Norma.uz

Ваъда учун жавобгар

 

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Буюртмачи (1-МЧЖ) ва пудратчи (2-МЧЖ) 2015 йил мартида адади 5 минг нусха бўлган 100 млн сўмлик матбаа маҳсулотини тайёрлашга шартнома тузишди. 1-МЧЖ 3 банк куни мобайнида шартноманинг бутун суммасини тўлаш ва 2-МЧЖга бутун адад учун қоғоз бериш мажбуриятини олди. Пудратчи бутун буюртмани олдиндан ҳақ олингандан сўнг 40 кун ичида бажариш мажбуриятини олди.

Буюртмачи ўз вақтида олдиндан ҳақ тўлади. 7 кундан кейин пудратчи унга бутун адад учун қоғоз бериш шартномавий мажбуриятини эслатди. Бироқ буюртмачи унинг фақат ярмини жўнатди.

Ишларни бажариш муддати тугагандан кейин 2015 йил майда пудратчи буюртмачини матбаа маҳсулотининг тайёрлиги ва қоғоз учун қўшимча равишда 20 млн сўм тўлаш зарурлигини маълум қилди.

Матбаа маҳсулотининг сифати текширилганда камчиликлар аниқланмади ва тарафлар бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзоладилар. Бироқ буюртмачи Фуқаролик кодекси 636-моддасининг еттинчи қисми ва шартнома қоидаларига ҳавола қилиб, унга тўла етказиб берилмаган қоғозга оид харажатларни қоплашдан бош тортди. Унинг важларига қўшилмаган пудратчи 2015 йил июлда хўжалик судига 20 млн сўм қўшимча чиқимларни, шунингдек 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш талаби билан мурожаат қилди.

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ўз мажбуриятларимизни белгиланган муддатларда тўлиқ бажардик ва сифатли матбаа маҳсулотини тайёрладик. Шартнома шартларига кўра буюртмачи нафақат олдиндан ҳақ тўлаши, балки бизга маҳсулотнинг бутун ададига қоғозни бериши керак эди. Бироқ, олдиндан ҳақ тўлаган бўлса-да, у талаб қилинаётган қоғознинг фақат ярмини етказиб берди. Шу боис биз қоғоз сотиб олишга мажбур бўлдик. Унга доир харажатларни биз тақдим этган шартномалар ва юкхат-ҳисобварақ-фактуранинг нусхалари тасдиқлайди. Буюртмачи улар шартномада назарда тутилмаганлигини рўкач қилиб, қўшимча харажатларни қоплашдан бош тортди. Даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ўз мажбуриятларимизни бажара бориб, белгиланган муддатларда олдиндан ҳақни тўлиқ ўтказдик ва ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб пудратчига қоғоз етказиб бердик. Бироқ у учинчи тарафдан мустақил равишда қоғоз сотиб олганлиги тўғрисида бизни олдиндан огоҳлантирмади, буни бажарилган ишни қабул қилиш арафасидагина билдик. Шу боис мазкур харажатлар ҳаддан ташқари оширилган деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, ФКнинг 636-моддаси еттинчи қисмига кўра, буюртмачини пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) ошириш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган пудратчи иш учун шартномада белгиланган баҳода ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда шартномани бажариши шарт. Шу боис даъвони рад этишингизни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, пудратчининг 20 млн сўм қўшимча чиқимларни, шунингдек 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган далиллар тасдиғини топди.

ФКнинг 645-моддаси қоидаларига асосланиб, суд даъвогарнинг даъво талабларини тўлиқ қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 645-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, пудратчининг ишни бажаришига буюртмачи пудрат шартномасида назарда тутилган ҳолларда, ҳажмда ва тартибда ёрдам бериши шарт. Буюртмачи бу мажбуриятни бажармаса, пудратчи кўрилган зарарни, шу жумладан бекор туриб қолганлик оқибатидаги қўшимча чиқимларни қоплашни ёки ишни бажариш муддатини ўзгартириш ёхуд пудрат шартномасида кўрсатилган иш баҳосини оширишни талаб қилишга ҳақли.

ФКнинг 636-моддаси еттинчи қисмидаги буюртмачини пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) ошириш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган пудратчи иш учун шартномада белгиланган баҳода ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда шартномани бажариши шартлиги тўғрисидаги қоидани мазкур ҳолда қўллаб бўлмайди. Иш қиймати кўпайишига буюртмачининг қоғозни ишни бажариш учун зарур бўлган миқдорда етказиб бериш бўйича ўз шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги сабабчи бўлди. Пудратчи буюртмачидан шартномада кўрсатилган иш нархидан ортиқ суммани ундиришни тўғри талаб қилган.

Шу сабабли суд унинг даъво талабларини қондирди.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар жавобгар даъвогар билан қоғоз етказиб бериш ва ишни бажариш муддатларини узайтириш тўғрисида судгача келишиб, бу ҳақда шартномага қўшимча битим тузганда эди, қўшимча харажатлардан, шу жумладан давлат божи ва почта харажатларини тўлашдан қутулган бўлар эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1548 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика