Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида жорий йилда мазкур олий таълим муассасасига қабул қилинган тингловчиларнинг «Ҳарбий ва божхоначи қасамёди»ни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда республика парламенти, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ота-оналар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимоячиси ҳисобланади. Соҳага тафаккури кенг, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаб беришда ОҲБИ ҳақиқий кадрлар беланчаги вазифасини ўтамоқда.
Олийгоҳда ҳозирги кунда «Божхона иши» ва «Божхона ҳуқуқи» ихтисосликлари бўйича малакали божхоначи кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур ўқув даргоҳида таҳсил олган мингдан ортиқ божхоначи кадр ҳозирда республикамизнинг турли божхона органларида хизмат қилаётир.
Тадбирда сўзга чиққан ДБҚ раиси М.Азимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймонов, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси раиси Д.Кудриддинов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олижаноб ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.
Бугунги кунда ОҲБИ битирувчилари йўловчилар божхона расмийлаштирувини ташкил этиш, криминалистика техникаларида ишлашни ўрганмоқдалар. Интерактив электрон ўқув дастурлари билан таъминланган синфлар, божхона постининг моделлаштирилган ўқув аудиторияси, хорижий тилларни ўрганишга мўлжалланган лингафонли аудиториялар, ҳарбий машғулот хоналари, божхона экспертизаларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий восита ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, автомобиль тайёргарлиги бўйича махсус ўқув тренажёрлари ҳамда транспортда амалий машқлар ўтказиш синфлари ёш божхоначиларнинг хизматида. Тренинг машғулотларини амалиётга яқинлаштириш мақсадида ўқув майдончаси темир йўл вагони, автобус, фура ва контейнерлар билан жиҳозланган. Олийгоҳда, шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси, тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти ва бошқа зарур иншоотлар ҳам мавжуд.
Тантанали тадбир ОҲБИ тингловчилари томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.
ДБҚ Ахборот хизмати.