Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

 

2016 йил 24–25 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди. 

 

Ялпи мажлис қатнашчилари Сенат Раиси Н.Йўлдошевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенатининг ўтган даврдаги фаолиятига ва келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маърузасини тингладилар.

Парламент томонидан қабул қилинган қонунлар ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга, иқтисодиётнинг узлуксиз ўсишига, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга ва жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини таъминлашга хизмат қилади.

Маърузада Сенатнинг ўтган йиллардаги фаолияти айрим жиҳатларини танқидий таҳлил қилишга ва келгуси даврда парламент юқори палатаси иш самарадорлигини оширишнинг устувор вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини тубдан яхшилаш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмуни ва моҳиятини ижро этувчиларга етказиш, Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлигини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликдаги фаолиятни кучайтириш чоралари кўрилганлигига урғу берилди.

Қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш бўйича Сенат қўмиталари ва комиссияларининг, ҳар бир сенаторнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, қабул қилинаётган қонунлар нормалари ишлаши учун зарур бўлган қонуности ҳужжатлари ўз вақтида ­эълон қилинишини ва ҳуқуқни қўллаш ҳолатини мунтазам назорат қилиш устувор вазифалар қаторида тилга олиб ўтилди. Бунда сенаторларнинг кундалик иш услубида мустаҳкам ўрин олиши лозим бўлган парламент назоратини амалга ошириш расмиятчилик учунгина кечишига йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.

Яқинда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган барча механизмни ишга солиш муҳим аҳамиятга эга. Маърузада минтақавий ва умумдавлат манфаатлари мувозанатига эришишга, қонунийликни, қонун устуворлигини таъминлашда парламент ролини оширишга қаратилган Сенат фаолиятининг самарадорлигини ошириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Сенаторлар ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ қуйидаги қонунларни кўриб чиқдилар ва қабул қилдилар:

● «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги. Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини марказда ва жойларда рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгилаб берилган;

● «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги. Қонун ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган;

● «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги. Ушбу Қонуннинг (янги таҳрири) асосий мақсади ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан, ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ҳосил қилиш тизими самарадорлигини оширишдан, уларнинг яшаш муҳитини сақлашдан, шунингдек, қонуннинг тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъминлашдан иборат;

● «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги. Қонунда (янги таҳрири) ўсимлик дунёси муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш борасидаги субъектларнинг ваколатлари, ўсимлик дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ўсимлик турларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, карантин тадбирларини ўтказиш талаблари аниқ белгилаб берилган. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасида мониторинг ҳамда назорат олиб боришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда;

● «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги. Мазкур Қонунга (янги таҳрири) янги тушунчалар киритилди, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими ­аудити, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалалари аниқ тартибга солинмоқда;

● «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Ушбу Қонунга мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига (Солиқ кодекси, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ва бошқалар) ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Сенаторлар ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровларини юбориш тўғрисидаги, Олий хўжалик судининг таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги масалаларни, Олий Мажлис Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар ва тегишли қарорларни қабул қилдилар.

Сенатнинг икки кун давом этган мажлисида 10 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич чуқурлаштиришга ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 6 та қонун кўриб чиқилди, уларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини янада оширишнинг, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг кучли омили бўлиб хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати материаллари асосида.

Прочитано: 1502 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика