Мен ташкилотда ишлайман. Яқинда раҳбариятнинг тавсиясига кўра олий ўқув юртига (Давлат бошқаруви академиясига) ўқишга кирдим. Ўқув юрти ҳақидаги низомда ишлаб чиқаришдан узилган, иш жойи ва маошни сақлаган ҳолда 2 йил ўқиш назарда тутилган. Таътиллар жадвалига кўра жорий йилда декабрда меҳнат таътилига чиқишим режалаштирилган. Бироқ сентябрда таътилга чиқишга қарор қилдим (МКнинг 144-моддасига кўра, бунга рухсат берилган). Бироқ ариза билан мурожаат қилганимда рад жавоби олдим, юрист уни МКнинг 145-моддаси 2-қисми бузилиши далили сифатида кўрсатди. У ўқиш вақтида меҳнат таътилига чиқа олмаслигимни назарда тутди.
Кейинги 2 йиллик ўқиш даврида таътилга чиқа олмаслигим тўғрими? Бу ҳолда МКнинг 133 ва 134-моддалари талаблари бузилмайдими? Таълим олаётган ходим бу вақтда меҳнат таътилига чиқа оладими? Агар чиқа олмаса, 2 йиллик ўқишдан сўнг уни 3 йил учун бир йўла олиш ҳуқуқига эга бўладими?
Б.Иброҳимов.
– Кейинги 2 йиллик ўқиш давомида сизга академик таътил беришлари шарт (10.04.2012 йилдаги ПФ-4435-сон Фармоннинг IV бўлими).
Йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт киради (МКнинг 142-моддаси).
Академия тингловчиларининг бутун ўқиш даврида асосий иш жойидаги эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи (рағбатлантирувчи устамалар ва қўшимча тўловларсиз) сақланади (20.08.2015 йилдаги ПФ-4745-сон Фармоннинг 3-банди 4-хатбошиси).
Шу сабабли биринчи ўқув йили якунлари юзасидан (2017 йил июль ойининг охиридан август ойининг охиригача) иш берувчи билан келишиб меҳнат таътилидан фойдаланишингиз мумкин. Магистр дипломини олгандан сўнг иккинчи меҳнат таътилидан фойдалана оласиз, чунки бутун ўқиш даври йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киради.
Шу тариқа, ўқишда бўлган ходим академик таътил вақтида таътил олиш ҳуқуқидан фойдалана олади. Агар бу ҳуқуқингиздан фойдаланмасангиз, 2 йиллик ўқишдан кейин 3 йил учун бир йўла таътилга чиқа олмайсиз.
Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим (МКнинг 143-моддаси 5-қисми).
Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади (МКнинг 143-моддаси 8-қисми).
Шу тариқа, ҳар иш йили учун 1 та асосий меҳнат таътили берилади.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.