Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 29 / Солиқ солиш

Боқимондани ортиқча тўлов билан ёпинг

 

Корхонанинг асосий фаолият тури – тиббий ускуналарни етказиб бериш, таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш ­(ХХТУТ коди – 14972), ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. ЯСТнинг 8%ини ўтказиш ҳақида «Камолот» жамғармаси билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома тузилган эди. Статистика органларидан 2016 йил 26 апрелдан бошлаб 2015 йил учун йиллик ҳисобот якунлари бўйича ­ХХТУТ коди 71150 этиб ўзгартирилганлиги ва ИФУТ коди 46460 берилганлиги ҳақида билдириш хати олдик. 2016 йил I чораги учун ЯСТ ҳисоб-китобига кўра «Камолот»га 8% ўтказилди.

2016 йилдан бошлаб савдо корхонасига айлангандан сўнг ЯСТнинг 8%ини «Камолот» жамғармасига ўтказишни давом эттириш керакми? Агар I чорак учун «Камолот»га ажратмалар қилинган бўлса, 2016 йилнинг ярми учун ЯСТ бўйича ҳисоботни қандай тўлдириш керак?

Т.Салоҳиддинова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммасининг 8 фоизи Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 30.05.2001 йилдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) мувофиқ савдо корхоналари «Камолот» жамғармасига тўловларни тўламайдилар. Тегишинча, корхонангиз жорий йилнинг I чораги учун ажратмаларни ўтказмаслиги керак эди.

Солиқ солиш мақсадида савдо корхоналари жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради (Солиқ кодексининг 350-моддаси). Бунда корхона статистика органларидан ХХТУТ коди ўзгарганлиги ҳақида билдириш хати олган пайтдан бошлаб эмас, балки жорий солиқ даври бошланган пайтдан, яъни 1 январдан савдо корхонасига айланади.

Солиқ кодексининг 31-моддасида белгиланганидек, солиқ тўловчи солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзи йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш, шунингдек солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пеня ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ундирилган суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Солиқ кодексининг 46-моддасига мувофиқ, солиқ органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (Солиқ кодексининг 38-моддасига кўра у 5 йилни ташкил этади) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга. Шундан келиб чиқиб I чорак учун ЯСТни қайта ҳисоб-китоб қилишингиз мумкин.

«Камолот» жамғармасига ажратмалар шартнома асосида ўтказилиши боис у билан шартномани бекор қилишингиз, шунингдек статистика органларининг ХХТУТ коди савдо корхонаси кодига ўзгартирилганлиги ҳақидаги билдириш хатини тақдим этган ҳолда ҳисоб-китобларни солиштиришингиз ҳамда солиштириш натижаларини далолатнома билан расмийлаштиришингиз зарур. Солиштириш далолатномаси ва ДСИга тақдим этилган қайта ҳисоб-китоб асосида корхонада «Камолот»га ажратмалар бўйича ортиқча тўлов ва ЯСТ бўйича боқимонда аниқланади. Солиқ органлари ва Жамғарма бўлимлари 2016 йил 1 июль ҳолати бўйича ўтказилиши керак бўлган ва амалда ўтказилган маблағларни солиштирганларида ҳам фарқлар мавжудлиги тасдиқланади (Низомнинг 9-банди).

Шу тариқа, савдо корхоналари «Камолот» жамғармасига ажратмаларни тўламасликлари боис I чорак учун ЯСТ бўйича аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этгандан сўнг 2016 йилнинг ярми учун ЯСТ ҳисоб-китобида «Камолот» жамғармасига 8%лик ажратмаларни чегирмай ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммасини кўрсатасиз.

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2144 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика