Ишлаб чиқариш зарурати сабабли ташкилот смена билан узлуксиз ишлаш учун ходимларни жалб этмоқчи.
Қуйидаги жадвалга биноан ходимларни ишга қабул қилишга йўл қўйиладими: бир кун ходим кундузи – 12 соат ишлаб, 12 соат дам олади, иккинчи куни – кечаси (12 соат) ишлаб, 24 соат дам олади?
Е.П.
– Афсуски, жараёнга жалб этилган ходимлар сони, улар нималар билан шуғулланиши, ташкилотингиз қандай фаолиятни амалга ошириши ва ходимлар ўз ишларини ойига неча марта бундай режимда бажаришларини кўрсатмагансиз.
Шу сабабли сизга смена билан ишлашнинг умумий тавсифинигина бера оламиз.
Сменали ишда ходимларнинг ҳар бир гуруҳи смена жадвалига мувофиқ белгиланган иш вақти муддати давомида ишлаши шарт. Бунда смена муддати 12 соатдан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 123-моддаси).
Сменали ишда иш берувчи ходимларга қўшимча тўловларни тўлайди:
тунги вақтдаги иш учун (соат 22.00 дан то соат 6.00 гача). Ишнинг ҳар бир соати учун (МКнинг 122-моддаси) камида бир ярим баравар миқдорда (МКнинг 158-моддаси);
иш вақтидан ташқари (ходим учун белгиланган кундалик иш вақтидан (сменасидан) ташқари) иш учун – камида икки ҳисса миқдорида (МКнинг 157-моддаси);
дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун – камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси).
Иш жадвалига кўра смена шанба ёки якшанба кунига тўғри келиб қолса, бу кун оддий иш куни деб ҳисобланади. Бинобарин, унинг учун бир ҳисса миқдорида иш ҳақи ҳисобланади.
Агар ходимнинг жадвалида иш куни деб ҳисобланадиган дам олиш кунида унинг ишга чиқишини сўрашса, ташкилот МКнинг 157-моддаси талабларига кўра дам олиш кунидаги иш учун бўлганидек иш ҳақини (камида икки ҳисса миқдорида) ҳисоблаши шарт.
Шу тариқа, сменали иш режими сутка давомида ишлаб чиқариш жараёни узлуксизлигини тақозо этади, смена жадвали ходимнинг иш вақти ушбу тоифадаги шахслар учун ҳисоб давридаги нормал соатлар сонидан ошиб кетмайдиган қилиб тузилиши керак (ишни бир-бири билан навбат алмашадиган ходимларнинг гуруҳлари бажарадилар). Агар сутка давомида, бироқ турли вақтда ходимларнинг фақат битта гуруҳи иш бажарса, бундай режим сменали режим бўлмайди.
Бошқача иш режимлари (иш кунини қисмларга бўлиш, суткалик навбатчилик ва ҳ.к.) кўп сменали режимга кирмайди.
Ходимни сурункасига 2 смена давомида ишга жалб этиш тақиқланишини ҳам унутмаслик лозим (МКнинг 120-моддаси).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.