат ўқув курсларига юбориш билангина МҲХСни жорий этишдек комплекс лойиҳани ҳар бир корхона учун амалга ошириб бўлмайди. Бу, аслида, бухгалтериянинг вазифаси ҳам эмас. Бухгалтерда, ҳатто бош бухгалтерда бундай вазифани ҳал қилиш учун маъмурий ресурс етишмаслиги мумкин.

Ҳисоботни МҲХС асосида тузиш – бу бухгалтерия ҳисобини юритиш ўрнига киритилаётган фаолият эмас, балки унга қўшимча фаолиятдир. Бу энг юқори малака ва керакли даражадаги билим ва кўникмаларни талаб қиладиган профессионал хизматларнинг ихтисослашган соҳасидир.

МҲХС асосида ҳисобот берувчи корхоналарда, одатда, махсус бўлинмалар – бухгалтерия ҳисобида акс эттириладиган хўжалик операциялари ва иқтисодий ҳодисалар тўғрисида ахборот йиғиш қисмида бухгалтерия учун ўзига хос «буюртмачилар» бўлади. Бундай бўлимлар ходимлари пировардида ҳисоботга киритиш учун барча зарур нарсаларни тўплаш мумкин бўлиши учун маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш қоидаларини ўрнатадилар. Ҳисоб сиёсатига киритилган барча ушбу қоида ва талаблар ҳисоб методологиясини ташкил этади.

Бироқ сертификатлаш дастурларида иштирок этиш, шубҳасизки, малакани оширади. Бинобарин, биргина фан билан чекланиб қолиш тўғри эмас. Сертификатлаш дастурларига киритилган барча йўналишлар бўйича билим олиш замонавий бухгалтерлик касбида юқори сифат ила мустақил ишлаш учун ўта зарур.

«МҲХСни жорий этиш» лойиҳасига келсак, уни фақат энг юқори даражадаги раҳбарлар бошқарган тақдирдагина у муваффақиятли бўлиши мумкин. Ёки асосий манфаат олувчилар сифатида мулкдорлар бошқарганда ҳам муваффақиятга эришса бўлади.

Корхонада МҲХСни яхлит лойиҳа сифатида ташкил этган маъқул. Бунда бюджет, график, тараққий этиш ва вазифалар бажарилишини назорат қилиш, мувофиқлаштириш зарур бўлади. Мувофиқлаштириш, фикримча, муҳим жиҳат. Бир вақтнинг ўзида қуйидаги бир нечта параллель, бир-бирига боғлиқ жараёнларни қўллаб-қувватлашга тўғри келади:

● МҲХС бўлимини ташкил этиш (ходимларни излаш, ёллаш, ўқитиш);

● методологияларни тайёрлаш (ташкилотнинг ишлаб чиқариш ва ҳисоб юритиш жараёнларини ўрганиш; МҲХС-ҳисоботда ахборотни ёритиб беришнинг тармоқ амалиётининг таҳлили; ҳисоб сиёсати, счётлар режасини яратиш; аналитика, норматив-маълумотнома ахборотни таҳлил қилиш, шу жумладан, бошқарувчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда; ҳисобот ва ёритиб бериш шакллари шаблонларини ишлаб чиқиш; консолидация периметрини аниқлаш; трансформация ва консолидация тузатишларини лойиҳалаштириш ва ҳ.к.);

● адолатли қийматни алоҳида стандартлар талабларига мувофиқ баҳолаш;

● бухгалтерлик дастурини интегратор билан созлаш, ҳисоботни шакллантириш бўйича IT-қарорларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш (эҳтимол, қўшимча дастурий таъминот, лицензиялар сотиб олишга, IT-инфратузилмани такомиллаштиришга тўғри келар);

● инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш;

● актуар баҳолаш.

Шунингдек, аудиторни жалб қилиш ҳам зарур, у рисоладагидек бўлиши учун бу ишларни бир вақтда амалга оширган маъқул. Сабаби тизимда созлаш зарур бўлган ҳисобот ва ёритиб беришнинг шакллари лойиҳаларини, шунингдек ҳисобга ёндашувларни танлашда раҳбариятнинг мулоҳазаларини аудитор билан келишишга тўғри келади. Ва буларнинг барчасини жаҳонда таркиб топган тармоққа оид тажрибани ҳисобга олган ҳолда қилиш лозим.

 

МҲХСга ўтиш учун ресурслар қаердан олинади? Улар мавжуд бўлмаганда нима қилинади?

– Бунинг учун маблағ керак бўлади. Лекин бу харажатлар инвестициявий ва бошқарув қарорлари тушунарсиз ва сифатсиз ахборот асосида қабул қилиниши натижасида русурсларни ёмон бошқариш сабабли юзага келган йўқотишлар билан солиштирганда унчалик катта харажат ҳисобланмайди.

МҲХС асосида ҳисобот, энг аввало, мулкдор учун зарур. У МҲХС асосида ҳисобот билан бирга қуйидагиларга эга бўлади:

1) у маблағ киритган компаниянинг ривожланиш истиқболларини тушуниш ва таъминлаш имконияти;

2) қуйидагилар ҳисобига самарасиз харажатларни, молиялаштириш харажатларини қисқартириш:

● жараёнлар, шу жумладан молиявий жараёнларнинг бошқарувчанлиги ошиши;

● кредитлашда фоиз ставкасини аниқлашда мажбурий ҳисобга олинадиган ахборот хатари даражасини пасайтириш. МҲХС асосида ҳисобот кредиторларга ҳам тақдим этилган молиялаштиришнинг қайтарилиши истиқболини яхши тушунишга ёрдам беради;

3) муайян даражада бизнес эгаларини нодўстона тарзда «ютиб юборилиш» ёки бизнеснинг бир қисмини бозор нархидан паст қийматда сотиб олиш эҳтимолидан ҳимоя қилиш;

4) кадрларга доир қарорларни ўз вақтида қабул қилиш учун бошқарув ходимларининг фаолиятини холис баҳолаш.

Мулкдор ушбу бутун жараённи ишга тушириши керак. Бунинг учун зарур маблағларни ҳам ажратиши керак. Шу жумладан, агар у мулкдор бўлса, давлат ҳам шу юмушларни бажаради.

 

– Ундай экан, МҲХСга ўтишга мажбурлаш балки нотўғридир?

– Мисол учун, Қозоғистонда 15 йил олдин унга ўтилиши шарт бўлган. Ҳозир у ерда ҳатто биржаларда эркин муомалада бўлган ёки зарур қарзни молиялаштиришга эга бўлган ўрта корхоналар талайгина, сабаби бозорга МҲХС бўйича тушунарли ҳисоботни тақдим этишади.

Бизда бу жараёнларни ортиқ чўзиб бўлмайди. Шундоқ ҳам бу ишларга бизда кеч енг шимарилди. МҲХС асосидаги ҳисобот – бу асл мақсад эмас, балки маблағлар танқис бўлиб турган бир пайтда молиялаштириш учун воситадир. Ҳеч бир таҳлилчи маҳаллий инвесторга ҳам, хорижий инвесторга ҳам ноаниқ активларга пул киритишни маслаҳат бермайди.

МҲХСга ўтиш бўйича ҳамма қарорларни ҳам рисоладагидек деб бўлмайди. Регулятор, жараённинг қолган иштирокчилари каби, вазифалар кўлами ва уни ҳал қилишнинг алоҳида жиҳатларини босқичма-босқич тушуниб бормоқда.

Сўнгги ўн йилликлар давомида МҲХС талаб қилганидек, асосланган профессионал мулоҳазалар ишлаб чиқишга қодир бўлган юқори малакали бухгалтерларга эҳтиёжнинг мавжуд бўлмаганлиги, мамлакатдан ўқиган, зеҳни ўткир, ўз малакасини ватанида қўллай олмаган мутахассисларнинг чиқиб кетишига олиб келди. Оқибатда бугун молия хизматларининг раҳбарлик ёки шунчаки масъул лавозимларида ишлаш учун қиммат ҳақ оладиган қўшни мамлакатлардан экспатриантларни, яъни хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан қопланаётган кадрлар танқислиги кузатилмоқда.

 

– Корхонада МҲХСга ўтиш учун етарлича кадрлар салоҳияти мавжуд бўлмаган тақдирда нима қилинади?

– Ҳар қандай ҳолда, ҳар бир ташкилот (йирик ёки ўрта) МҲХС бўлимини ташкил этиши ва уни бозорда кимни топса, шулар билан тўлдиришига ёки қолган муддатда ҳеч бўлмаганда асосий қоидаларга ўқитишига тўғри келади. Уни жорий этиш самарадорлиги ва тезлигини ошириш учун, эҳтимол, профессионал маслаҳатчиларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлар. Масалан, Қозоғистон ёки Россиядан.

Малакали ёрдамни, ҳеч бўлмаганда, методологик ёрдамни аудиторлардан олиш мумкин. «Катта тўртлик»нинг барча компаниялари шундай хизматларни энг юқори даражада кўрсатади – бу аниқ.

Маслаҳатчиларга бунда нафақат муайян муддат учун ҳисобот тузиш, балки у жараёнда корхонанинг мутахассислари билан узвий ҳамкорлик қилиш вазифасини қўйиш зарур. Бу пировардида тайёрлаш жараёнини мутахассислар мустақил равишда қўллаб-қувватлашлари учун қилинади. Ишлаб чиқариш жараёни асносида ўқитиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

– Раҳбарият нима бўлганда ҳам бухгалтернинг зиммасига корхонада МҲХСни жорий этиш ваколатларини топширган тақдирда у қандай йўл тутсин? Қолаверса, бу борада унинг билим ва кўникмалари етарли эмаслигини ўзи ҳам тушуниб турса…

– Бу ҳолда нима ҳам дердим? Масалан, раҳбарият учун қуйидаги далилни таклиф қилишим мумкин: талабларининг бажарилиши бўйича техник стандартларга тенглаштирилган Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Ахлоқ-одоб кодекси бухгалтерга бажариш учун етарли ваколатга эга бўлмаган мажбуриятларни ўз зиммасига олишни тақиқлайди.

Маслаҳатчилар билан бўладиган барча учрашувларга раҳбариятни таклиф қилиш зарур – майли, мустақил манбалардан раҳбарият учун зарур нарсаларни олишсин.

 

Буларнинг барчаси вақтни талаб қилади. Ўтиш даврида бухгалтерия ҳисоби, ҳисоб-китоб ва солиқларни тўлаш нима бўлади?

– Бухгалтерия ҳисобини ҳеч ким бекор қилмаган.

МҲХС асосида кирувчи балансни тайёрлаш учун ўтиш санасида ушбу балансни БҲМС форматидан трансформация усули билан ўтказишга тўғри келади. Агар 2021 йил охирига қадар бухгалтерия ҳисоби дастурларини қўшимча созлаш уддаланмаса, 2021 йил учун дастлабки ҳисоботни ҳам трансформация усули билан тузишга тўғри келади.

Солиқларга келсак, корхона ҳисоботни БҲМС ёки МҲХС асосида шакллантиришидан қатъи назар, солиқ ҳисоботини тузишда Солиқ кодексига амал қилиш зарур.

 

Кўп ташкилотлар мазкур босқичда МҲХСни жорий этиш учун маблағ сарфлашга тайёр эмаслар.

– Профессионал хизматлар арзон бўлган вақтлар ўтди. Юқори малака арзон туриши мумкин эмас. Бухгалтерлар малакасини ошириш масаласида маблағларни тежаш амалиёти деярли бутунлай малакали мутахассисларнинг танқислигига олиб келди.

Фақат меҳнатга лозим даражада ҳақ тўлаш касбга иқтидорли ва мақсадга интилувчан инсонларни жалб қилиш имконини беради. Малака олиш – бу ўзига хос ўзига инвестиция киритиш: вақт ва пул, кўп вақт ва кўп пул сарфлашга тўғри келади. Ва мутахассис ушбу пул қўйилмаларини «қайтариб олиш»ни кўзлашга ҳақли. Жамиятимиз ҳам бундан фақат ютади: эришилган ривожланиш дастурларини молиялаштириш имконияти – бу янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринлари деганидир.

 

Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.

Прочитано: 476 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика