Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 36 / Жавоб берамиз

Мен уйимнинг эгасиманми?

 

Менинг номимда бўлган, яшаб турган уйимиз 1991 йил 23 декабрда Техник инвентаризация бюроси орқали ҳужжатлаштирилган. 2000 йил 19 августда ушбу уй-жой қайтадан инвентаризация қилинди. Кейинчалик бу ерда янги уй-жойлар қурдим ва 2014 йилда кадастр ҳужжатларини олдим. Бугунга келиб, ушбу уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқи тикланмаган дейилмоқда, ваҳоланки, ТИБ ҳужжатида ҳам, кадастр ҳужжатларида ҳам эгаси ва фойдаланувчи сифатида менинг номим кўрсатилган. Уй бугунги кунда низоли ҳисобланиб, эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат берилмаяпти.

1991 йилда мавжуд бўлган Техник инвентаризация бюросининнг ҳужжатлари ўзининг ҳуқуқий кучини йўқотганми? Аввалги ТИБ қачондан бошлаб кадастр хизматига ўзгартирилган?

Даврон Саидмуродов.

 

– Техник инвентаризация республика ва ҳудудий кадастр бюролари 1993 йилда ташкил қилинган Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ВМнинг 22.07.1993 йилдаги 371-сон қарори) ҳузурида бўлган. Кейинчалик ТИБ ўрнига ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматлари фаолият кўрсата бошлади (Президентнинг 24.07.1998 йилдаги ПФ-2059-сон Фармони).

Ҳозирда бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини ҳамда улар юзасидан битишувларни давлат рўйхатидан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туманлар (шаҳарлар)даги филиаллари томонидан амалга оширилади (ВМнинг 2.06.1997 йилдаги 278-сон қарорининг 3-банди).

1991 йилда мавжуд бўлган Техник инвентаризация бюроси томонидан ўтказилган техник инвентаризация ҳамда уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тузилган тақдирда ўзининг юридик кучини сақлаб қолади.

Ўзбекистон ССРнинг қонун ҳужжатлари амал қилган даврда тузилган инвентаризация-техник материаллар, агар уларнинг матнида тўғри расмийлаштирилган, уйга мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатга аниқ ишора бўлса, бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилиниши керак (ВМнинг 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарорига 1-илованинг 43-банди мазмунидан келиб чиқиб).

Агар сиздаги уй-жой ҳужжатида мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатга аниқ ишора қилинган бўлса, сиз судда ушбу важни асос қилиб уйга бўлган мулк ҳуқуқини тиклашга эришишингиз мумкин.

Уйга бўлган мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларга:

● давлат ҳокимияти органларининг қарорлари;

● бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи қонуний кучга кирган суд қарорлари ва ажримлари ёки ҳакамлик судининг қарорлари;

● мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги ва мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар;

● нотариал тасдиқланган: олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, мулкни бўлиш, кўчмас мулкни умрбод таъминлаш шарти билан бошқага ўтказиш шартномалари; иморат солиш тўғрисидаги, шахсий мулк ҳуқуқида уйларни қуриш учун ер участкалари бериш тўғрисидаги, якка тартибдаги иморат солувчилар уй-жой қурилиши жамоаларига уйларни қуриш учун ер участкалари бериш тўғрисидаги, эр-хотин ўртасида уйларни бўлиш тўғрисидаги шартнома ва бошқалар киради (1-сон ВМҚнинг ­43-банди).

 

Жамолиддин ВАККАСОВ, «Normа» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1092 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика