Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 35 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Рўмоллар ҳар хил, расмлари бир хил

 

Ҳаёт доимий ўзгаришларга бой. Менинг криминалист эксперт сифатидаги 40 йилдан зиёд тажрибам ҳам шуни тўлиқ даражада тасдиқлайди. Мамлакатимиз сиёсати ва иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга криминалист экспертлар ишида ҳам ўзгаришлар юз берди. Масалан, аввалги замонларда уддабурон кишилар «ҳаводан олиб» истеъмолчиларга керакли бирор-бир нарсани нолегал тарзда ишлаб чиқариб, «чап чўнтакка урадиган» маҳсулотлар кўпинча трассолог экспертлар тадқиқотининг объектига айланар эди.

Энди эса бундай уддабурон кишилар албатта, агар улар ўз бизнесларини қонунга мувофиқ расмийлаштиришса ва давлатга солиқларни виждонан тўлаб боришса, жамиятимизнинг ҳурматли кишиларига айланишмоқда. Шу сабабли экспертизанинг «чап тарафга кетадиган» маҳсулотнинг трассологик экспертизаси амалда йўқолиб кетди.

 

Ҳамма нарса тақчил бўладиган, баъзан энг оддий буюмлар (соч учун тўғнағич, ҳожатхона қоғози, рўмоллар ва ҳатто автомобиль тюнингининг баъзи деталлари ва ҳоказо) ҳам етишмайдиган замонлар аллақачон ортда қолди. Бироқ «улоқ бўлса, чавандоз топилади» деганларидек, модомики бирор-бир нарса танқис бўлиб қолар экан, қолдиқ, тежалган материаллардан талабгир товарлар ишлаб чиқарадиган миришкорлар тезда майдонга тушади. Табиийки, бундай ҳисобга олинмаган маҳсулотни сотишдан олинган барча фойда фақат ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг ҳамтовоқлари (савдо бўйича, ташишга доир ва бошқа) ҳамёнига тушган. Улар гарчи давлат ускунаси, давлат материаллари, ходимлар меҳнати ва ҳоказолардан фойдаланган бўлсалар-да, давлатга ҳеч қандай солиқ тўламаганлар. Бунинг устига кўпинча хуфиёна маҳсулот қонуний товарнинг сифатига зарар етказиш ҳисобига ишлаб чиқарилган. Айни шунинг учун ўша вақтда «цехчилар» деб аталувчи бундай уддабуронлар жазоланган.

 

Талаб ва таклиф қонуни бўйича

Ўрта ёшли аёллар ёшлик пайтларида ёрқин расмли шойи ва капрон рўмолларга эга бўлиш қанчалик мушкул бўлганлигини эсласалар керак. Ана шунда бир неча шаҳардаги дўконлар токчаларини айни шундай, турли шакл ва ҳажмлардаги барг ҳамда гуллар тасвири туширилган капрон рўмоллар билан тўлдирган кишилар топилиб қоларди. Бир муддат ана шу ғайриқонуний тадбиркорлар ҳамёнларини (ўзларининг ва ҳамтовоқлари – дўконлар ходимлари, экспедиторлар ва бошқаларнинг) ана шу рўмолларни сотиш ҳисобига тўлдиришга муваффақ бўлганлар. Зеро бундай рўмоллар шамол тезлигида сотилиб кетарди.

Бироқ ҳамма нарсанинг охири бор. Кунларнинг бирида тумандаги дўконда ўтказилган кутилмаган тафтишда ҳисобга олинмаган капрон рўмоллар (дуррачалар) солинган қутилар борлиги фош этилди. Аввалига текширув давомида терговчи шу вилоятнинг бошқа туман дўконларида ҳам тафтиш ўтказишга қарор қилди. Бошқа бир қатор дўконларда ҳам худди шундай ҳисобга олинмаган рўмоллар топилди.

Ноқонуний тадбиркорлик далили бўйича жиноят иши қўзғатилди.

 

Жиноят белгилари яққол кўринади

Сотувда ўхшаш рўмоллар борлиги ва уларда тегишли барча ҳужжатлар мавжудлиги боис терговчи қонуний рўмоллар қаерда чиқарилганлигини қийинчиликсиз аниқлаб, ғайриқонуний рўмоллар ҳам ўша ерда тайёрланган деган хулосага келди. Албатта, дастлаб дўконларга ҳужжатлаштирилган рўмолларни жўнатадиган вилоят аҳолига маиший хизмат кўрсатиш комбинати ва газламаларга бадиий нақш солиш цехи раҳбарияти ўзларининг ғайриқонуний рўмоллар тайёрлашга дахлдорликларини дарғазаблик билан инкор этдилар. Бироқ газламаларга бадиий нақш солиш цехидан терговчи капрон газлама рўмолларга (дуррачаларга) расм солиш учун фойдаланилган трафаретларни олиб қўйганда улар жим бўлиб қолдилар.

Маълум бўлишича, нақш солиш цехида рўмолларга сурат тушириш учун 5 та трафарет бўлган. Трафаретларнинг ҳаммасини терговчи трассологик экспертиза ўтказиш учун вилоят криминалистик лабораториясига юборди. Намуна сифатида терговчи цехдан ўнтача қонуний рўмолни олиб қўйди. Бир нечта туманлар дўконларидан олиб қўйилган жуда кўп ғайриқонуний рўмоллардан терговчи ўнтача рўмолни текшириш учун ажратиб олди. Шуни таъкидлаш лозимки, вилоят марказидаги дўконлардан ҳужжатлаштирилмаган бундай рўмоллар топилмади – чамаси, ғайриқонуний товар билан йирик шаҳарда қўлга тушиб қолмаслик учун ҳуқуқбузар тадбиркорлар туман дўконлари билан ҳамкорлик қилиш билан чекланишга қарор қилганлар.

Шу тариқа, текшириш учун экспертларга ҳужжатлаштирилмаган товарлардан 10 та рўмолдан иборат 4 туркум тақдим этилган, таққослаш учун эса 5 трафарет ва 10 намуна рўмол берилган.

 

Экспертизани алдаб бўлмайди

Трафаретлар қалин картондан, гул ва баргларнинг силуэтлари ўйиб туширилган квадрат (78 х 78) варақлардан иборат эди. Барча трафаретларда ўйиб олинган элементларнинг контурлари аралаш-қуралаш туширилган эди. Бир турдаги фрагментлар ташқи кўринишлари ва ҳажмларига қараб фарқланар, расм мантиғига кўра бир хил бўлиши керак бўлган ҳар бир трафаретнинг турлича участкаларида (бешаласида ҳам) расмларнинг элементлари ўртасидаги масофалар эса бир-биридан анча фарқ қилар эди. Ушбу хусусиятларнинг ҳаммаси экспертга 5 трафаретнинг ҳаммаси расмларни ўйиб олиш усули билан қўлбола усулда тайёрланган деб тасдиқлашга асос бўлди. Жамликда эса ҳар бир трафаретнинг юқорида саналган барча белгилари уни индивидуаллаштирган. Бунинг устига трафаретларда ўйиб ясалган расм элементларининг контурлари линиялари бўйлаб сезилар-сезилмас нотекисликлар бўлиб, улар ҳам қимматли идентификация белгилари аҳамиятига эга бўлган. Уларни аниқлаб, эксперт аввал 5 трафаретдаги расмларни бўяш цехидаги 10 намуна рўмолдаги расмларга солиштирди. Натижада 4 трафаретнинг идентификация белгилари билан ушбу 10 та рўмол расмларидаги худди шундай аломатлар тасвирлари ўртасида тўлиқ мос тушиш аниқланди. Ушбу мослик бўяш цехидан олиб қўйилган намуна рўмоллардаги барг ва гул расмлари тақдим этилган 5 трафаретнинг 4 таси ёрдамида бажарилганлигидан далолат берарди. Бешинчи трафаретга келганда, тахмин қилиш мумкинки, ундан қолганларга қараганда камроқ фойдаланилган ёки цехда мавжуд бўлган товарнинг мос тушадиган намунасини топишга муваффақ бўлинмаган.

Сўнгра эксперт янги текширув ўтказган: 5 трафаретнинг расмлари, шунингдек цехдаги намуна рўмоллардаги расмлар 4 туман дўконидан тақдим этилган ҳужжатлаштирилмаган 40 та рўмолдаги расмлар билан солиштирилди. Синчиклаб текширилгандан кейин эксперт намуна рўмоллар ва тақдим этилган 5 трафарет расмларининг турли дўконлардан олиб қўйилган 40 та рўмолнинг ҳаммасидаги расмлар билан тўлиқ мос тушганлигини аниқлади. Эксперт хулосаси ишонарли фотосуратлар билан бирга баён этилди.

 

Дўконни ёпишди

Эксперт газламага бадиий нақш солиш учун трафаретларни муваффақият билан идентификациялади, бу эса нақш солиш цехида тайёрланадиган капрон рўмоллар билан жиноий фирибгарликларни фош қилиш имконини берди. Дўконлардан олиб қўйилган рўмоллар келиб чиқишининг ягона манбаи тўғрисида эксперт хулосасини қўлига олгач, терговчига ушбу рўмолларни ноқонуний тарзда тайёрлашга дахлдор бўлган шахслар доирасини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш қийин бўлмади. Уларнинг шериклари: комбинатдан товарларни ҳужжатсиз олган ва уларни сотиш билан шуғулланган дўконларнинг савдо ходимлари ҳам жазодан қутула олмади. Уларнинг айбини исботлаш учун тергов вақтида бир талай бошқа далил-исботлар: тафтиш далолатномалари ва зарур ишлаб чиқариш ҳужжатларидан тортиб тинтувлар, сўроқлар, юзма-юз учраштиришлар баённомалари ва бошқа ҳужжатлар тўпланди.

 

Ольга Маршанская.

Прочитано: 2420 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика