«Тошкент-АЭРО» ИБК ва «Тошкент халқаро аэропорти» чегара-божхона пости ходимлари ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтишларнинг олдини олишди.
«Истанбул-Тошкент» авиарейси билан учиб келган М.С. «қизил» йўлак орқали ҳаракатланиб, қўл юки ва багажларига яширилган салкам 30 млн сўмлик 1,9 кг дан ортиқ кумуш тақинчоқларни юртимизга олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
П.А. эса Истанбулга парвози олдидан «Тошкент» халқаро аэропортининг умумий учиб кетиш залидаги «қизил» йўлак орқали рухсат этилган меъёрдан (5 минг АҚШ доллари) ортиқча бўлган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилинмаган 4 625 АҚШ долларини яширганлиги аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, республикамизда доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларидан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади.
2 000 АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлмаган эквивалентдаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишда эса уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.
Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиш учун тегишли банк рухсатномаси талаб этилади.
Шунингдек, республикамизга айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларига кўра, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини 65 граммгача олиб киришга рухсат этилади.
* * *
Амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан республикамизга божхона чегараси орқали 3 донагача атир ва атирсимон суюқликларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.
Самарқанд халқаро аэропортига «Внуково-Самарқанд» авиарейси билан учиб келган ўзбекистонлик Н.М. эса божхона назоратидан ўтишда «яшил йўлак» орқали ҳаракатланар экан, унинг багаж ва қўл юкларида республикамизга олиб кириш меъёрларидан ортиқча товарлар йўқлигини маълум қилади. Лекин юклари божхона назоратидан ўтказилганда қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 5 млн сўмни ташкил этадиган 10 турдаги атирлар яширилгани маълум бўлди.
Ушбу шахс содир этган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича суд тегишли қарорни қабул қилди: инсонпарварлик принципига таяниб, юқоридаги Кодекснинг 21-моддасига асосан Н.М. маъмурий жавобгарликдан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида қиймати 14,1 млн сўмлик 1 194 дона парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб кирилишининг олди олинган.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.