Бизнинг кадрлар бўлимидаги ходим меҳнат дафтарчаларини ишончнома бўйича олади. Меҳнат дафтарчаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш китобини ким юритиши керак? Бухгалтер ёки кадрлар бўлими ходими юритишига асос бўладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатсангиз.
У.Павлонова.
– Корхонада меҳнат дафтарчалари ҳисоботини олиб боришнинг умумий тартиби Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) VI бўлимида белгиланган. Корхонада меҳнат дафтарчаларининг ҳисоботи лозим даражада олиб борилишини таъминлаш учун:
а) меҳнат дафтарчаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш китоблари;
б) меҳнат дафтарчалари ҳисоботини олиб бориш китоби юритилади.
Меҳнат дафтарчаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш китобларини корхона бухгалтерияси юритади. Уларда меҳнат дафтарчалари бланкаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш билан боғлиқ ҳамма операциялар ҳақидаги маълумотлар, ҳар бир бланканинг серияси ва сон рақамини кўрсатган ҳолда ёзилади. Бунда фақат меҳнат дафтарчаларининг янги бланкаларидаги маълумотлар киритилади.
Меҳнат дафтарчалари ҳисоботини олиб бориш китобини ходимларнинг ишга қабул қилиниши ва ишдан бўшатилишини расмийлаштирувчи корхонанинг кадрлар бўлими хизмати тўлдиради. Унда ходимлардан ишга киришда олинган, шунингдек янги кирган ходимларга берилган ҳамма меҳнат дафтарчалари серияси ва сон рақамлари кўрсатилган ҳолда рўйхатдан ўтказилади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат дафтарчасини олаётган ходим Ҳисоботни олиб бориш китобига, шунингдек шахсий варақасига (Т-2 шакли) имзо чекади.
Китобларнинг саҳифаларида сон рақамлари қўйилган бўлиши, улар ип билан тикилиб, корхона раҳбари имзоси ва сургучли муҳр билан мустаҳкамланган бўлиши шарт (Йўриқноманинг 6.1-банди).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.