Norma.uz

Уйни ўзимиз бошқарамиз. Биринчи қисм

 

Кўп квартирали уйни турар жой мулкдорлари жамоаси томонидан ХУМШ ташкил этмай туриб бошқариш қонун ҳужжатларида етарлича тартибга солинган эмас. Шу ишнинг ижобий ва салбий жиҳатларини муҳокама этишда одамларда кўплаб савол ва шубҳалар юзага келмоқда. Ўз-ўзини бошқариш усулига ўтганларда коммунал хизматлар кўрсатувчилар (етказиб берувчилар) билан шартномалар тузишда, умумий мол-мулк таъминоти учун мўлжалланган бадаллар йиғиш ва сақлашда, маълумотнома беришда, уйга хизмат кўрсатиш, уни таъмирлашда муаммолар келиб чиқиши муқаррар. Бу муаммолар, асосан бошқа кўп қаватли уйлардаги квартира мулкдорлари жамоаларининг амалиётидан, шунингдек фаолияти ўхшашроқ ХУМШлар фаолиятидан келиб чиқиб ҳал этилади.

Биз яшайдиган уй икки ярим йил муқаддам ўз-ўзини бошқаришни ихтиёр этиб, ширкат таркибидан чиққан эди. Тажрибамиз шунга ўхшаш муаммоларни ҳал этишда бошқа мулкдорлар жамоаларига асқотади деб умид қиламиз.

 

Ширкатимизни текшириб берсангиз

2011 йилнинг декабрида Мирзо Улуғбек туманидаги Қодиров кўчасида жойлашган бизнинг 11-уй ва қўшни ­9-А-уй негизида «Шалола Коммуналчи» ХУМШ барпо этилганди. 2012 йил октябрида ширкатнинг ижрочи директори мажлисида бизнинг тўрт қаватли 48 квартирадан иборат уйимиз аҳлига иситиш тизими қувурининг пойпешдан асосий боғламага қадар бўлган қисми занглаб ишдан чиққанлиги, уни алмаштириш зарурлигини айтди. Бироқ ХУМШда бунинг учун маблағ йўқ экан. Шу сабабли нақд пул йиғилса, у қувурни сотиб олиб, алмаштириш билан шуғулланар эмиш. Ана шу сумма мажбурий бадаллар тўлови ҳисобига киритилади деб ваъда ҳам берди у.

Уй фаоллари қувурнинг ҳолатини текшириб кўриш мақсадида ертўлага тушишди. Дарҳақиқат, қувурнинг биринчи йўлакдан то тўртинчи йўлаккача бўлган қисми илма тешик бўлиб кетган, иссиқ сув тизиллаб оқиб ётар эди. Бундан ташқари, иккита йўлак остидаги канализация тизими ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган, оқава сувлар тўғридан-тўғри ертўлага тушмоқда эди. Ертўла мутлақо ёритилмасди. Маълум бўлишича, ижрочи директор ёздаёқ қувурни алмаштириш учун одамларимиздан пул йиғиб олган, уларга қайта ҳисоб-китоб қилиш учун маълумотнома ёзиб берган бўлса-да, аслида ҳеч нарса қилмаган экан.

Умумий йиғилишда у ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари ва депозит ҳисобварақдаги 30 фоизли ажратмалар нимага сарфланганлиги ҳақида тайинли бир нарса дея олмади. Шу муносабат билан уй аҳли ХУМШни текшириб кўриш керак деган фикрга борди. 2013 йил январидан эътиборан етти ой мобайнида текширув ўтказиб беришни сўраб турли жойларга мурожаат қилдик. Туман ДСИдан бизга келган жавобга ширкат ижрочи директорининг хати илова қилинган бўлиб, унда ширкат фаолият олиб борган даврда қанча мажбурий бадал тўпланганлиги, қанчаси қандай мақсадларда сарфланганлиги изоҳлаб берилганди. Бу маълумотлар янада кўпроқ саволларга сабабчи бўлди. Хусусан, асосий ва депозит ҳисобварақлардаги нақд маблағлар юзасидан, уй томини қисман таъмирлашда ишлатилган битум ва рубероид миқдори хусусида саволлар туғилди. Солиқ инспекциясидагилар ХУМШнинг хўжалик фаолияти тафтиш комиссияси томонидан текшириб кўрилишини маслаҳат бердилар.

Умумий йиғилишда комиссия сайланди. Ижрочи директордан тафтишчиларга барча зарур ҳужжатларни тақдим этиш сўралди. У шундай қилиш ўрнига, зўр бериб комиссия ишига тўсқинлик қилиш, тўғаноқ бўлиш пайига тушди. Ҳужжатларни бермади, томни таъмирлаш юзасидан ҳақиқатда бажарилган ишларни текшириш учун комиссия аъзолари уй томига чиқишига қаршилик қилди. Қўни-қўшнилар ёрдамида барибир томга чиқиб, қилинган ишларни кўздан кечирдик. Ижрочи директор шошилтиргани сабабли бўлса керак, тафтиш комиссияси шахсий ҳисобварақлар китоби бўйича пул маблағлари ўтказмаларининг ХУМШ ҳисоб-китоб варағидаги тушумларга мувофиқлигини текшириб кўришнинг иложини қила олмади.

Уй аҳлининг қатъиятлилигига ўчакишгандай ижрочи директор уйимизга очиқдан-очиқ зарар келтириш йўлига ўтиб олди, хусусан ширкатнинг сантехнигига тўрт қаватли уйимизга хизмат кўрсатмасликни тайинлабди. Айни бир вақтда иссиқлик таъминоти ходимлари барча ХУМШларни иссиқлик тармоқлари энг юқори ҳароратдаги иссиқлик ва босимга чидамлилиги юзасидан синовдан ўтказилишидан хабардор қилди. Натижада уйимизнинг иситиш тизимини тайёрлаш билан боғлиқ барча ишларни, синов пайтида авариялар содир бўлмаслиги, батареялар ёрилиб кетиб, уйларни сув босмаслигини кўзлаб, ўзимиз ўтказа қолдик.

Тафтиш комиссияси ижрочи директор томонидан қонун ҳужжатлари кўп бора бузилганлиги ҳақида, қилинган ишлар ҳажмини ошириб кўрсатиш натижасида етказилган зарар тўғрисида, ҳар иккала уй томи қисман таъмирланганда рубероид ва битум сарфиёти ҳақида текширув натижалари асосида умумий йиғилишга ҳисобот тақдим этди.

Ана шу асосда биз яна нуфузли идораларга текширув ўтказиш илтимоси билан арз қилдик. Туман прокуратураси бу ишни ДСИга топширди. Тафтиш комиссияси аъзолари солиқ инспекцияси текширувида иштирок этишни, шунингдек томни таъмирлаш юзасидан ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмини ҳисоблаб кўришни қатъият билан сўрадилар. Натижада ширкат тафтишчиларининг ижрочи директор қинғирликлари ҳақидаги хулосалари тўла-тўкис тасдиқланди. Прокуратура уни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқарди.

 

Уй ободлиги йўлида

Ана шу пайт кутилмаганда уйнинг иситиш тизимини сув билан ювиб тозалаш муаммоси чиқиб қолди. Бу хусусда ижрочи директорга мурожаат қилиш бефойда. «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси эса, ана шу ишларни амалга ошириш юзасидан биз билан шартнома тузишни, тўрт қаватли уйимиз ХУМШ таркибида эканлиги боис, рад этди. Иссиқлик таъминоти вакиллари уйимиз жойлашган ҳудуд бўйича «Шалола» маҳалласи билан шартнома тузиш таклифини илгари суришди. Биз маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Қодировга мурожаат этдик. Кечмиш ишлар ҳақидаги сўзларимизни тинглаб, барча хатлар билан танишиб чиққач, у бизни қийнаётган муаммони тушунди ва тўрт қаватли уй иситиш тизимини сув билан ювиб тозалаш хусусида «Тошиссиққуввати» унитар корхонаси билан шартнома тузди.

Ҳозирги кунда Мажид ака кексалик гаштини сурмоқда. Уйимиздаги барча хонадонлар аҳли номидан унга вақтида ёрдам кўрсатганлиги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман, ўша биз учун оғирроқ кунларда М.Қодировнинг оқил, узоқни кўра биладиган раҳбар эканлиги билинди. Уйнинг умумий мол-мулкини ХУМШ ташкил этмай туриб, бевосита ўз-ўзини бошқариш орқали идора этишнинг афзалликларини тушуниб, бизнинг уйдагилардан мададини аямади, вақтида қўллаб-қувватлади.

Кўп қаватли уйимизнинг келажаги ҳақида кўп ўйладик. Ўшанда тасодиф бўлиб қўлимга «Norma» нашриёти томонидан чиқарилган «Биз яшайдиган уй» брошюраси тушиб қолди. Уйнинг умумий мол-мулкини турар жой мулкдорлари ширкат тузмасдан ва юридик шахс ташкил этмасдан туриб ҳам бошқариш имконияти борлигини шу рисоладан билиб олдик. Бу нарса Уй-жой кодексининг 127, 138, 139-моддалари ҳамда Фуқаролик кодексининг 219-моддасида назарда тутилган экан.

Таваккал қилиб кўрмоқчи бўлдик ва 2013 йил августида турар жой мулкдорларининг умумий йиғилишини ўтказдик, унда «Шалола Коммуналчи» ХУМШ таркибидан чиқиш ва ўз-ўзини бошқаришга ўтиш ҳақидаги қарор 100 фоиз овоз билан қабул қилинди. Уй қўмитасини, уй кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайладик. Ҳамма уй ободлиги ва фаровонлиги йўлида пул олмай ишлашига, мажбурий бадаллар тўлашдан озод этилмаслигига келишиб олдик. Биринчи навбатда қилинадиган ишлар рўйхатини белгилаб олиб смета туздик, умумий мол-мулк таъминоти учун мажбурий бадал миқдорини ҳисоблаб чиқдик. Буларнинг бари умумий йиғилишда тасдиқланди. Йиғилиш қарори билан Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) асосида ишлаб чиқилган, умумий мол-мулкни мазкур уйдаги турар жой мулкдорлари ва яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорлари томонидан бевосита бошқариш тартиби тўғрисидаги битим ҳам тасдиқланди. Бирдан бир мақсадимиз ўзимиз яшайдиган уйни ХУМШ раҳбарияти мубтало этган чуқур тангликдан олиб чиқиш эди. Қароримиз ҳақида ширкат ижрочи директорини ёзма равишда хабардор қилдик. Ундан техник ҳужжатларни беришни, дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси тузишни сўрадик. Орадан тўрт ой ўтганидан кейингина жавоб олдик, у йўқотиб қўйганмиз деган важ билан техник ҳужжатларни бермади.

 

Ҳужжатларни синчковлик билан ўқиш керак

Дастлабки босқичда турли тузилма вакилларининг ҳуқуқий хабарсизлиги бизни анча қийнади. Шу боис уйнинг умумий мол-мулкини ХУМШ ташкил этмай туриб турар жой мулкдорлари жамоаси томонидан бошқариш қонун ҳужжатларимизда назарда тутилганлигини кўрсатиб беришга, исботлашга тўғри келди. 2013 йил ноябрида банклар ширкатларга умумий мол-мулкни капитал таъмирлаш учун кредитлар олишга даъват эта бошладилар. Биз уйни ХУМШсиз бошқараётганлигимизни билгач, ТИФ Миллий банкининг Академия филиали бизни қонун ҳужжатлари талабларини бузганликда, умумий мол-мулк таъминоти учун нақд пулларни қонунга хилоф тарзда йиққанликда айблаб фирибгарга чиқариб қўяёзди. Умумий йиғилишда «Шалола Коммуналчи» ХУМШ таркибига қайтишга ёки бир уйдан ташкил топган ширкат тузишга мажбур қилмоқчи бўлишди, ана шундагина томни таъмирлашга кредит олишимиз мумкинлигини писанда қилишди. Лекин бизникилар ширкат таркибида эканлигимизда уй муаммолари йиллаб ҳал этилмаганлигини эслаб, таклифга унамадилар. Томимиздан 2 йил чакка ўтиб ётди. ХУМШ таркибидан чиққач, 2 ой ўтиши билан оқ томни қисман таъмирладик, бунга 25 рулон фольгоизол кетди.

Йиғилишда банк вакилларини қонун ҳужжатларимизнинг уйнинг умумий мол-мулкини мулкдорлар жамоаси ХУМШ тузмасдан туриб бошқариши мумкинлиги назарда тутилган қоидалари билан, шунингдек Фуқаролик кодексининг фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкинлигини назарда тутувчи 790-моддаси билан таништирдик. Йиғилишдан сўнг банк бошқарувчисига хат йўллаб, унга умумий йиғилиш баённомасини илова қилдик, айни чоғда кредит олиш таклифини оғир ботмайдиган тарзда рад қилдик. Уй хўжалиги билан боғлиқ муаммоларни ўзимиз, қарз аралаштирмаган ҳолда уддалашимизга ишончимиз комил эди.

Бу орада ХУМШдагилар ҳам тинч ўтиришмади. Ширкат юристи ижрочи директорнинг ундови билан уйни ширкат тузмай туриб бошқариш қонунга хилоф эканлигини, Фуқаролик ва Уй-жой кодексларини нотўғри талқин этаётганлигимизни исботлашга уринди. Оммавий ахборот воситаларида, Интернет порталларида эълон қилинган, уйни ХУМШ тузмай туриб бошқариш мумкин эканлиги тўғрисидаги материалларни, аввало қонун ҳужжатларини тақдим этиб, ҳуқуқий саводсизликни тугатиш билан шуғулланишга ҳам тўғри келди. Юристдан ҳаракатларимизнинг ноқонунийлигини лицензияси тартиб рақамини кўрсатган ҳолда ёзма равишда асослаб беришини сўраганимиз ҳамони, барча даъво ва иддаолар барҳам топди.

Ҳуқуқбузарликлар содир этаётганимиз хусусидаги гап-сўз ва таъналардан безор бўлиб, бир қанча нуфузли идораларга кўп квартирали уйни жой мулкдорлари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бошқариши мумкинми деган савол билан мурожаат қилдик. Қонун ҳужжатларимизда белгилаб қўйилган нормани турли тузилмаларда тасдиқлатиб олиш маънисизлик бўлиб туюлса керак. Ҳамонки, қонун нормаларига беписанд қараш барҳам топмаган экан, ҳар қандай усул ҳам иш бериши мумкин. Туман ҳокимлигидан кўп квартирали уйни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бошқариб бўлмайди деган жавоб олдик, бунга «Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида»ги Қонунни асос қилиб олишибди. Мазкур Қонун ширкатларга татбиқ этилади, аммо унда уйни ўзини ўзи бошқаришни тақиқловчи нормалар йўқ. «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва Конституциявий суд қонун ҳужжатлари бошқарувнинг бу усулини ман этмаслигини маълум қилишган.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бугунги кунда ИДХЯП имкониятлари жуда катта. Биз ана шу портал орқали турли тузилмалар билан ёзишмалар ва амалий мулоқот олиб бормоқдамиз. Бу эса кўпгина масалаларни ҳал этишга, вақтни тежашга, қатор бюрократик ғов-тўсиқлардан халос бўлишга ёрдам берди.

 

Қарздан воз кечишди

2014 йил февралда «Шалола Коммуналчи» ширкатининг ижрочи директори ниҳоят бизнинг уй билан ХУМШ ўртасида тақсимлаш балансини тақдим этди. Ундан шу нарса аён бўлдики, биз ... ширкатга 7 млн сўм қарз эканмиз. Бироқ ана шу қарз нималар ҳисобидан ҳосил бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган эди. Уларни 1 ойдан кейин олдик, арифметик хатоларга тўла бу ҳужжатларни ширкат яна 2 ой тузатди. Биз ижрочи директорнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида, яъни бажарилган ишлар ҳажмини ошириб кўрсатиш; материалларни меъёрдан ортиқча ҳисобдан чиқариш; одамлардан нақд пул йиғиб олиш ва шу сингари ишлар оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаб чиқдик. Депозит ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғининг ҳам ҳисобини қилдик. Натижада бизнинг уй ХУМШга 7 млн сўм қарз эмас, аксинча ширкат бизга 2 млн сўм қарз бўлиб чиқди.

Бизнинг уйни умум уй эҳтиёжлари учун электр энергияси етказиб беришдан узиб қўймасликларини ўйлаб, туман электр таъминотида солиштирув далолатномасини ҳамда тўрт қаватли уйимиз 1,8 млн сўм қарз ҳисобини олдик. Қарздан 2 ойда қутулдик. Пулни тўғридан-тўғри Тошкент шаҳар электр таъминоти корхонасининг ҳисобварағига киритдик, бу билан улардан ширкат белгиланмаган мақсадда фойдаланиши олдини олдик. Қолаверса, ХУМШнинг молиявий аҳволи оғир эканлигини, унинг таркибида қолган уй авария ҳолатида эканлигини инобатга олиб, ширкатнинг қарзидан кечиб, тарафлар ўртасида келишув тузишни таклиф қилдик.

____________________________________

Максим Черников,

уй қўмитаси бошлиғи.

Муаллиф фотолари.

Прочитано: 2185 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика