Norma.uz

Ширкат-провайдер-мижоз: мулоқотнинг бошланиши

 

Ниҳоят телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида ХУМШ-провайдер-мижоз занжирида муносабатлар механизми белгиланди. Ушбу учбурчакнинг ўткир учларини юмшатиш Телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 24.11.2015 йилда 2733-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) юкланди. Ҳужжат телекоммуникация провайдерлари ва уйда яшовчиларнинг манфаатлари вакили ҳисобланган ширкатлар ўртасида телекоммуникация воситалари ҳамда иншоотларини жойлаштириш, ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш масалаларини тартибга солади.

 

Унинг пайдо бўлишини умумий мол-мулк объектларида телекоммуникациялар тармоқлари ва жиҳозларини жойлаштирмоқчи бўлган провайдерларнинг уйдан фойдалана олишлари йўлини ширкатлар томонидан тўсиб қўйиш амалиёти тақозо этди. ХУМШлар буни алоқачилар уйдаги умумий инфратузилмадан фойдаланиб, қўшимча юклама яратаётганликлари, унинг ҳолатини ёмонлаштираётганликлари билан асослайдилар. Шу боис провайдерларга шартнома тузишни ва ўз жиҳозларини монтаж қиладиган объектлардан фойдаланишга ҳақ тўлашни таклиф қилдилар. Улар ўз талабларини «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) 29-моддаси билан асосладилар, унга кўра умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари умумий йиғилиш белгилаган тартибда ХУМШ аъзоларига ёки бошқа шахсларга берилиши мумкин. Истисно тарзда фойдаланилганда умумий йиғилиш белгилаган миқдорда ХУМШга ҳақ тўлаш шартлиги назарда тутилган.

Провайдерлар умумий мол-мулкдан фойдаланмасликлари, балки уйда яшовчилар билан тузиладиган якка тартибдаги шартномалар асосида уларга хизмат кўрсатиб, ўз жиҳозларини тақдим этишларини айтиб, эътироз билдирдилар. Бунинг учун уни ХУМШ аъзолари фойдаланишида қоладиган умумий мулкнинг мулкдорларга тегишли бўлган қисмларига жойлаштирадилар. Ширкатлардан фарқ қилиб, алоқачилар бунинг учун ХУМШ билан шартнома тузиш, умумий йиғилиш розилигини олиш шарт эмас деб ҳисоблаганлар. Улар учун уйда яшовчи буюртмачилар билан шартнома тузиш етарлидир, фуқаролар бу билан уларга уйга кириш ва хизматлар кўрсатиш учун зарур ишларни бажаришга розилик берадилар. Провайдерларнинг уйга киришига йўл қўймай, ширкатлар истеъмолчи билан провайдер ўртасидаги шартноманинг бажарилишига тўсқинлик қилиб, истеъмолчиларнинг, хусусан, хизматни эркин танлаш ҳуқуқини бузадилар.

Масалан, ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида ҳал этилиши кераклиги аниқ. Амалиётда эса кўп ҳолларда қарорни ширкат бошқаруви қабул қилган. Шу сабабли муаммо 3 тараф: ХУМШ, истеъмолчилар, провайдерларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тартибга солишни талаб этади. Низом буни қандай ҳал этди?

 

Ҳаммасини умумий йиғилиш ҳал этади

Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини турар жойларда жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш учун энди провайдернинг ширкатга ёзма сўров юбориши талаб қилинади. Унга юридик шахснинг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини, берилган лицензиянинг нусхаларини, ўрнатилаётган телекоммуникация ускуналари ҳақидаги маълумотларни илова қилиши керак.

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши сўров келиб тушган кундан бошлаб 30 кундан кечикмай қарор қабул қилиши керак (Низомнинг 4 ва 5-бандлари). Унда яшовчилар телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни, шунингдек улар жойлаштириладиган умумий мол-мулк бир қисмини ижарага олиш шартлари ва нархини муҳокама қилдилар (Низомнинг 7-банди).

Низомда қандай ҳолларда умумий йиғилиш провайдерларга жойлаштиришни (ўз ускунасини ўрнатишни) рад этиши мумкинлиги белгиланган. Бунинг учун қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланиши мумкин: тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг аниқланиши; телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) учун техник имкониятнинг йўқлиги; ширкат аъзоларининг 50%дан кўп овоз билан салбий қарор қабул қилиши (Низомнинг 8-банди). Агар умумий йиғилиш ижобий қарор қабул қилса, ширкат шартнома тузишга доир музокараларни бошлаш тўғрисида 5 иш кунидан ошмаган муддатда провайдерга хабар қилиши керак (Низомнинг 9-банди).

 

Оператор зарарни қоплайди

Шартнома телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), ўзаро ҳисоб-китоблар юритилиши тўғрисидаги шартларни, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олади. Унда қарама-қаршиликларни вужудга келтирган ва ХУМШга унинг уйга алоқачиларни киритмаслиги учун асос-далиллар бўлиб хизмат қилган масалалар тартибга солинган. Хусусан, провайдер техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ хавфсизлик чораларини таъминлаши керак. Улар бузилган ҳолда телекоммуникация воситалари ва иншоотлари провайдер маблағлари ҳисобидан демонтаж қилиниши зарур (Низомнинг 13 ва 14-бандлари). Монтаж ёки демонтаж қилиш ишлари оқибатида умумий мол-мулкка етказилган шикастланишлар бартараф этилиши, объектнинг йўқолган ёки шакли ўзгарган қисмлари провайдернинг шахсий ҳисобидан тўлиқ тикланиши лозим. Мол-мулкнинг ширкатга провайдер томонидан қайтариб берилиши ХУМШ томонидан объектнинг ҳолатига нисбатан даъволари йўқлиги кўрсатилган далолатнома асосида амалга оширилади (Низомнинг 15 ва 16-бандлари).

Низомнинг 21-бандига эътибор бериш лозим, унда белгиланишича, ХУМШ форс-мажор ҳолатларидан ташқари, мустақил равишда телекоммуникация воситалари ва иншоотларини электр таъминотидан узиб қўйиш ёки демонтаж қилиш ёхуд бошқа усул билан провайдер ишларини ўтказишга тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ширкат томонидан форс-мажор ҳолатлари натижасида электр таъминоти мажбуран узиб қўйилган ҳолда ширкат шартномага мувофиқ алоқа воситалари орқали бу ҳақда провайдерга хабар қилади (Низомнинг 22-банди). ХУМШ шартномада белгиланган муддатда телекоммуникация воситалари ва иншоотлари жойлашган ширкат объектларида таъмирлаш ишлари ўтказилиши тўғрисида провайдерни хабардор қилади (Низомнинг 23-банди).

Ўзаро ҳисоб-китобларга келсак, ширкат объектидан фойдаланганлик учун тўлов, уни амалга ошириш тартиби ва муддатлари шартнома билан белгиланади (Низомнинг 24 ва 25-бандлари).

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1949 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика