«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун (14.05.2014 йилдаги ЎРҚ-371-сон) билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг турлари, бундай профилактикани амалга оширувчи мутасадди ташкилотлар ва уларнинг мазкур йўналишдаги ҳуқуқлари, ваколат ҳамда мажбуриятлари белгилаб берилган.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда профилактиканинг ўрни
«Профилактика» сўзи «олдини олиш» деган маънони англатади. Шундан кўриниб турибдики, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси улар юзага келишига сабаб бўлувчи омилларни аниқлаб, уларга ўз вақтида барҳам беришни назарда тутади.
Азал-азалдан қадимги Юнонистон, Рим, Миср ва Осиё мамлакатлари цивилизациясининг турли босқичларида ҳам давлатчилик муайян қонун-қоидалар, урф-одатлар асосида тартибга солинган. Бу меъёрларга амал қилмаганлар тегишли тарзда жазоланган ҳам. Ҳукмдорлар томонидан чиқарилган қонунлар бутун халқ билиши ва уларга амал қилиши учун кенг омма нигоҳи тушадиган жойларга махсус тайёрланган тошлар, металл пластинкаларга ўйиб ёзилган.
Ўрта Осиёда ХIV асрнинг 70-йилларида марказлашган давлатга асос солган буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз салтанатини қатъий белгиланган қонунлар асосида бошқарган. Унинг салтанатидаги бошқарув тартиби қандай йўлга қўйилганлиги қуйидаги сўзларидан маълум бўлади: «Салтанат мартабасини қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди».
Қадимда ҳуқуқбузарларни жазолашга ҳам ўзига хос тарзда ёндашилиб, жазо чоралари кенг омма кўз ўнгида амалга оширилган. Ҳозирги кунда ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ишларни кўриб чиқиш, ҳуқуқбузарларга жазо тайинлаш жамоатчилик олдида – сайёр мажлисларда амалга оширилаётгани ҳар қандай ғайриижтимоий хулқ-атворнинг келгусида урчиб кетиши олдини олади, кишиларда жиноятга жазо муқаррарлиги бўйича фикрларни шакллантиради. Бу эса ҳуқуқбузарлик профилактикаси ишида ўзини оқлайдиган усулдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда ҳуқуқбузарларга нисбатан фақатгина жазо тайинлашни назарда тутмасдан, қонунийлик, инсонпарварлик, адолатлилик принципларига риоя қилиш устуворлик касб этмоқда. Ҳуқуқбузарликда гумон қилинган шахснинг айби қонунчиликда белгиланган тартибда исботланмагунча уни айбдор деб топмаслик (айбсизлик презумпцияси), фуқароларга ўзларининг айбсизликларини исботлаш учун барча шароитларни яратиб бериш, қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилаётир. Ҳуқуқбузарнинг айби қонуний асосда ўз исботини топган тақдирда ҳам, унга нисбатан жазо тайинлашда инсонпарварлик принципларига амал қилган ҳолда оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинаётир.
Бундан ташқари, қонунчиликни либераллаштириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон қарори билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» деб эълон қилинди ва шундан келиб чиқиб, профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Халқимизнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтириб келиняпти. Бу ишларимизнинг барчаси вилоятимизда касаллик иситма чиқармаслиги – ҳуқуқбузарликлар содир этилмаслигига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Анвар ҚУРБОНОВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси суриштирувчиси.
Дарвоқе
ЎзА ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра жорий йилнинг 6 ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги 495 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмаган.
Содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 40,2 фоизга, қотиллик 39,5 фоизга, босқинчилик 12,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 27,4 фоизга, талончилик 62,5 фоизга, фирибгарлик 49,2 фоизга, ўғирлик 45 фоизга, безорилик 72,9 фоизга, автотранспорт воситасини олиб қочиш 33,3 фоизга камайган.
Аҳоли билан амалга оширилган манзилли ишлар натижасида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 12,8 фоизга камайган бўлиб, улар иштирокида Булунғур, Нарпай, Нуробод, Тайлоқ ва Қўшработ туманларида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.