Norma.uz

Ўзганинг ҳақи

 

Ишнинг моҳияти

2015 йил январида омонат сақловчи (1-МЧЖ) билан юк топширувчи ­(2-МЧЖ) 100 млн сўмлик ноозиқ-овқат товарларини 6 ой муддатга омонат сақлаш шартномаси туздилар. 2-МЧЖ омонат сақлаш хизматлари ҳақини вақтида тўлади.

Омонат сақловчи 2015 йил июлида хусусий корхонадан омонат сақланаётган товарни бермай туриш ҳақидаги илтимос баён этилган хат олди, негаки юк топширувчи маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича фирмага 150 млн сўм қарз бўлиб қолган экан. Ўз навбатида хусусий фирма ­1-МЧЖдан қарздор бўлиб, омонат сақловчи шу қарзни узиш муддаоси билан омборхонани муҳрлаб қўйиб, 2-МЧЖга мол-мулкини олиб чиқишга ижозат бермаган, буни хусусий фирма кўрсатилган омонат сақлаш хизмати учун у билан ҳисоб-китоб қилиши нияти билан изоҳлаган.

Юк топширувчи омонат сақловчининг важ-корсонларига рози бўлмай, 2015 йил августда ўзганинг ноқонуний эгалигидаги 100 млн сўмлик мол-мулкни талаб қилиб олиш даъвоси билан судга мурожаат этган.

Ишни кўриб чиқишга низо предмети юзасидан мустақил талаб билдирмаган учинчи шахс сифатида хусусий фирма жалб этилди.

 

1-МЧЖнинг позицияси

2015 йил январда биз 2-МЧЖ билан 6 ой муддатга омонат сақлаш шартномаси туздик. У мол-мулки омонат сақланганлиги ҳақини вақтида тўлади. Шу билан бирга 2015 йил июлида хусусий фирма омборхонада омонат сақланаётган товарларни бермаслигимизни ёзма равишда сўради, негаки юк топширувчи унга маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича 150 млн сўм қарз бўлиб қолган экан. Ўз навбатида хусусий фирма биздан маҳсулотини омонат сақлаб берганимиз учун 2014 йил ноябридан буён 50 млн сўм қарз эди.

Шу сабабли биз юк топширувчининг мол-мулкини Фуқаролик кодексининг 290-моддасида назарда тутилган ушлаб қолиш ҳуқуқидан фойдаландик. Даъво рад этилишини сўраймиз.

 

 

2-МЧЖ позицияси

Биз омонат сақлаш шартномаси бўйича кўрсатилган хизматлар ҳақини вақтида, тўлиқ тўладик. Бироқ шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, омонат сақловчи унинг омборида турган, бизга тегишли 100 млн сўмлик мол-мулкни қайтариб беришдан бош тортди. У буни хусусий фирманинг илтимосига кўра, фирманинг мазкур юк топширувчи олдидаги қарзини узиш зарурати билан қилаётганлигини айтди. Биз омонат сақловчининг ҳаракатларини қонунга хилоф деб ҳисоблаймиз, чунки омонат сақлаш бўйича қарзимиз йўқ, хусусий фирма билан бизнинг ўртамиздаги ўзаро ҳисоб-китоб аҳволи омонат сақлаш шартномасига тааллуқли эмас. Шу сабабли Фуқаролик кодексининг 228-моддасига биноан мол-мулкимизни 1-МЧЖдан талаб қилиб олишни ва жавобгардан суд чиқимларини ундиришни сўраймиз.

 

 

Хусусий фирма позицияси

2015 йил июль ойи бошларида 2-МЧЖ ўз мол-мулкини 1-МЧЖ омборида омонат сақлаётганлигидан хабар топдик ва дарҳол омонат сақловчига мурожаат этиб, жамият етказиб берган товар учун биз билан ҳисоб-китоб қилмагунча мол-мулкини ушлаб туришни сўрадик. Мабодо 2-МЧЖдан пулларни оладиган бўлсак, 1-МЧЖ олдидаги қарзимизни узган бўлур эдик. Шу сабабли даъвони рад этишни сўраймиз.

 

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди ишга доир материалларни ўрганиб чиқиб, даъвогарнинг важлари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама этиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил этиб кўриб, юк топширувчи ўзганинг ноқонуний эгалигидаги 100 млн сўмлик мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво билан мурожаат этишига сабаб бўлган фактлар тасдиғини топди. Суд ФКнинг 290, 291 ва 888-моддаларига асосланиб омонат сақловчи юк топширувчининг мол-мулкини ғайриқонуний тарзда ушлаб турибди деб топди. Даъво талабларини тўла ҳажмда қаноатлантирди ҳамда суд чиқимларини – 1 млн сўмлик давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини жавобгар гарданига юклади. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари қарорни ўзгаришсиз қолдирдилар.

 

 

Юрист шарҳи

Фуқаролик кодексининг 888-моддасига биноан юк топширувчи шартномада назарда тутилган сақлаш муддати тамом бўлгач, сақлаш учун топширилган ашёни қайтариб олиши шарт. ФКнинг 290-моддасига кўра қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари қаpздоp томонидан муддатида бажарилмаган тақдирда уни тегишли мажбурият бажарилгунга қадар ушлаб қолишга ҳақли. Шундай қилиб, қарздор томонидан бузилган мажбурият бўйича ушлаб қолиш ҳуқуқи фақатгина кредиторга берилади. Бошқа шахс кредиторда турган қарздорнинг ашёсини унга бўлган ўз талаби бажарилишини таъминлаш мақсадида ушлаб қолишни сўраши мумкин эмас. Кредиторда ушлаб қолиш ҳуқуқи қарздор учинчи шахснинг эмас, балки уларнинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирдагина юзага келади. Шу боис 1-МЧЖда 2-МЧЖ мол-мулкини ушлаб қолишга қонуний асослар йўқ, у эса омбнат сақлаш шартномаси бўйича омонат сақловчидан қарздор эмас. 2-МЧЖ билан хусусий фирманинг, шунингдек хусусий фирма билан 1-МЧЖнинг ўзаро муносабатлари ўзганинг мол-мулкини ушлаб қолиш учун асос бўла олмайди. Шу боис суд даъво талабларини ҳақли равишда қаноатлантирди.

Вазият шундан далолат бермоқдаки, хусусий фирма қарзни узиш мақсадида, мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг ФКда назарда тутилган усулларини ўзгартириш ҳақида 1-МЧЖ билан келишиб олиши мумкин эди, бунда 1-МЧЖнинг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиш, қарз олиш ва шу сингарилардан фойдаланса бўларди. Ўз навбатида ­1-МЧЖ хўжалик судига хусусий фирмадан қарзни ундириб олиш, бинобарин, муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзига йўл қўймаслик мақсадида хўжалик судига мурожаат этса бўларди. Хусусий фирма эса 2-МЧЖдан 100 млн сўмлик қарзни ундириш талаби билан шундай қилиши мумкин эди.

_______________________________________________________

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1768 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика