Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 35 / Хўжалик юритиш қоидалари

Шакарни сақлаш қоидалари

 

Корхонанинг асосий фаолият тури – улгуржи савдо (ХХТУТ бўйича коди – 71150), шакарни реализация қиламиз. Улгуржи компания учун шакарни сақлаш ва реализация қилишга доир қандай талаблар белгиланган?

О.Сальникова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Озиқ-овқат хом ашёсини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт («Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси 1-қисми).

Озиқ-овқат хом ашёсидан тайёрланган ҳамда натурал ёки қайта ишланган ҳолида истеъмол қилинадиган маҳсулотлар озиқ-овқатлар ҳисобланади («Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси 5-хатбошиси, бундан кейин – 483-I-сон Қонун). Шакар алоҳида кристаллар кўринишидаги сахарозадан иборат озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб, савдо тармоғида реализация қилиш, саноатда қайта ишлаш ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган деб эътироф этилади.

Озиқ-овқатларни сақлайдиган ва ташийдиган юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидаларга риоя этишлари, озиқ-овқат сифати сақланишини ва хавфсизлигини таъминлашлари шарт (483-I-сон Қонуннинг 13-моддаси).

Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш давлатлараро кенгаши таркибига киради, у МДҲнинг ушбу соҳада келишилган сиёсатни шакллантириш ва ўтказиш бўйича ҳукуматлараро орган ҳисобланади. Кенгаш шакар билан боғлиқ ДСТларни бир неча бор қабул қилган, уларда шакарни қадоқлаш, ўраб-жойлаш, маркировкалаш, ташиш ва сақлашга доир техник талаблар батафсил қайд этилган.

Бошқалардан ташқари, шакарни сақлашга доир талабларни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар орасидан Биринчи гуруҳга шакар етказиб бериш, қабул қилиш, сақлаш ва бериб юбориш тартиби тўғрисидаги йўриқномани (АВ томонидан 23.07.2013 йилда 2485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ажратиш мумкин. Унга кўра, хусусан:

♦ шакарни сақлаш учун иситиладиган, шунингдек айрим ҳолларда иситилмайдиган техник соз, қуруқ, тоза ва ҳаво яхши алмашинадиган омборлардан фойдаланилади (33-банд);

♦ сақлаш давомида шакар ёнғин манбаларидан ҳимояланиши лозим, сабаби у ёнувчи маҳсулот бўлиб, кукунининг ҳаво билан аралашмаси ёнувчан ҳисобланади (40 ва 41-бандлар);

♦ шакар сақланадиган омборларда ҳаво намлиги 70%дан паст бўлиши лозим, омбордаги ҳарорат 400С дан ошмаслиги лозим (67-банд);

♦ шакар намланганлиги аломатлари пайдо бўлган тақдирда, штабелнинг пастки қисмлари қайта тахланиши лозим. Бунда пастки қисмдаги қоплар тепага олинади, тепадагилари пастга олинади. Намланган шакар қоплари умумий штабелдан ажратиб олиниши, қуритилиши, алоҳида омборга жойлаштирилиши ва қисқа муддатларда сотилиши лозим (69-банд);

♦ шакарни ўзига хос ҳиди бўлган бошқа маҳсулотлар билан бирга сақлаш ман этилади (71-банд);

♦ шакарни сақлашда ҳар ойда камида 1 марта омборнинг барча хоналари пухта тозаланиши, даврий равишда қоплар устидаги чанглар супуриб ташланиши лозим. Шакарни қабул қилиш, омборга жойлаштириш ва бериб юбориш бўйича амалга оширилган ҳар бир ишдан сўнг омбор йиғиштирилиб тозаланиши лозим (72-банд);

♦ шакарни сақлашнинг қуйидаги муддатларига риоя этилиши лозим: иситилмайдиган омборларда – 4 йил; доимий ҳарорат-намлик даражаси назорати мавжуд омборларда – 12 йил. Сақлаш муддати у ишлаб чиқарилган вақтдан (чорак ҳисобида) бошланади ва шакарнинг сифати ҳолатидан келиб чиққан ҳолда узайтирилиши мумкин (76-банд).

Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, Йўриқноманинг 2-бандига кўра унинг талаблари Давлат захираларини бошқариш қўмитаси тизимидаги ташкилотлар ҳамда биринчи гуруҳ моддий бойликларни масъул сақловчи ташкилотлар учун мажбурийдир. Айни пайтда шакарни улгуржи реализация қиладиган корхоналар Йўриқномадан бир қатор талабларни олган ҳолда ушбу маҳсулотни сақлаш тартиби ва бошқа хатти-ҳаракатларни тартибга солиш учун ўз ички меъёрий (техник) ҳужжатларини ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари мумкин. Уни тузиш чоғида Қанд-шакар ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг (АВ томонидан 30.11.2010 йилда 2159-сон билан рўйхатдан ўтказилган) алоҳида талаблари билан танишиб чиқиш фойдали бўлади. Хусусан, III бўлимининг 19-§ «Хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш ва транспорт воситаларида ташишда хавфсизлик талаблари», шунингдек бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник ҳужжатлар билан танишиш фойдадан холи эмас.

Мажбурий сертификатланадиган озиқ-овқат маҳсулоти1 унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган мослик сертификати ёки мувофиқлик белгиси бўлган тақдирда реализация қилинади (483-I-сон Қонуннинг 14-моддаси 1-қисми).

Шакар Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова, ­14-банд) киради. Демак, шакарни реализация қилиш учун мувофиқлик сертификати бўлиши зарур. Усиз шакарни реализация қилиш тақиқланади. Сақлаш ва реализация қилиш учун тегишли шароит бўлмаса, яроқлилик муддати тугаган бўлса, маҳсулотларни таққослаш2 мумкин бўлмаса ҳам уни (бошқа озиқ-овқат маҳсулотини ҳам) реализация қилишга йўл қўйилмайди (483-I-сон Қонуннинг 14-моддаси 4-қисми).

Улгуржи савдода тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун харид қилинадиган товарлар ҳисоб-китоби нақдинасиз шаклда амалга оширилиши боис (Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг3 2-банди 3-хатбошиси, бундан кейин – Низом) улгуржи сотувчи шакарни харид қилишда ва кейинчалик уни реализация қилишда ҳисоб-китобнинг фақат нақдинасиз шаклини қўллаши шарт.

Бошқа талаблар сирасида – шартномага чакана савдо билан шуғулланувчи сотиб олувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органининг турғун савдо шохобчаси мавжудлиги ва НКМ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси илова қилиниши керак (Низомнинг 11-банди). Агар маҳсулот кўрсатилган шахсларга электрон тижорат шаклида улгуржи реализация қилинаётган бўлса, бундай маълумотнома талаб қилинмайди (Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларининг4 3-банди 2-хатбошиси; Электрон тижорат шаклида товарларни сотиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) тартиб-таомилларини соддалаштиришга йўналтирилган алоҳида нормаларнинг 1-банди, Қоидаларга 1-илова).

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» эксперти.

 


1Озиқ-овқатлар озиқ-овқат маҳсулотлари тушунчаси билан қамраб олинади (483-I-сон Қонуннинг 2-моддаси 8-хатбошиси).

2Озиқ-овқат маҳсулотларини таққослаш деганда озиқ-овқатлар ҳамда озиқ-овқат хом ашёси аниқ турдаги ва номдаги маҳсулотга доир норматив ва (ёки) техникавий ҳужжатда белгилаб қўйилган муҳим мезонларга мос келишини аниқлаш тушунилади (483-I-сон Қонуннинг 2-моддаси 12-хатбошиси).

3ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган.

4ВМнинг 2.06.2016 йилдаги 185-сон қарорига 1-илова.

Прочитано: 1727 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика