МЧЖ устав фондини унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан камайтириш улушларининг бошланғич ва кейинги (таъсис ҳужжатларига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказишдаги) қиймати ўртасидаги фарқни уларга тўлашга асос бўладими? Ёки бу жамият соф активлари қиймати камайтирилиши, МЧЖдан унинг иштирокчилари чиқиши ёки чиқариб юборилиши ва ҳ.к. оқибатими?
А.Мавлонов.
– Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият устав фондини унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан камайтириш ҳар доим ҳам улушларнинг бошланғич ва камайтирилган қиймати ўртасидаги фарқни уларга тўлашга асос бўла олмайди.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунда жамиятнинг ўз иштирокчиларига ушбу фарқни тўлаш мажбурияти тўғридан-тўғри назарда тутилмаган. Айни пайтда Қонуннинг тегишли нормалари таҳлилидан келиб чиқишича, муайян ҳолларда бундай тўлов тўланиши мумкин. Қандай ҳолларда жамият УФ камайтирилиши мумкин ёки шарт?
Қонуннинг 19-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ушбу ҳужжатда назарда тутилган ҳолларда жамият ўз УФни камайтиришга ҳақли1. Уни камайтиришнинг қуйидаги усуллари мавжуд (уларни бирлаштириш ҳам мумкин):
иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш;
жамиятга тегишли улушларни сўндириш.
Бундан кўринганидек, жамият УФни ихтиёрий ёки мажбурий тартибда камайтиради.
Қуйидаги ҳолларда УФни албатта камайтириш зарур:
● жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан у тўлиқ тўланмаган тақдирда. Бунда МЧЖ ўзининг УФни амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши лозим (Қонуннинг 19-моддаси 4-қисми);
● агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин МЧЖ соф активларининг қиймати УФдан кам бўлиб қолса (Қонуннинг 19-моддаси 5-қисми). Бу ҳолда жамият уни соф активлари қийматига мувофиқлаштириш учун камайтиради2;
● унга ўтган улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш учун МЧЖ соф активларининг қиймати билан унинг УФ миқдори ўртасидаги фарқ етишмаётганда (Қонуннинг 22-моддаси 10-қисми);
● ўз УФдаги МЧЖга қарашли бўлган, белгиланган муддатда тақсимланмаган ёки сотилмаган улушлар (уларнинг бир қисми) сўндирилганда (Қонуннинг 23-моддаси 2-қисми).
Жамиятга қарашли улушларни сўндириш учун сўндириш юзага келиши мумкин бўлган ҳолларни аниқлаш зарур. Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, қуйидагилар жамиятга ўтади:
● учинчи шахсларга сотиш тақиқланган ва бошқа иштирокчилар уни олишни рад этган ёки исталган шахс фойдасига воз кечишга розилик бериш рад этилган (агар бундай розилик олиш зарурати МЧЖ уставида назарда тутилган бўлса), жамият олаётган иштирокчининг улуши (улушининг бир қисми);
● уни таъсис этиш чоғида УФга ўз ҳиссасини ўз муддатида тўлиқ миқдорда қўшмаган иштирокчининг улуши;
● УФга ҳисса сифатида ундан фойдаланиш муддати ўтгунга қадар МЧЖга берилган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилган тақдирда пул товонини муддатида тақдим этмаган иштирокчининг улуши;
● агар МЧЖ уставида назарда тутилган бўлса, иштирокчи улушининг ҳиссанинг тўланмаган қисмига ёки пул товони суммасига (қийматига) мутаносиб қисми;
● МЧЖдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган иштирокчининг улуши;
● вафот этган иштирокчи – жисмоний шахс ёки қайта ташкил этилган (тугатилган) иштирокчи – юридик шахснинг улуши, агар қолган иштирокчилар улушнинг вафот этганнинг меросхўрларига, қайта ташкил этилган иштирокчининг ҳуқуқий ворисларига ёки тугатилган юридик шахснинг иштирокчиларига ўтиши ёки тақсимланишига розилик беришни рад этсалар (агар уставга мувофиқ бундай розилик олиниши зарур бўлса);
● жамият томонидан қарздор иштирокчи улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати унинг кредиторлари талабига биноан тўланган тақдирда, қарздор иштирокчи улуши ҳақиқий қийматининг бошқа иштирокчилар томонидан тўланмаган қисми (суднинг қарорига асосан ундирув улушга ёки унинг бир қисмига қаратилганда).
Ушбу барча ҳолларда МЧЖ ундан чиққан, чиқариб юборилган иштирокчи ёхуд улуш ёки унинг бир қисмининг бошқа собиқ эгаси, шунингдек жамият иштирокчисининг юқорида кўрсатилган меросхўрлари, ҳуқуқий ворислари ва тугатилган юридик шахс иштирокчиларига ушбу улушнинг (унинг бир қисмининг) ҳақиқий қийматини3 тўлаши ёки уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (иштирокчининг кредиторлари бундан мустасно).
Тўловни тўлашдан олдин МЧЖ бунинг учун пул маблағлари (бошқа мол-мулк) борлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Улушнинг ҳақиқий қиймати соф активларнинг қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади (Қонуннинг 22-моддаси 10-қисми).
1-МИСОЛ. 14.04.2016 йилда МЧЖ учта иштирокчининг биридан жамият таркибидан чиқиш ҳақида ариза олди. УФ 100 млн сўмни ташкил этади, чиқаётган иштирокчи улушининг номинал қиймати – 20 млн сўм, қолаётган иштирокчиларнинг улушлари эса – тегишинча 60 млн сўм ва 20 млн сўм (ҳаммаси тўлиқ миқдорда тўланган). 1.04.2016 йилдаги ҳолатга кўра МЧЖ соф активлари қиймати 250 млн сўмга тенг. Чиқиб кетаётган иштирокчининг УФдаги улуши 20%ни ташкил этади (20 млн сўм / 100 млн сўм х 100%). Тегишинча, унинг ҳақиқий қиймати – 50 млн сўм (250 х 20%). Ушбу қиймат соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади, у 150 млн сўмни (250 – 100) ташкил этади.
Бир йилдан кейин УФ МЧЖга ўтган улушни сўндириш йўли билан камаяди (агар у қолган иштирокчилар ўртасида тақсимланмаса ёки сотилмаса) ва унинг миқдори 80 млн сўмни (100 – 20) ташкил этади. Қолган иштирокчилар улушларининг номинали сақланиб қолади: 60 млн ва 20 млн сўм, уларнинг нисбати эса ошади (25%га 75%).
Агар чиқиб кетаётган иштирокчи ҳиссани тўлиқ киритмаган бўлса, нима қилиш керак?
2-МИСОЛ. МЧЖнинг УФ – 75 млн сўм, иштирокчиларидан бирининг улуши – 7,5 млн сўм (УФнинг 10%и). Иштирокчи 6 млн сўм миқдорида (тўлиқ эмас) ҳисса киритган. Улушнинг тўланган қисми 8%ни ташкил этади (6 млн сўм / 75 млн сўм х 100%).
17.07.2016 йилда у чиқиш ҳақида ариза берди. 1.07.2016 йилдаги ҳолатга кўра МЧЖ соф активлари қиймати 220 млн сўмга тенг. У тўлаган улуш қисмининг ҳақиқий қиймати – 17,6 млн сўм (220 х 8%).
Агар юқорида кўрсатилган фарқ етарли бўлмаса, МЧЖ улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш чоғида УФни етишмаётган суммага камайтириши шарт (Қонуннинг 22-моддаси 10-қисми).
3-МИСОЛ. 200 млн сўм миқдоридаги МЧЖнинг УФ қуйидаги иштирокчиларнинг тўлиқ киритилган ҳиссаларидан иборат (номинал қиймати):
А – 100 млн сўм (50%);
В – 60 млн сўм (30%);
С – 40 млн сўм (20%).
22.07.2016 йилда МЧЖ А иштирокчисидан чиқиш ҳақида ариза олди. 1.07.2016 йилдаги ҳолатга кўра соф активлар қиймати 250 млн сўмни, А иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати – 125 млн сўмни (250 х 50%) ташкил этади. 50 млн сўмни (250 – 200) ташкил этувчи соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ чиқиб кетаётган иштирокчи улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш учун етарли эмас. Шу сабабли МЧЖ унга айни 50 млн сўмни тўлаши керак.
4-МИСОЛ. Худди шу МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши барча иштирокчилар улушларининг номинал қийматини камайтириб, УФни камайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳиссаларнинг ушбу қисми иштирокчиларга қайтарилмайди.
Чиқиб кетган иштирокчига улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш учун 75 млн сўм (125 – 50) етмаяпти. УФ камайтирилгандан кейин унинг миқдори 125 млн сўмни (200 – 75) ташкил этади.
УФни камайтириш натижасида қолган иштирокчилар ва жамият улушларининг миқдори ўзгармайди, ҳар бир улушнинг номинал қиймати эса камаяди. Чунончи, 50%ни ташкил этувчи жамият улушининг номинали 62,5 млн сўмга (125 х 50%) тенг бўлади. В ва С иштирокчилари улушларининг номиналлари эса тегишинча 37,5 млн сўмга (125 х 30%) ва 25 млн сўмга (125 х 20%) тенг бўлади.
5-МИСОЛ. МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши ундан А иштирокчиси чиқиб кетгани натижасида жамиятга ўтган улушнинг бир қисмини сўндириш йўли билан УФни камайтириш ҳақида қарор қабул қилди.
Улушнинг бир қисмини сўндириш ҳисобига УФ камайганидан кейин у қуйидаги номинал қийматга эга бўлган улушлардан таркиб топади:
жамиятнинг ўзиники – 25 млн сўм (100 – 75) ёки 20% (25 млн сўм / 125 млн сўм х 100%);
В иштирокчисиники – 60 млн сўм (48%);
С иштирокчисиники – 40 млн сўм (32%).
Агар жамият соф активларининг миқдори салбий миқдорни ташкил этса, улушнинг (унинг бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаб бўлмайди.
6-МИСОЛ. Агар соф активлар қиймати 180 млн сўмни ташкил этса, А иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати 90 млн сўмга (180 х 50%) тенг бўлади. Бироқ соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ минус 20 млн сўмни (180 – 200) ташкил этади ва МЧЖ чиқиб кетаётган иштирокчига бундай қийматни тўлашга ҳақли бўлмайди. Бу ҳолда улушнинг собиқ эгаси у киритган ҳисса қиймати доирасида зарар кўриш хавфи остида бўлади (Қонуннинг 3-моддаси 1-қисми).
Шу муносабат билан агар тўлаш (бериш) пайтида у қонунга мувофиқ банкротлик аломатларига жавоб берса ёки бундай қарорни қабул қилиш натижасида унда ушбу аломатлар юзага келса, Қонуннинг 22-моддасини жамиятнинг УФдаги улуш (унинг бир қисми) ҳақиқий қийматини тўлаш ёхуд худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида беришни тақиқлаш билан тўлдириш мақсадга мувофиқ кўринади.
МЧЖ иштирокчилари улушларининг номиналини камайтириш йўли билан УФ камайиши далилига кўра уларга дастлаб шакллантирилган УФ билан у камайтирилган миқдор ўртасидаги фарқни тўлаш мумкинми? Бошқача айтганда, МЧЖ ташкил этилаётганда УФга киритилган дастлабки бадал қийматининг бир қисми иштирокчиларга қайтариладими? Масалан, УФ 100 млн сўмдан 60 млн сўмгача камайтирилаётганда 40 млн сўмлик фарқ юзага келган бўлса.
Қонун ҳужжатларида жамиятнинг кўрсатилган фарқни ўз иштирокчиларига тўлаши (қайтариши) назарда тутилмаган. Яъни у ўз иштирокчиларига бирон-бир қийматни тўлашга мажбур эмас. Бироқ бу тақиқланмаган ҳам. Фарқни тўлаш (қайтариш) имконининг бор-йўқлиги тегишли вазиятларга – корхонанинг иқтисодий аҳволига, иштирокчилар умумий йиғилиши4 тимсолида қабул қиладиган қарорига боғлиқ.
МЧЖ соф активлари қиймати билан унинг УФ миқдори ўртасида ижобий фарқ бўлгандагина тўлаш имкони бўлади. Асосийси, мавжуд соф активларнинг қиймат кўрсаткичи УФ миқдоридан кам бўлиб қолмаслиги керак.
Бошқача айтганда, ижобий фарқ етарли бўлмаганда мавжуд қиймат доирасида тўлов тўланади. У мавжуд бўлмаса, ҳеч қандай тўлов тўланмайди.
Юзага келадиган ихтилофларни бартараф этиш учун Қонунга тегишли қўшимчалар киритиш зарур деган фикрдамиз.
Камол Музаффаров, «Norma Online» эксперти.
1Бироқ бундай камайтириш натижасида таъсис ҳужжатларига киритиладиган тегишли ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасида унинг миқдори энг кам миқдордан (40 ЭКИҲ) кам бўлиб қолса, жамият ўз УФни камайтиришга ҳақли бўлмайди. Агар Қонунга мувофиқ у ўз УФни камайтириши шарт бўлган ҳолларда эса – жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада (Қонуннинг 14-моддаси 2-қисми, 19-моддаси 2-қисми). Алоҳида тадбиркорлик субъектлари (шу жумладан МЧЖ шаклида фаолият юритувчи ёки фаолият юрита олувчи) учун қонун ҳужжатларида УФ энг кам миқдорининг 40 ЭКИҲдан ошадиган бошқа миқдори белгиланган.
2Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати жамиятнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги ҳолатга кўра УФнинг минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, у тугатилиши керак (Қонуннинг 19-моддаси 6-қисми).
3Иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати ва унинг белгиланиши ҳақида Қонуннинг 14-моддаси 4-қисми, 22-моддаси 2, 3, 5, 6-қисмлари ва 24-моддаси 4-қисмига қаранг.
4Агар МЧЖ бир иштирокчидан таркиб топган бўлса, иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар ушбу иштирокчи томонидан якка тартибда қабул қилинади (Қонуннинг 37-моддаси).