Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 29 / Ягонасан, муқаддас ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!

Ўзбекистон мева-сабзавотлари – жаҳон бозорида энг харидоргир

 

«Ўзэкспомарказ»да I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтди

 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июндаги Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан ташкил этилган мазкур ярмарка Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

  

Ярмаркада АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби қирқдан зиёд мамлакатдан кўплаб халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари, мамлакатимизнинг мева-сабзавотчилик соҳасида иш юритувчи корхоналари иштирок этди.

Мамлакатимизда йилига 17 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, уларнинг 4 миллион тоннадан зиёди экспорт қилинади. Ўтган йили юртимизда 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди.

 

 

 

Бундан йигирма беш йил аввал Ўзбекистонда аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат, мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, истиқлол туфайли мамлакатимиз уларни экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторидан ўрин олди. 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларимиз АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинаётгани бунинг ёрқин исботидир. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида экспорт жўғрофияси кенгайиб, ҳажми тобора ошмоқда.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси мамлакатимизнинг бу борадаги салоҳиятини яна бир бор намойиш этди. Ярмарка давомида соҳада мавжуд маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги шартномалар имзолаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида тақдимотлар ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида эришилаётган юксак самаралар, экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли маҳсулотлар билан хорижлик иштирокчиларни яқиндан таништирди.

Халқаро форум озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этди. Унда ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлаб турди.

Ярмарка доирасида экспортчилар ва Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари харидорлари ўртасида ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди, тадбир иштирокчилари мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборлар билан танишдилар.

Ярмарка доирасида «Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг устунлиги» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз олим ва тадқиқотчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот ва полиз маҳсулотларининг табиий хусусиятлари, юқори истеъмол сифати, соҳада амалга оширилаётган модернизация ва диверсификация самаралари ҳақида маърузалар тингланди.

Халқаро экспертлар Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини янада кўпайтириш учун катта салоҳиятга эга экани, ушбу ярмарка ва конференция бу салоҳиятни ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш ва истиқболли келишувларга эришиш учун яхши имконият яратганини таъкидлади.

Конференцияда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришнинг тежамкор технологиялари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини такомиллаштириш, ушбу маҳсулотларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, селекция ва уруғчилик, сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Ярмарка давомида Европа, Осиё ва МДҲ давлатларига экспортчи корхоналар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.

Ушбу анжуман мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

ЎзА материали асосида
тайёрланди.

 

Прочитано: 3658 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика