Norma.uz

Ҳар қандай аниқлаштиришга қўшимча ҳақ

 

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Буюртмачи (1-МЧЖ) ва ижрочи (2-МЧЖ) 2015 йил июнда реклама хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишди, унда муайян веб-сайтда қиймати 400 минг сўм бўлган PR-материалларни жойлаштириш назарда тутилган эди. Шартнома шартларига кўра буюртмачи 5 иш куни мобайнида ижрочига бутун суммани олдиндан тўлаши ва унга веб-сайтда тарқатиш учун PR-материалларни бериши керак эди. Ижрочи PR-материалларни унинг ҳисобрақамига тўлов келиб тушгандан кейин 5 иш куни мобайнида Интернетга жойлаштириш мажбуриятини олди.

1-МЧЖ олдиндан ҳақни ўз вақтида тўлади, 2-МЧЖ эса июнь охирида уларни жойлаштирди. Буюртмачи ижрочига хат юбориб, унда PR-материалларни бериш пайтида унинг юридик манзили ўзгарганлигини кўрсатди. Айни шу сабабли барча PR-материалларга тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим эди. 1-МЧЖ 2-МЧЖдан буни кўрсатиладиган хизматлар қийматини оширмасдан қилишни сўради. Бироқ ижрочи рад жавоби бериб, PR-материалларни Интернет тармоғига фақат бир маротаба жойлаштиришни назарда тутадиган шартнома қоидаларини рўкач қилди. Унга кўра биргаликда ишлаш жараёнида юзага келадиган, шартномада назарда тутилмаган қўшимча жойлаштиришларга, қўшимча битим тузилгандан кейин буюртмачи томонидан ижрочи тақдим этадиган спецификация бўйича алоҳида ҳақ тўланади.

Ушбу важларга қўшилмаган буюртмачи 2015 йил июлда хўжалик судига ижрочига нисбатан тўланган 400 минг сўмни қайтариш, шунингдек 118 400 сўм* давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз белгиланган муддатларда олдиндан ҳақни тўлиқ ўтказдик. Ижрочи эса ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармади, бу ҳол юридик манзил ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни жойлаштиришни рад этишда ифодаланди. У PR-материал деб ҳисобланиши мумкин эмас, шу боис ҳам ижрочи уни ҳақ олмасдан жойлаштириши шарт эди. Шартноманинг ­7.5-бандига мувофиқ, ижрочи ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ҳолатида буюртмачи бу ҳақда ижрочини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда шартномани бир тарафлама тартибда бекор қилиш ва ҳақиқатда кўрсатилган хизматларни истисно этган ҳолда тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Хизматлар лозим даражада кўрсатилмаган, шу боис даъвони қондиришни сўраймиз.

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз шартнома шартларига мувофиқ PR-материалларни Интернет тармоғига қайд этилган веб-тармоқда виждонан ва тўлиқ ҳажмда жойлаштирдик. Буни кўрсатилган хизматлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура тасдиқлайди. Шартноманинг ­1.3-бандига мувофиқ, биргаликда ишлаш жараёнида вужудга келадиган, шартномада таъкидланмаган барча қўшимча жойлаштиришларга буюртмачи унга тақдим этилган спецификацияга мувофиқ, қўшимча битим тузилгандан кейин алоҳида ҳақ тўлайди. Биз қўшимча ахборотни бепул жойлаштира олмаймиз, чунки бу ҳам биздан қўшимча харажатларни талаб қилади, шартнома билан бизга бундай мажбурият юкланмаган. Шу муносабат билан даъвони рад этишингизни сўраймиз, чунки у асосланмаган.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачининг олдиндан тўланган 400 минг сўмни, шунингдек 118 400 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини қайтариш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган далиллар тасдиғини топмади.

Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 236, 333 ва 705-моддаларига асосланиб, суд даъво талабларини қондиришни рад этди. Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддасига кўра, у суд харажатларини даъвогар зиммасига юклади. Апелляция ва кассация инстанцияларида ушбу иш кўрилмади.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 236-моддасига кў­ра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Шартномада ижрочига PR-материалларни Интернет тармоғига таъкидланган веб-сайтда 400 минг сўм эвазига бир маротаба жойлаштириш мажбурияти қўйилди, у буни лозим даражада бажарди. Бу кўрсатилган хизматлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланди. Шартноманинг 1.3-бандига му­вофиқ, биргаликда ишлаш жараёнида вужудга келадиган, шартномада таъкидланмаган қўшимча жойлаштиришларга ижрочи тақдим этадиган спецификацияга мувофиқ, қўшимча битим тузилганидан кейин буюртмачи алоҳида ҳақ тўлайди. «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (21.12.1998 йилдаги 723-I-сон) 4-моддасига кўра, юридик манзилни ўзгартириш тўғрисидаги ҳар қандай ахборот реклама, уни жойлаштириш эса реклама материали ҳисобланади. Шу сабабли ижрочи қўшимча ҳақ талаб қилишга ҳақли эди.

Ушбу ҳолатларни, шунингдек ФКнинг 705-моддаси биринчи қисмига кўра буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт эканини ҳисобга олиб, даъвогар ўз юридик манзилининг ўзгариши тўғрисидаги ахборотни ҳақ тўламасдан қўшимча жойлаштиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас эди. Шу сабабли суд даъво талабларини қондиришни тўғри рад этган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, буюртмачи ижрочи билан қўшимча ахборотни жойлаштириш тўғрисида мунозараларга киришганда, унинг мақбул қиймати тўғрисида келишувга муваффақ бўлиб, шунда давлат божи ва почта харажатлари тарзидаги қўшимча харажатлардан қутулган бўларди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2030 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика