Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 36 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Буюртмачида эътирозлар бор: пудратчи нима қилсин

 

Бош пудратчи (ЯСТ тўловчи) шартнома ва ЛСҲга мувофиқ бинони таъмирлади. Буюртмачи бажарилган ишларни қабул қилмаяпти ва иш учун берилган қурилиш материаллари, авансни қайтаришни, шунингдек объектни таъмирлашгача бўлган ҳолатга қайтаришни талаб қиляпти. Жарима ҳам ундиришини айтиб, пўписа қилмоқда. Бу қонунийми?

Буюртмачи талабларига розилик билдирсак, буни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш, қандай ҳужжатлар билан расмийлаштириш керак?

2017 йил IV чорагида бажарилган ишлардан олинган даромаднинг бир қисмини тан олган ва ундан ЯСТ тўлаган бўлсак, бу солиқ солишга қандай таъсир кўрсатади?

Ҳаммасини ишлатиб бўлган бўлсак, қурилиш материалларини нима қилишимиз керак?

 

Розилик беришга шошилманг

Буюртмачининг ишларни қабул қилишдан бош тортиш ва даваль материалларни қайтариш хусусидаги эътирозларига розилик билдиришдан аввал ушбу вазиятни қандай тартибга солиш мумкинлигини кўриб чиқамиз. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қурилиш соҳасини тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар қуйидагилардир:

● Фуқаролик кодекси (37-боби 1, 3-§§);

● Шаҳарсозлик кодекси (ШК);

● Ягона қурилиш регламенти (ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 229-сон қарорига 3-илова);

● шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;

● «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун.

 

1-вариант

Корхонангиз (пудратчи) ва буюртмачи қурилиш пудрати шартномасини туздилар, у юқорида кўрсатилган нормативлар билан тартибга солинадиган қонунчилик талабларига жавоб бериши керак (ФКнинг 666–685-моддалари).

Шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларни жавобгарликка тортиш чоралари албатта қайд этилган бўлиши керак.

Ишлар тугалланганда пудратчи улар тайёрлиги ва қабул қилиш зарурлиги ҳақида ўз вақтида хабарнома жўнатиши керак (почта, телеграф, электрон почта, шартнома реквизитларида кўрсатилган манзилга курьер орқали). Бунда шартномага мувофиқ пудратчи буюртмачига имзолаш учун Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномасини тақдим этиши керак.

Буюртмачи хабарномангизга ўз вақтида жавоб бермаса ёхуд рад жавоби берса, бир тараф (пудратчи) имзолаган, буюртмачи ишни қабул қилишдан бош тортганлиги кўрсатилган ушбу ҳужжатлар шартномани ижро этиш муносабати билан сиз қилган харажатлар ва буюртмачидан тўғри аванс олганлигингиз исботи бўлиб хизмат қилади (ФКнинг 680-моддаси).

Бундан ташқари, пудратчи ишларни ўз вақтида бажармаганлик учун эҳтимолий жарима ва пенялардан муайян даражада суғурталанади.

Масалани судгача ҳал қилишнинг барча чораларини кўрганингизда ҳам тарафлар келишувга эришмасалар, ўз ишингизни шартнома шартларига мувофиқ сифатли бажарилган деб ҳисобласангиз, буюртмачи устидан иқтисодий судга даъво аризаси беришингиз мумкин.

Бундан ташқари, судда корхонангиз буюртмачидан шартномани бажармаганлиги учун кўрган зарарларини қоплашни талаб қилишга ҳақли («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси). 

 

2-вариант

Пудратчи буюртмачининг эътирозларига рози бўлади ва ўз ишини сифатсиз бажарганини, бошқача айтганда бракка йўл қўйганини тан олади. Буюртмачи қурилиш ишлари реализация қилинганини тасдиқловчи ҳужжатни (ҳисобварақ-фактура) имзоламади. Қилинган харажатлар 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида ҳисобга олинди.

Сифати бўйича белгиланган стандартлар ёки техник шартларга мувофиқ келмайдиган бажарилган ишлар натижаси қурилишдаги брак деб тан олинади. Улардан бевосита мақсадга кўра фойдаланиб бўлмайди ёки фақат тузатилгандан кейин фойдаланса бўлади. Ички (буюртмачига ишлар топширилгунча пудратчи томонидан аниқланади) ва ташқи (буюртмачи ёки бошқа ваколатли вакил томонидан аниқланади) брак бўлиши мумкин. Аниқланган брак, шунингдек уни тузатиш харажатлари С-11-сон шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилади ва 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» счётида ҳисобга олинади.

Уларга қуйидагилар киради:

а) сифати бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари, техник шартлар, қурилиш нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ келмайдиган қурилиш-монтаж ишлари;

б) илгари барпо этилган, ишларнинг кейинги босқичини бажариш давомида объект қисмлари ва конструкцияларига шикаст етказиш;

в) сифатсиз бажарилган бошқа ишлар.

Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотларни ҳисобга олувчи счётлар (2610-счёт) бўйича харажатлар моддалари ва брак сабабларига қараб аналитик ҳисоб юритилади.

Фикримча, бухгалтер учун ушбу операцияни бухгалтерия маълумотномаси билан изоҳлаш лозим, кейинчалик у бундай операция сабаби ва оқибатини эслашда ёрдам беради.

Демонтаж қилиш вақтида юзага келган, фойдаланилган мол-мулкни (металл буюмлар, ғишт, тахта-ёғоч ва ҳ.к.) омборга қабул қилиш далолатномасини тузишни унутманг. Демонтаж қилиш чоғида олинган материаллар қийматини аниқлаш мақсадида инвентарлаш натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) материаллар учун назарда тутилган инвентарни баҳолаш усулини қўллаш мумкин (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 25-банди).

Демонтаж қилиш далолатномаси асосида 1090-«Бошқа материаллар» счёти дебети («Демонтаж қилингандан кейинги материаллар» ёрдамчи счётини очиш мумкин) ва 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» счёти кредити бўйича бухгалтерия проводкаси қилинади, бу хўжалик операциясидан кўрилган зарарни қисқартиради.

 

Қайтариладиган даваль материал

Даваль материаллардан фойдаланганда, пудратчида фойдаланилмаган материал қолган бўлса, шартномага мувофиқ уни қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра буюртмачига қайтариши лозим.

Сиз ишни ҳақиқатда (ҳужжатда) бутунлай (ёки қисман) брак деб тан олсангиз, брак деб тан олинган ишларда фойдаланилган даваль материални қайтариб беришингизга тўғри келади. Бунда ҳам даваль материалларни қайтариб бериш юзасидан шартнома шартларига эътибор қаратиш лозим.

Даваль материалларни қайтариб бериш зарур бўлганда, улар таъмирлаш учун қандай миқдорда ва сифатда берилган бўлса, шундай қайтаришингизга тўғри келади.     

Демак, худди шундай материалларни сотиб олиб ва кейинчалик уни буюртмачига бериб, қўшимча зарар кўрасиз. Худди шундай материал буюртмачига бериш учун сотиб олиниши ҳисобга олинса, у кейинчалик текинга бериш учун мўлжалланган товар аломатларига эга бўлиб қолиши мумкин. Бундай операция ҳадя шартномаси (ФКнинг 504-моддаси) ва ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади.

ТМБнинг бундай чиқиб кетиши товарларни текинга бериш деб баҳоланади, бунда уларни олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг таннархи ёки олиш баҳоси ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база бўлади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Яъни ташиш чиқимлари билан бирга олиш баҳосида текинга берилган товарга 5%лик ставкада солиқ тўлашга тўғри келади.

Энг мақбул вариант – воз кечиш ҳақида келишув тузиш (ФКнинг ­250-моддаси), бунда буюртмачига ТМБни қайтариш ўрнига пул маблағларини тўлаш мумкин бўлади. 

 

Ҳажмларга тузатиш киритиш

Буюртмачи қисман қабул қилган иш ҳажми, иккала томон тасдиқлаган ва имзолаган ўтган ҳисобот даврлари учун ҳисобварақ-фактура (реализация қилишдан тушум) мавжуд.

Пудратчи бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларни қабул қилишдан воз кечганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган ялпи тушумга тузатиш киритишни назарда тутувчи Солиқ кодексининг 357-моддаси ­4-бандига амал қилиб, ҳажмларга тузатиш киритиш мумкин.

Бир йил ёки, товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддати белгиланган бўлса, шу муддат доирасида солиқ солинадиган тушумга тузатиш киритилади. У қўшимча ҳисобварақ-фактура ёки солиқ даврида кўрсатилган ҳолатлар юз берганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси).

Бош пудратчи 2017 йилнинг IV чорагида ишларни қабул қилган, 2018 йилда эса ҳажмни камайтирган бўлса, 2018 йилда камайтириладиган ҳажмга қўшимча ҳисобварақ-фактура ёзишингиз ва жорий йилдаги тушумга тузатиш киритишингиз зарур.

Унда қуйидаги маълумотларни кўрсатиш керак:

1) унинг рақами ва тузилган санаси;

2) уни тўлдиришда зарур бўлган, Солиқ кодекси 222-моддасининг ­1-қисмида назарда тутилган реквизитлар;

3) тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;

4) ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда солиқ солинадиган базага тузатиш киритиш миқдори (салбий ёки ижобий);

5) суммага тузатиш киритиш миқдори (салбий ёки ижобий) (ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаслигингиз боис «ҚҚС» устунида «ҚҚСсиз» деб кўрсатиш лозим).

 

Бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

«Рад этилган» бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобини қўшимча киритилган ­9041-«Бажарилган ишларни рад этиш» счётида юритиш мумкин. У асосий (операцион) фаолиятдан даромадларни ҳисобга олувчи счётлар гуруҳида контрпассив счёт ҳисобланади. Унинг дебет айланмаси бажарилган ишларни реализация қилишдан олинган даромадни камайтиради.

ЯСТ тўловчи бажарилган ишлар реализация қилиниши ва қайтарилишини қуйидаги ёзувлар билан акс эттириши мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Буюртмачидан олдиндан тўлов олинди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»

 

Бажарилган ишлар қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

Реализация қилишдан олинган даромад акс эттирилди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Буюртмачининг бажарилган ишларни қабул қилишдан бош тортиши

 

9041-«Бажарилган ишларни рад этиш»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

Буюртмачи қабул қилмаган ишларнинг таннархи

 

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

Даромадга тузатиш киритиш

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

9041-«Бажарилган ишларни рад этиш»

 

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган даромадга улар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда тузатиш киритиш кўрсатилган ҳоллар юз берган солиқ даврида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 357-моддаси). Тегишинча, 2017 йил учун ЯСТга тузатиш киритиш керак эмас, сабаби 2018 йилда тузатиш суммасига камайтирилган ҳажмдан ЯСТ тўлайсиз.

 

Надежда ИРГАШЕВА,

бош бухгалтер.

 

Прочитано: 91 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика