Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 29 / Божхона

Гиёҳвандлик – умр заволи

 

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бир вақтда ҳаётга енгил-елпи кўз билан қаровчи айрим ёшларнинг ҳамон бу оғу комига тушиб қолаётгани ачинарлидир. Ярамас иллатнинг авж олишида эса наркокурьерларнинг алоҳида «хизмати» бор.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, гиёҳванд моддаларни ташувчилар бу «заҳри қотил»ни мева-сабзавотлар ичида, қўл юклари, маиший буюмлар, кийим-кечаклар орасида, инсон танаси, ҳатто, ички аъзоларига яширган ҳолда олиб ўтишга уринмоқдалар.

Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятини аниқлаш ва чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳванд ўсимликлар майдонларини йўқ қилиш ва гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш бўйича махсус комплекс операцияларни мунтазам равишда амалга ошириб келмоқда.

Бунинг натижасида 2015 йилда аниқланган 425 та қонунбузарлик ҳолатида 435,4 кг гиёҳванд моддалар олиб қўйилган. Бундан ташқари, божхоначилар томонидан ҳамкорликдаги тадбирлар давомида 6 минг донадан ортиқ психотроп таблеткалар, 24,3 минг литр ва 32,7 кг прекурсорларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

2016 йилнинг ўтган даврида эса гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига, хусусан уларнинг юртимиз сарҳадлари орқали яширинча олиб ўтилишига қарши олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар давомида 100 дан ортиқ қонунбузарликлар фош этилиб, 200 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг йўли тўсилди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара-божхона комплекси орқали Афғонистондан кириб келган қозоғистонлик фуқаронинг сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда, целлофан пакетда қуритилган шифобахш гиёҳлар орасида 13 граммдан ортиқ оғирликдаги 3 дона кўкнори бошоқларининг ҳам борлиги фош бўлди.

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилишини аниқлашда турли назорат-рентген воситаларининг аҳамияти беқиёс. «Айритом» чегара-божхона комплексига ўрнатилган катта ҳажмдаги темир йўл вагонларининг сканер қилувчи қурилма кўмагида Афғонистондан кириб келган темир йўл составидаги вагонлардан бирининг орқа ғилдираклари кўз илғамас бўшлиқларига яширилган 1,2 кг дан ортиқ опийнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Амударёнинг Термиз тумани ҳудудидаги қирғоқларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида эса йил бошидан 170 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг яширин равишда олиб ўтилишининг олди олинди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида кинология хизматининг алоҳида ўрни бор. Божхона органларида ҳам контрабанда ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда хизмат итларидан кенг фойдаланилмоқда.

Хизмат итлари кўмагида «Сариосиё» темир йўл чегара-божхона постида қинғир қилмиш фош этилди: «Душанбе-Москва» йўловчи поезди таркибида ҳаракатланаётган вагонлардан бири божхона кўригидан ўтказилганда хизмат ити вагон ҳожатхонаси деразаси ёнида безовталаниб, шартли белгиларни намоён қилади. Натижада ушбу дераза ромлари синчиклаб кўздан кечирилганда, унинг қопламаси ичига скотч билан ўралган ўрам хуфиёна тарзда жойлаштирилгани маълум бўлди. Ўрамга 16 граммдан ортиқ гашиш гиёҳвандлик моддаси яширилган экан.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Тожикистондан республикамиз ҳудуди орқали транзит тарзида Қозоғистонга йўл олган юк поезди вагонлари ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, вагонлар устунларининг кўз илғамас бўшлиқларига 30 дона шубҳали ўрамлар яширилганлиги фош қилинди. Ўрамлар очиб кўрилганда эса уларга 18 кг дан ортиқ героин ва 14 кг дан ортиқ гашиш моддаси яширилганлиги маълум бўлди.

Хулосада айтиш мумкинки, гиёҳвандлик фақатгина унинг домига тушиб қолган шахснинг фожеаси эмас, балки жамият равнақига ҳамда юрт тараққиётига болта урувчи офатдир. Шундай экан, ушбу мудҳиш иллатга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, балки ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимизга айланмоғи керак.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати.

Прочитано: 3100 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика