Norma.uz

Ҳужжатларни тилхат олиб топширинг

 

Иссиқлик энергияси таъминотчиси истеъмолчи тақдим этган маълумотларни базага киритмади. Бунинг учун ким жавобгар бўлади? «Таъминотчилар» – дея жавоб беришади абонентлар. «Истеъмолчилар» –эътироз билдирди таъминотчилар. Ушбу муаммо шу қадар тез-тез вужудга келадики, ундан безор бўлдик. Бироқ шундай бўлса-да у кўп йиллардан бери ҳал этилмай келади.

 

Мавжуд қарзлар тўғрисида истеъмолчини хабардор қилиш лозимлиги қонун ҳужжатларида аниқ қилиб белгиланганига қарамай, кўпинча бу иш ўз вақтида қилинмайди. Қарз кўп йиллар мобайнида йиғилиб бораверади, истеъмолчидан эса жорий тўлов қабул қилинаверади. Кейин эса уни судга чақиришади ёки узоқ йиллар учун асоссиз ҳисобланмаларни ундириш тўғрисида даъво қилишади. Гўё қачонлардир истеъмолчи қандайдир маълумотномани тақдим этмагани учун. Хўп, таъминотчилар шунча вақт мобайнида қаерда эдилар? Умуман олганда, у ана шу маълумотномани тақдим этган ёки этмаганлиги қандай қилиб исботланади? Агар ўз вақтида тақдим этган бўлса, нима учун таъминотчи вакилининг пала-партишлиги учун жавоб бериши керак?

Ушбу муаммо сўнгги бир неча йилда анъанавий тус олиб бораётганлиги боис таъминотчилар шу тарзда ўз муаммоларини истеъмолчилар ҳисобидан ҳал этмоқдалар деган таассурот туғилади. Газетхонимизнинг навбатдаги мурожаати ҳам ана шу ҳақда.

 

2005 йилда (11 йил аввал!!! – таҳр) икки киши яшаган квартирадан оила аъзоларидан бири пропискадан ўчди ва доимий яшаш жойига кўчиб кетди. Иссиқлик таъминоти ташкилотига ўз вақтида ариза ва мазкур фуқаро Тошкентда прописка қилинмаганлигини тасдиқлайдиган маълумотномалар – 16 ва ­17-сон шакллар, шунингдек ХУМШдан маълумотнома тақдим этилди. Менга: «Ҳаммаси жойида», – дейишди. Ўша вақтдан бери мен бир киши учун иссиқ сувга ҳақ тўлайман, бунинг устига йил бошидан тўлаб қўяман.

Яқинда қарзни ундириш бўйича иш судга берилганлиги тўғрисида хабарнома олдим. Маълум бўлишича, менга 2005 йилдан бери икки киши учун ҳисоб-китоб қилишаркан. Нима эмиш – туман иссиқлик таъминоти ташкилотининг ходимлари оила таркибининг ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотларни компьютерга киритмабдилар. Агар туман «Иссиқликқуввати» ходими қоидабузарликка йўл қўйган бўлса, мен айбдорманми?!

Менга яна ҳужжатлар йиғишим ва таъминотчига тақдим этишим кераклигини айтиб, кўпдан-кўп маълумотномаларни ўз ичига оладиган рўйхатни тутқазишди.

Қуйидаги саволларимга жавоб берсангиз.

1. 11 йил мобайнида иссиқлик таъминоти ташкилоти тўлов хусусида ҳеч қандай эътирозлар билдирмади. У истеъмолчини қарз тўғрисида хабардор қилиши керакми ва қандай муддатда? Бу қайси ҳужжат билан тартибга солинади?

2. Қайси пайтдан бошлаб менга иссиқ сув учун қайта ҳисоб-китоб қилишлари керак: оила аъзоси рўйхатдан ўчган пайтданми (2005 йил) ёки ҳужжатлар «Иссиқсувқуввати»га иккинчи марта тақдим этилган пайтдан бошлабми? 2005 йилда мен иссиқлик таъминоти ташкилотига барча маълумотларни тақдим этганимни қандай исботлайман?

3. Иссиқлик таъминоти ташкилоти даъво қилиш муддатидан (3 йил) ошадиган давр учун қайта ҳисоб-китоб қила оладими?

4. Таъминотчи оила таркиби ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон базага киритмаганда истеъмолчи иссиқлик таъминоти ташкилотига қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак? Уларнинг рўйхати қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

О.Горбунова,

Тошкент ш.

 

Газетхоннинг саволларига «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК бош директори в.б.  
Фарҳод Ҳамидхонов жавоб беради.

 

– Уй-жой кодексининг 134-моддаси 3-қисмига кўра, кўп квартирали уйдаги турар жойларнинг мулкдорлари коммунал хизматлар учун тўловларни ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширишлари керак.

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) 100-бандига мувофиқ истеъмолчи истеъмол қилинган иссиқлик таъминоти хизмати учун 2 ҳафта ўтгач тўловни тўламаганда етказиб берувчи қарздорлик тўғрисида ёзма хабар беради. Дебиторлик қарзи борлиги тўғрисида хабарномаларни «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ходимлари ҳар ойда тарқатадилар.

Иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва тўлаш шартномасининг (бундан кейин – Шартнома) 2.3-банди истеъмолчини оила таркиби, сони, квартира эгаси, иситилаётган майдон ўзгарганда таъминотчига хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан тасдиқланган маълумотномани тақдим этишга мажбур қилади.

Қоидаларнинг 86-бандида белгиланишича, истеъмолчи юз берган ўзгаришлар (эгаси, одамлар сони, майдон ўзгариши, турар жой фондидан нотурар жой фондига ва нотурар жой фондидан турар жой фондига айлантириш) пайтидан (кунидан) бошлаб 10 иш кунидан кечикмай иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш шартномаси шартлари ўзгарганлиги тўғрисида етказиб берувчини ўз вақтида хабардор қилишга мажбур.

Шундан келиб чиқиб, ариза берувчи юқорида кўрсатилган ҳужжатни туман иссиқлик таъминоти бўлимига тақдим этиши керак. Ҳужжат уни қабул қилиш белгисининг борлиги билан тасдиқланиши керак, у абонент мурожаатининг исботи ҳисобланади. Аризачида 2005 йилдаги мурожаати қабул қилинганлиги тасдиғи бор бўлса, «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК, башарти тасдиқловчи ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилган бўлса, мурожаат этилган пайтдан, яъни 2005 йилдан бошлаб иссиқ сув таъминоти учун ҳисобланмаларни қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласини кўриб чиқади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Қоидаларнинг 90 ва ­93-бандларида назарда тутилишича, иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган жисмоний шахсларга етказиб берилган иссиқлик энергияси (иссиқ сув) қийматига ҳақ тўлаш иссиқ сув таъминоти хизматлари учун молия органи томонидан прописка қилинган ҳар бир кишига бир ой учун белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда амалга оширилади. Рўйхатдан ўтказилган фуқаролар бўлмаган турар жой хонадонларида хоналар сонидан келиб чиқади. Ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган абонентга, у вақтинча бўлмаган тақдирда, қайта ҳисоб-китобни амалга ошириш Қоидаларда назарда тутилмаган.

Юқорида баён этилганлар асосида ҳақиқатда ишлатилган иссиқ сув ҳажмини тўлаш учун абонент иссиқ сувни ҳисобга олишнинг индивидуал асбобини ўрнатиши лозим.

ФКнинг 150-моддасига кўра умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади. Бироқ шуни таъкидлаш зарурки, модданинг формулировкаси шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатга йўналтирилган (ФКнинг 149-моддаси). Истеъмолчи унга тақдим этилган ишлатилган иссиқлик энергияси суммасига қўшилмаган тақдирда таъминотчи истеъмолчига нисбатан қарзни ундириш ва даъво муддатини тиклаш тўғрисида даъво билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. Шунга эътибор қаратиш лозимки, ФПКнинг 57-моддасига кўра ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Қоидаларнинг 110-бандига мувофиқ, турар жой хонаси ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган тақдирда истеъмолчи унда яшовчи (шу жумладан, вақтинча яшовчи) фуқаролар сони кўпайганлиги ёки камайганлиги тўғрисида юз берган ўзгаришлар кунидан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай етказиб берувчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бунда етказиб берувчининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари ва хонанинг мулкдори ўртасида 3 томонлама далолатнома тузилади.

 

Таҳририятдан.

Қонун ҳужжатларида олувчининг (хизматлар етказиб берувчисининг) ҳужжатларни олиши тўғрисида тилхат берган ҳолда қабул қилиш мажбурияти белгиланмаган. Натижада уларни тақдим этувчи (абонент) ҳужжатлар топширилганлигини исботлай олмайди, бу эса етказиб берувчининг турли суиистеъмолликларига олиб келади.

Қоидалар ва Шартномага етказиб берувчининг истеъмолчиларни ҳужжатларни уларни олиши тўғрисида тилхат берган ҳолда қабул қилиш мажбуриятини белгилайдиган нормани киритиш таклиф этилади.

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ходимлари ҳар ойда абонентларга дебиторлик қарзи борлиги тўғрисида хабарномалар тарқатиши далили шубҳа уйғотади. Истеъмолчиларнинг Давлат рақобат қўмитаси, «Норма маслаҳатчи» газетаси, интернет-порталларга мурожаатлари, шахсий тажриба ҳам, тескарисини кўрсатяпти. Бир неча йиллик қарз кўп ҳолларда бундан абонентларни хабардор қилмасдан шакллантирилади, бу эса қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади.

Қоидалар ва Шартномага абонентнинг унга мавжуд қарз тўғрисида хабарнома топшириш чоғида хабарноманинг ўзида ва етказиб берувчида қоладиган корешогида имзо чекиш мажбуриятини белгилайдиган нормани киритиш таклиф қилинади.

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 2333 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика