Мени совет герби, сув белгиси туширилган ва саҳифалари рақамланган эски намунадаги меҳнат дафтарчаларига доир савол қизиқтиради. Айтишларича, улар ҳақиқий деб ҳисобланмас эмиш. Нима қилиш керак? Наҳотки барча ходимларнинг меҳнат дафтарчаларини алмаштириш керак бўлса?
Бир ходимнинг меҳнат дафтарчаси 1996 йил ноябрида Тожикистонда очилган. У Тожикистон фуқароси. Бироқ доим Ўзбекистонда яшаган. Тожикистонда очилган меҳнат дафтарчаси шу пайтгача, бироқ Ўзбекистонда юритилади. 19 йиллик стажи бор. Меҳнат стажини нима қилиш мумкин? Ушбу меҳнат дафтарчаси ҳақиқийми? Эски намунадаги меҳнат дафтарчалари қайси пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади?
Кадрлар бўлими ходими.
– Айни пайтда республикамиз ҳудудида янги намунадаги меҳнат дафтарчалари қўлланмоқда. Меҳнат кодекси амалга киритилгунгача, яъни 1996 йил 1 апрелгача берилган дафтарчалар ҳақиқий бўлиб, янгисига алмаштирилмайди (ВМнинг 6.07.1995 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида янги меҳнат дафтарчаларини жорий қилиш тўғрисида»ги 258-сон қарорининг 1-банди). Янги намунадаги меҳнат дафтарчалари фақат биринчи марта 1996 йил 1 апрелдан кейин меҳнат шартномаларини тузган ходимларга берилади.
Бироқ хорижий намунадаги (Тожикистон Республикасида очилган) меҳнат дафтарчаси бўлган чет эллик шахсни ишга қабул қилган иш берувчи, МКнинг 81-моддаси ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1.1-бандига мувофиқ, ходим билан меҳнат шартномаси имзоланган кундан бошлаб 5 кундан кечиктирмай 1996 йил ноябрида янги намунадаги ЎзР меҳнат дафтарчасини юритиши керак эди (258-сон ВМҚнинг 2-банди).
Бунда хорижий намунадаги меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар унга кўчириб ўтказилмайди.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.