Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 36 / Божхона

25 млн сўмлик ноёб тангалар, 1 кг марихуана ва ҳужжатда йўқ кулерлар

 

Республикамиз божхоначилари чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида сергак туриб иқтисодий манфаатларимизни ҳимоя қилганликлари туфайли сўнгги кунларда бир қатор қоидабузарликларни аниқлашга муваффақ бўлишди.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. «Арк-булоқ» ТИФ божхона постида пойтахтимиздаги МЧЖлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган кулер – ичимлик суви учун мўлжалланган аппаратлар ҳужжатларда кўрсатилганидан 90 донага кўплиги фош қилинди. Ушбу товарларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 63 млн сўмни ташкил қилмоқда ва бу ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.

«Бош почтамт» ТИФ божхона пости. Мазкур постда тангаларнинг почта жўнатмалари орқали юборилишига доир ҳолат аниқланди. Уларнинг айримлари яратилганига 50 йилдан ошгани боис маданий бойликлар сирасига киради.

Россия Федерациясидан Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи Б.А. номига божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳолда 1922 йилдан 2018 йилга қадар турли йиллар ва турли давлатларда зарб қилинган кумуш, оддий, сувенир ва юбилей тангалар, шунингдек, 1961–1995 йилларда муомалага киритилган 12 дона қоғоз пул бирликлари почта жўнатмаси орқали юборилган экан.

Мазкур пул бирликларининг дастлабки қиймати тахминий ҳисоб-китобларга кўра 25,5 млн сўмга баҳоланган.

Эслатма: амалдаги тартиботларга кўра, хорижий фуқаролар (шу жумладан хорижий дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бошлиқлари) ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистонга вақтинча олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак.

Маданий бойликларни почта жўнатмаларида юбориш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси. «Қорақалпоғистон» чегара-божхона постида «Бейнеў-Нукус» йўналишидаги йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганда Ж.С. томонидан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қарийб 11 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари вагондаги йўловчиларга майда-майда туркумларда тарқатилиб, яширин равишда олиб кирилмоқчи бўлган.

Шунингдек, Тўрткўл тумани ҳудудида қўшни давлатлардан ноқонуний равишда ёки кичик-кичик туркумларда олиб келиб, кейинчалик уларни ички бозорларда қайта сотиш мақсадида хонадонларда яширинча тўплаш ҳолатлари ҳам фош қилинди.

Ана шундай «омбор»лардан бири шу туманда истиқомат қилувчи Б.У.нинг хонадонида ташкил қилинган экан. Ушбу хонадон холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, бу ерда божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 27,5 млн сўмлик стоматологик воситалар ноқонуний сақланаётгани аниқланди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт воситалари давлат эгалигига ўтказилди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси. «Қўқон» ТИФ божхона постида эса Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган МЧЖлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган қиймати 16,2 минг АҚШ долларига тенг бўлган 3 турдаги истеъмол товарларини божхонада расмийлаштириш жараёнида навбатдаги божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Мазкур товарларни божхона кўригидан ўтказиш давомида божхона юк декларацияси ва юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар ўртасида тафовутлар кўзга ташланди.

Хусусан, кўрик жараёнида қиймати 30,3 млн сўмлик 6 минг донадан ортиқ пуркаланадиган бўёқлар ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган бўлса, юклар орасидаги қора металлдан ишланган симлар сунъий равишда 1,5 тоннага кўпайтириб ёзилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбарига нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Эслатма: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси 1-қисмига биноан бу қилмиш учун товарлар мусодара қилиниб, фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.

Андижон вилояти божхона бошқармаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Улуғнор туманида олиб борган тезкор тадбир давомида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.

Тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишда гумонлангани боис кузатувга олинган Р.Ф. махсус харидорга 1 041,62 грамм оғирликдаги қуритилмаган нашани (марихуана) 100 минг сўм эвазига сотаётган вақтда тўхтатиб қолинди.

Суриштирувлар давомида Р.Ф. гўёки ушбу ўсимликларни Улуғнор тумани Мингчинор маҳалласидаги очиқ дала майдонларидан териб олганлигини маълум қилди.

Асл ҳақиқат эса тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари давомида аниқланади.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1039 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика