Norma.uz

Ишнинг баҳоси низога баҳона бўлмаслиги керак

 

Ишнинг моҳияти

Ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш учун АО (буюртмачи) ва МЧЖ (пудратчи) 2015 йил октябрида 200 млн сўмлик қурилиш пудрати шартномасини туздилар. Шартномага кўра пудратчи ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш ва уни 31.12.2015 йилгача буюртмачига топшириш, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олди. Пудратчи томонлар келишган ва тасдиқлаган пудрат ишларини бажариш сметасини буюртмачига тақдим этди. Буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб 10 банк куни давомида умумий сумманинг 40%и миқдорида бўнак тўлади. Қолган 60%ини ҳисобварақ-фактура имзолангандан кейин 10 банк кунидан кечиктирмай тўлаши керак эди.

2016 йил январда пудратчи буюртмачига хат билан ҳисобварақ-фактурани жўнатган, унда пудрат ишлари қиймати 50 млн сўмга ошганлиги кўрсатилган. Пудратчи ишлар қийматининг ошганини қурилиш материалларини етказиб беришда юзага келган қийинчиликлар ва инфляция оқибатида қурилишнинг қимматлашгани билан асослаган. Бунинг устига, пудратчи ишларни тугатиш муддатларини яна 30 кунга – 2016 йил 1 мартгача узайтиришни сўраган.

Буюртмачи пудратчининг важ-далилларига қўшилмади ва 2016 йил февралда шартномани бекор қилиш ва суд харажатларини ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

Буюртмачининг позицияси

– Биз мажбуриятларимизни бажардик ва пудратчига бўнакни ўз вақтида ўтказдик. Бироқ пудратчи пудрат ишлари қиймати 50 млн сўмга оширилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этди. Бу ФКнинг 636-моддасини бузиш саналади, сабаби пудратчи ишлар қиймати қимматлашишини олдиндан келишиб олиши шарт эди. Бундан ташқари, пудратчи шартномага кўра ишларни 31.12.2015 йилгача тугатиши керак эди. У буни бажармаганлиги боис ходимларимиз ижарага олинган офисда қолишларига ва қўшимча харажат қилишларига тўғри келди. Шу сабабли даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

Пудратчининг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, бошқа объектларда банд бўлганлигимиз ва молиявий муаммоларни ҳал қилаётганлигимиз туфайли пудрат ишлари қиймати ошишини олдиндан келиша олмадик. Бироқ қурилиш материаллари етказиб берилиши билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келганлиги, инфляция оқибатида қурилиш қимматлашиши, бу эса ишлар қиймати оширилишига олиб келишини айтиб, буюртмачининг вакилини оғзаки равишда хабардор қилдик. Қурилиш материаллари ва ускуналар бизнинг айбимизсиз кеч етказиб берилганлиги сабабли ишларни тугатиш муддати чўзилди. Шу боис суддан даъвони рад этишини сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачи шартномани бекор қилиш ва суд харажатларини ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилишига сабабчи бўлган юқоридаги далилларни тасдиқлади.

ФКнинг 382, 635 ва 636-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришга қарор қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин. Бу ҳолда пудратчи пудрат ишларини унга мувофиқ бажариши шарт. Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, у буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади. Агар қўшимча ишларни бажариш зарур бўлиб қолса ва шу сабабли ишнинг тахминан белгиланган баҳосини (тахминий сметани) анча оширишга тўғри келса, пудратчи бу ҳақда буюртмачини вақтида огоҳлантириши шарт. Буюртмачи пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) оширишга рози бўлмаган тақдирда, шартномадан воз кечишга ҳақли (ФКнинг 636-моддаси).

Шу тариқа, пудратчи пудрат ишлари қиймати оширилиши ҳақидаги шартларни белгиланган тартибда келишиб олмаган. Пудрат ишларини узайтириш муддатларига келсак, улар фақат тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўзгартирилиши мумкин, бу ҳам буюртмачи билан олдиндан келишувни талаб этади (ФКнинг 635-моддаси).

Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузгани суднинг ҳал қилув қарори билан шартномани бекор қилиш асосларидан бири бўлди. Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади (ФКнинг 382-моддаси). Иш материалларидан кўринганидек, пудратчининг бинони таъмирлашни ўз вақтида тугатмагани буюртмачининг ходимлари учун хонани ижарага олишига доир қўшимча харажат қилишига олиб келган.

Бундай вазиятларда суд пудратчи йўл қўйган қонунбузарликларни жиддий деб топди ва, ФКнинг 382-моддасига амал қилиб, шартномани бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Пудратчи ишлар бошлангандан кейин судгача тартибда ишлар қийматини ошириш ва уларни тугатиш муддатларини ўзгартириш зарурати ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатларни тақдим этиши мумкин эди, шу билан суд харажатларини четлаб ўтган бўлар эди. Бироқ у бундай имкониятдан фойдаланмаган.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1268 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика