Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 36 / Жавоб берамиз

ФҲШ бўйича тўловлардан даромад солиғи

 

Жисмоний шахс ва юридик шахс бухгалтерия ҳисобини тиклаш ва юритиш хизматларини кўрсатиш учун 1 йил муддатга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани туздилар.

1. Юридик шахс кўрсатилган бухгалтерия хизматлари учун ҳақ тўлаётганда жисмоний шахсдан ЖШДС ушлаб қолиши керакми? Агар керак бўлса, қандай ставкада: шкала бўйича умумий тартибдами ёки энг юқори ставкадами?

2. Ҳақ ҳар ойда эмас, балки ишлар бажарилишига қараб (масалан, чоракда 1 марта ёки ойда 2 марта бўлиши мумкин) расмийлаштириладиган бажарилган ишлар далолатномаси асосида тўланса, шкала бўйича ЖШДСни қандай ушлаб қолиш мумкин?

3. Жисмоний шахс тўлов манбаида ЖШДСни ушлаб қолмаслик ҳақида юридик шахс бухгалтериясига ариза бериб, солиқни декларация асосида ДСИга тўлаши мумкинми?

4. Жисмоний шахс ўз хизматлари учун аванс олиши мумкинми? Тўлов манбаида ЖШДС қандай ушлаб қолинади, зеро аванс кўрсатилган хизмат учун ҳақ ҳисобланмайди?

 

1

Ҳа, корхона фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартнома (ФҲШ) бўйича бажарилган иш учун жисмоний шахсга ҳақ тўлаётганда ЖШДСни ушлаб қолиши шарт. Жисмоний шахс солиқни энг юқори ставкада ушлаб қолиш тўғрисида ариза бермаган бўлса, у шкала бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

Предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган ФҲШга мувофиқ жисмоний шахсларга (якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар бундан мустасно) тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради (Солиқ кодексининг ­172-моддаси ­2-қисми). Уларга ЖШДС, суғурта бадаллари, ШЖБПҲга ажратмалар ва ЯИТ солинади. Солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти тўлов манбаи – корхона зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 172, 186, 306-моддалари).

Асосий бўлмаган иш жойидан ЖШДС Солиқ кодексининг ­179-моддаси 1-банди 4-хатбошиси ва ­180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда, жами даромад суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Солиқ белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланишига қараб, йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 8-қисми).

Даромад тўлайдиган корхона асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани ҳисобот йили тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органига тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси). Ўз навбатида асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахс жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 192-моддаси).

ФҲШ бўйича ишларни бажараётган жисмоний шахс бухгалтерияга бу ҳақда ариза берган бўлса, ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 186-моддаси). Бу ҳолда корхона асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олаётган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ органларига маълумотнома тақдим этмайди, жисмоний шахс эса ўз даромадларини декларациялаши шарт эмас.

 

2

Жисмоний шахсга иш ҳақи тарзида ҳисобланиши лозим бўлган, қиймати кўрсатилган бажарилган ишлар далолатномаси иш ҳақи ҳисоблаш учун асос бўлади.

Ҳисоблашни бажарилган ишлар далолатномаси санасига мувофиқ келадиган ойда амалга оширинг.

 

МИСОЛ. Дастлабки бажарилган ишлар далолатномаси июнь ойининг ўртасида расмийлаштирилди, у бўйича 1 000 минг сўм тўланиши керак. ЖШДСни ушлаб қолаётганда январь–июнь учун шкалани қўллаш лозим. Ушбу шкала бўйича 1 033 440 сўмгача (172 240 х 6) бўлган суммага ноль даражали ставкада солиқ солиниши сабабли 1 000 минг сўмдан ЖШДС нолга тенг бўлади.

Ушбу суммадан ШЖБПҲ ҳам ушлаб қолинмайди.

Суғурта бадаллари: 1 000 000 х 8% = 80 000 сўм.

Июнь учун тўланадиган сумма: 1 000 000 – 80 000 = 920 000 сўм.

Июлда 2 та – 1 500 минг сўмлик ва 1 820 минг сўмлик далолатнома расмийлаштирилди. Июль учун умумий сумма – 3 320 минг сўм. ЖШДС ушлаб қолаётганда 2 ойлик жами даромад – 4 320 минг сўмга (1 000 + 3 320) январь–июль учун шкалани қўллаймиз:

(4 320 000 – 172 240 х 7) х 7,5% = 233 574 сўм.

ШЖБПҲ: (4 320 000 – 172 240 х 7) х 2% = 62 286,4 сўм.

Суғурта бадаллари: 3 320 000 х 8% = 265 600 сўм.

Июль учун тўланадиган сумма: 3 320 000 – 233 574 – 265 000 = 2 820 826 сўм.

Кейинги далолатнома, айтайлик, сентябрда расмийлаштирилса, далолатнома суммаси жами даромадга киритилади ва юқорида кўрсатилган тартибда январь–сентябрь учун шкала бўйича солиқ солинади.

 

Даромад тўланаётганда ЖШДС бюджетга тўланади.

ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг ­25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тўланади (Солиқ кодексининг ­310-моддаси).

 

Эътибор беринг!

Корхонада белгиланган иш кунларига тўғри келадиган ФҲШ амал қиладиган кунларда ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаётганда корхонадаги барча ходимлар бир ойда ҳақиқатда ишлаган кунлар сони ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. ФҲШ 2018 йилнинг 1 январидан 31 декабригача тузилган. Корхонада ҳафтасига 5 кунлик иш режими белгиланган.

Бир ойда барча ходимлар ҳақиқатда ишлаган кунлар сонига қараб ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқараётганда январда 21 иш куни, февралда 20 иш куни эканлигини инобатга олиш, ФҲШ амал қилиши тўхтагунга қадар ана шу йўсинда ёндашиш лозим.

 

3

Йўқ, жисмоний шахснинг ФҲШга мувофиқ олган даромадлари ариза асосида тўлов манбаида солиқ солишдан озод қилиниши мумкин эмас.

Меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўлаётгандагина корхона ариза асосида ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳақли (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Бунда жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромаддан декларация асосида солиқ тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 189-моддаси).

ЖШДСнинг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган солиқ агенти – корхонанинг зиммасида бўлади. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ ­пеняни бюджетга тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 185-моддаси).

 

4

ФҲШда назарда тутилган бўлса, аванс (олдиндан тўлов) тўланиши мумкин.

ФҲШ бўйича тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради, шу сабабли уларга нисбатан худди шундай тўлаш ва солиқ солиш қоидалари қўлланилади.

Солиқ кодексида аванс деганда ойнинг биринчи ярми учун ЖШДС тўламасдан ходимларга тўланадиган, кейинчалик ҳар ой якунлари бўйича солиқлар ушлаб қолинадиган тўлов тушунилади (Солиқ кодексининг 188-моддаси).

Ҳали бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланмаган маблағларни тўласангиз ҳам, ушбу нормаларга риоя этишингиз зарур.

 

Масалан, авансни январда тўлаб, бажарилган ишлар далолатномасини эса апрелда расмийлаштирсангиз, январь учун тўловлардан солиқларни январда ушлаб қолиш зарур.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1269 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика