Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 50 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Ҳикмат бордир ўсма кетар, қош қолар деган нақлда

 

Йўл-транспорт ҳодисаларини тергов қилиш ва очишда лок-бўёқ материаллари ва қопламаларини экспертиза қилишнинг ўрни бўлак. Бундай экспертиза транспорт воситалари тўқнашиб кетганлигига, пиёдалар уриб (босиб) кетилганлигига, дов-дарахтлар, бино ва иншоотлар, йўл ёқасидаги устунлар ва муҳофаза четанларига бориб урилганлигига оид ишлар бўйича тайинланади. Бундай ҳолларда, одатда, ҳодиса содир бўлган жойда автомобилларнинг лок-бўёқ қопламалари излари парча зарра ҳолида, у ёки бу нарсага урилганлик «ҳосиласи» сифатида топилади.

 

Йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча гувоҳларсиз, ўзгаларнинг назаридан ҳоли тарзда содир бўлади, ҳодиса иштирокчиларининг гаплари, кўрсатувлари эса, пойинтар-сойинтар, бир-бирига зид бўлади. Оқибат натижада терговда иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш қийин кечади, кўплаб саволлар келиб чиқади. Шу боис, жабрланувчиларнинг уст-бошида, автомобиль сиртида, йўл қопламасида, устунлар ва йўл четанларида қолдирилган бўёқ излари ҳодиса ҳолатларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

ЖИМИТ ИЗЛАР ВА ЖИМИТ ОБЪЕКТЛАР

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда автоқопламадан бир қатламли ва кўп қатламли, анчагина уринган бўёқ парчалари, жимит парчалар учиб тушиши ва бирон нарсага ёпишиб қолиши мумкин. Жабрланувчининг уст-бошидаги ёки бошқа транспортнинг қисмларидаги ана шундай излар бўйича автомобиль билан содир бўлган ҳодиса иштирокчисини идентификация қилиш талаб этилади. Бундай кезлари экспертга кўпинча жимит объектлар билан иш олиб боришга тўғри келади.

Олинган бўёқ излари ашёвий далил бўлиб қолади. Булар экспертизага тақдим этилгач, синчковлик билан, пухта текширилади. Лок-бўёқ қопламанинг кўп босқичли экспертизаси текширишнинг микроскопик, кимёвий, воситалар ёрдамидаги усулларини қамраб олади. Шу усуллар туфайли мутахассислар тақдим этилган намуналарнинг морфологик белгилари ҳақида, кимёвий таркиби хусусида криминалистлар олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун керакли қимматли ахборот оладилар.

 

Пиёдани туртиб ўтиб кетганлик тўғрисидаги жиноят иши бўйича экспертизага ҳодиса содир бўлган жойдан топилган оқ бўёқ парчаларини олиб келишди. Тергов айни шундай лок-бўёқ қопламали «Дамас» автомобилидан шубҳа қилмоқда эди. Автомашинанинг олд қисми шубҳага асос бўладиган тарзда шикастланганлигига қарамай, машина эгаси йўл-транспорт ҳодисасига дахлдорлигини қатъиян рад этар эди.

Жабрланувчининг камзули синчковлик билан текшириб кўрилганида, оқ рангли буюмга урилган жойи аниқланди. Текшириш асносида экспертлар бу автомобиль бўёғининг майда зарралари эканлигини ва кимёвий таркибига кўра гумон қилинаётган автомобиль қопламаси билан бир хиллигини аниқладилар. Ана шу экспертиза натижалари толали материалларни трассологик ва криминалистик текшириш хулосалари билан биргаликда жиноятни фош қилишга ёрдам берди.

 

ЯҚҚОЛ БЎЛМАСА-ДА...

Экспертлик амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, бир хил рангдаги автомашиналар лок-бўёқ қопламасининг физик ва ­кимёвий хоссалари тузилиши, ташқи кўрсаткичлари, таркиби бўйича фарқланиши мумкин. Битта автомобиль қопламасининг ташқи кўриниши ўхшашлиги худди шу рангдаги бошқа машина қопламаси кўринишидан жиддий тарзда ажралиб туради.

Ана шу тафовутларни оддий кўз билан пайқаш қийин. Аммо экспертлар бу мураккаб вазифани воситалар ёрдамидаги усуллар ҳамда кимёвий усуллар билан ҳал этишга муваффақ бўладилар. Шу йўл билан олинган маълумотлар терговни хатоликлардан холи этади. Экспертлик амалиётида ишониб бўлмайдиган ғаройиботлар рост бўлиб чиққанлигига оид ҳоллар ҳам учрайди.

 

Мовий-кумуш рангли «Спарк» гавжум чорраҳада беўхшов бурилиб, оқ «Матиз»нинг эшигига бориб урилди-ю, ўша заҳоти жуфтакни ростлаб қолди. «Матиз» ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасини, қочиб қолган машинанинг ёдида қолган рақамини тегишли жойга хабар қилди. Тез орада гумон қилинаётган мовий-кумуш ранг «Спарк» тўхтатилди. Аммо унинг эгаси ҳаммасини рад этди. Низони ҳал этиш учун лок-бўёқ қопламасининг экспертизаси тайинланди.

«Матиз» ўнг эшигининг шикаст топган қисмида эксперт мовий-кумуш ранг бўёқ парча ва зарраларини аниқлагач, уларни текшириш учун олди. «Спарк»дан ҳам қоплама намуналари олинди. Натижада экспертлар текширув учун олинган нарсалар туркум белгилар, хусусан, ранг жилоси, қоплама хусусияти, қопламани тушириш усули билан фарқ қилишини аниқладилар.

Ана шу тафовутлар гумон қилинаётган машинанинг содир бўлган воқеага дахлдор эмаслиги ҳақида қатъий қарор чиқариш учун етарли эди. Аниқланган факт «Спарк» эгасининг кўрсатувларини тасдиқлади ва терговни хато йўлдан асраб қолди.

 

ИЗЛАРНИ ИЗЛАБ

Транспорт воситалари тўқнашиб кетганда ёки пиёдаларни уриб юборганда, кўпинча, автомобилнинг уст қисми ёки жабрланувчиларнинг уст-бошида лок-бўёқ излари ва қоплама парчалари қолади. Криминалист эксперт муайян белгиларига қараб уларнинг келиб чиқишини аниқлайди. Бу эса, бировни уриб юборганлик натижасида қоладиган автомобиль бўёғи изларини тергов қилинаётган ҳодиса билан боғлиқ бўлмаган шунга ўхшаш излардан фарқлаш имконини беради.

Бир бўёқчини уриб (босиб) кетганлик факти бўйича эксперт олдига айни шундай вазифа қўйилган эди. Ҳалок бўлган пиёданинг экспертизага топширилган уст-бошида бўёқ излари кўп эди. Текшириш мобайнида, касб-корида ишлатилувчи бўёқларни уриб юборган автомобилдан қолган бўёқ парчаларидан фарқлаш мумкин бўлди.

Автомобиль бўёғининг изларида фарқ қилувчи жиҳатлар кўп. Булар жумласига кўзгу монанд акс эттириш принципини, яъни автомобиль бўёғининг устки (безак) қатлами остда, остки (қоралама) қатлами эса устда бўлиб қолиши принципи бор. Экспертлар томонидан аниқланган ана шу факт, кўпинча, ҳодиса ҳолатларини ойдинлаштириш имконини беради.

 

Пиёдалардан бирини туртиб юборганлик ҳақидаги жиноят ишини тергов қилишда эксперт уриб кетилганда жабрланувчининг уст-бошида қолдирилган оч жигарранг бўёқ белгиларини текширди. Бундан ташқари, экспертизага оч жигарранг «Дамас» автомобили ҳам тақдим этилган эди – ҳайдовчиси шу ишга дахлдор деб гумон қилинаётган экан.

Эксперт текшируви асносида жабрланувчининг кийимидаги бўёқ зарралари кўзгу монанд акс эттирув принципи бўйича кўп қатламли автомобиль бўёғи излари эканлиги аниқланди. Қора рангли юқори (безак) қатлам кийим матосига сингишиб кетган, қуйи оч жигарранг қатлам сиртга чиқиб қолган эди.

Шу зайил текширув кийимдаги лок-бўёқ изларини оч жигарранг эмас, балки қора рангли автомобиль қолдирганлигини аниқлади. Бу маълумот оч жигарранг «Дамас» ҳайдовчисига қўйилган асоссиз айбловларга чек қўйиб, тергов қора рангли автомашинани излаш сари йўналтирилишига олиб келди.

 

Элеонора ПАК,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд

экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 1917 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика