Norma.uz

Нима харид қилаётганингиздан хабардор бўлинг!

 

Ишнинг моҳияти

МЧЖ (сотувчи) ва ХФ (харидор) 2015 йил августида 300 млн сўмга ускунанинг олди-сотди шартномасини туздилар. Шартнома шартларига кўра харидор у имзоланган кундан бошлаб 3 банк куни мобайнида шартноманинг бутун суммасини олдиндан тўлаши керак эди, у шундай ҳам қилди.

Ускунани жойлаштириш учун харидор цехда жорий таъмирловни амалга ошириши лозим эди, шу боис шартномада уни олдиндан ҳақ тўлангандан кейин 60 кун ичида топшириш назарда тутилди.

2015 йил октябри бошида, топшириш муддати келганлиги боис, харидор сотувчидан ускунани тайёрлаб қўйишни сўради. Ускуна сотувчининг омборида кўздан кечирилганда унинг айрим узеллари етишмаслиги аниқланди. Тарафлар тегишли далолатномани тузишди, бироқ сотувчининг вакили ваколати йўқлигини айтиб, уни имзолашдан бош тортди.

10 кундан кейин харидор сотувчига ускунани бутлаш ва уни ишчи ҳолатга келтириш талаб қилинган эътирознома юбориб, бунинг учун 20 кун муддат белгилади. Ўзининг жавобида сотувчи ускунани мазкур муддатда бутлай олмаслигини, чунки ушбу деталлар импорт қилиниши кераклигини ва бу жараёнга камида 2 ой кетишини кўрсатди.

Сотувчининг важ-далилларига кўнмаган харидор 2015 йил ноябрида хўжалик судига тўланган 300 млн сўмни қайтариш ва 50 млн сўм зарар, 3 500 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди. 

 

Харидорнинг позицияси

– Сотувчи билан ускунанинг олди-сотди шартномасини тузиб, биз олдиндан 100% ҳақни ўз вақтида тўладик. Пулни олиб, сотувчи ускунани 60 кун мобайнида топшириши керак эди, чунки ускунани жойлаштириш учун цехни таъмирлашимиз керак эди. Вакилларимиз ускунани олиб келиш учун сотувчининг олдига борганида у қисман бутланганлиги маълум бўлиб қолди. Сотувчининг омборида унинг вакили иштирокида далолатнома тузилди, унда етишмайдиган барча деталлар қайд этилди. Бироқ сотувчининг вакили уни имзолашдан бош тортди. Биз ана шу ускунада ишлаб чиқарилиши керак бўлган маҳсулотни етказиб беришга доир бир қанча шартномалар тузиб бўлдик, ушбу шартномалар бўйича олдиндан ҳақ олинган ва етказиб беришнинг қатъий муддатлари белгиланган. Биз тегишли сифатдаги бутловчи буюмларни чакана тармоқда харид қилиш мумкинлигини аниқладик ва буни сотувчига айтдик, бироқ у уларни сотиб олишдан бош тортди. Шу боис даъвони қондиришни сўраймиз.

 

Сотувчининг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, харидор ўз вақтида олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаган. Ускуна аввал-бошдан қайта сотиш учун харид қилинганлиги сабабли, бизда ускуна бўйича мутахассислар йўқлигидан унинг бутланмаганлигини билмаганмиз. Биз уни ишчи ҳолатга келтиришдан бош тортмаймиз, бироқ буни 20 кунда бажариб бўлмайди. Биз бутловчи буюмларни импорт қилишимиз керак, бироқ айрим деталлар чакана савдода қарийб 30% қиммат туради. Ускунани бутлаш учун оқилона муддатлар кўрсатилган келишув битимини тузишни сўраймиз. Зарарлар бобида даъвони рад этишни сўраймиз, чунки улар сотувчининг айби билан эмас, балки ускунани етказиб берувчининг айби билан юзага келган.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, даъвогарнинг келишув битимини тузишни рад этганлигини эътиборга олиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, харидорнинг судга тўланган сумма – 300 млн сўмни қайтариш, 50 млн сўм зарар, 3 500 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқорида баён этилган далиллар тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг 14, 236, 391, 412 ва 413-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак (ФКнинг 236-моддаси). Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (харидор)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, харидор эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси).

ФКнинг 391-моддасига мувофиқ мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ мол-мулкни топширишдан олдин харидорга ўтган ҳолларда, сотувчи мол-мулкнинг ёмонлашишига йўл қўймай, уни топширгунга қадар сақлаши шарт. Бунинг учун қилинган зарур чиқимларни, агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, харидор сотувчига тўлаши шарт.

Агар олди-сотди шартномасида сотувчининг харидорга муайян товарлар тўпламини бут ҳолида (бут товарлар) бериш мажбурияти белгиланган бўлса, бут ҳолдаги барча товарлар берилган пайтдан бошлаб мажбурият бажарилган ҳисобланади. Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, сотувчи бут ҳолдаги барча товарларни харидорга бир вақтда топшириши лозим (ФКнинг 412-моддаси).

ФКнинг 413-моддаси 2-қисмига кўра агар сотувчи оқилона харидорнинг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, харидор ўз ихтиёрига кўра:

бутланмаган товарни бут товарга алмаштиришни талаб қилишга;

олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Келтирилган қоидалардан келиб чиқиб, харидор тўланган суммани қайтариш ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади (ФКнинг 14-моддаси 2-қисми). Шартноманинг тегишли бандида зарарни қоплаш ҳам назарда тутилган. Мазкур вазиятда ХФнинг зарарлари тузилган шартномаларга кўра харид қилинадиган ускунада ишлаб чиқарилиши керак бўлган маҳсулотни тайёрлаш ва етказиб бериш учун олдиндан ҳақ олиниши муносабати билан юзага келган. Зарарларнинг ҳисоб-китоблари ваколатли банк томонидан тасдиқланган тўлов ҳужжатлари ва ёзма далиллар (шартномалар, ёзишмалар ва бошқалар) билан исботланади. Шу сабабли харидорнинг зарарларни қоплаш тўғрисидаги талаби шартнома ва қонун ҳужжатларига асосланган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, сотувчи ускунани сотиш чоғидаёқ унинг бутлигини кўздан кечириши ва етказиб берувчига ускунани бутлаш тўғрисида ўз вақтида талаб қўйиши керак эди. Бундан ташқари, ҳатто топшириш муддати келганидан ва ускунанинг бутланмаганлиги аниқланганидан кейин ҳам сотувчи харидорга ускунани топшириш муддатини оширишни назарда тутадиган қўшимча битим тузиш таклифи билан мурожаат қилиши мумкин эди. Ёки уни ўз вақтида топширишни таъминлаш учун сотувчи етишмайдиган деталларни чакана савдода харид қилиши ва сўнгра ушбу харажатларни ускунани етказиб берувчига компенсациялаш талабини қўйиши мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1287 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика