Корхона импорт қилинган товарларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади.
Импорт қилинган товарни божхона қийматидан паст нархда реализация қилиш чоғида фойда солиғи бўйича ҚҚСга ўхшаш солиқ оқибатлари юзага келадими?
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ базаси ушбу товарларни импорт қилиш чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас. Импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун база божхона қийматигина ҳисобланмайди, унга божхона божи ва акциз солиғи (ҳисобланган бўлса) ҳам киради (СК 248-м. 5-қ., 254-м. 1-қ.). Товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси импорт қилиш чоғидаги солиқ базасидан паст бўлиб чиқса, корхона ушбу фарқдан ҚҚСни ўз ҳисобидан тўлаши лозим.
Фойда солиғи бўйича шунга ўхшаш оқибатлар юзага келмайди. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқараётганда товарларни сотишдан олинган даромад жами даромад таркибига киритилади, товар таннархи эса чегириб ташланадиган харажатларга киради (СК 297-м. 3-қ., 305-м.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.