Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 43 / Амалий бухгалтерия

Банк иш ҳақини беради, аммо уни масъулиятли сақламайди

Корхона ходимларга таътил пулларини ҳисоблади. Уларнинг 50%и пластик карталарга ўтказилди, қолган 50%ини нақд пул билан бериш режалаштирилди. Банк катта суммадаги нақд пул 10 банк куни мобайнида олинишини таъминлашга ваъда берди. Касса интизомини бузмаслик учун корхона банк билан нақд пулни масъулиятли сақлаш тўғрисида шартнома тузишни мўлжаллаяпти, унга кўра 7–8 кун мобайнида пул чеклар бўйича қисмларга бўлиб корхонанинг ҳисоб-китоб рақамидан ҳисобдан чиқарилади ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича банкка масъулиятли сақлаш учун топширилади. Шу тариқа банкда зарур суммани жамлаб, уни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича 1 кунда олиш, кассага кирим қилиш ва ўша куниёқ ходимларга тарқатиш мумкин.

Кейинроқ корхона ходимларига тўлаш мақсадида барча зарур нақд суммани олиш учун банк билан тузилган шартнома асосида унга пул маблағларини масъулиятли сақлаш учун топшириш қонунийми?

Д.Хўжаев,

аудитор.


Банкнинг бундай операцияни амалга ошириши қонунийлигини аниқлаш учун банклардаги нақд пул муомаласи ва касса хизмати кўрсатилишини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қиламиз.

Нақд пуллар узлуксиз тўланишини таъминлаш мақсадида тижорат банклари нақд пул маблағларига бўлган талаб тезкорлик билан тўлдирилишини ва мижозларнинг буюртмалари қондирилишини таъминлайдиган нақд пул захирасини яратиши лозим (Президентнинг 5.08.2005 йилдаги ПҚ-147-сон Қарори 5-банди).

Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага1 (кейинги ўринларда – 1518-сон Йўриқнома) мувофиқ, банклар хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулларни уларнинг биринчи талаби бўйича узлуксиз беришни таъминлайдилар. Бунда нақд пулларни бериш биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга тўлаш учун амалга оширилади (1518-сон Йўриқноманинг 33-банди). Юридик шахслар билан нақд пул беришнинг аниқ муддатларини келишиш пайтида банклар юридик шахсларга жамоа шартномалари ёки бошқа локал меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган меҳнатга ҳақ тўлаш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, пул беришни бутун банк бўйича ойдаги кунларга мумкин қадар бир меъёрда тақсимлаш зарурлигини ҳисобга оладилар (1518-сон Йўриқноманинг 36-банди). Бунда меҳнат таътилига чиқадиган ходимлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун юридик шахсларга меҳнат ҳақини тўлашга белгилаб қўйилган муддатлардан қатъи назар, пул берилади1518-сон Йўриқноманинг 40-банди). Касса оборотларининг чораклик прогнозини тузиш учун банклар хомчўт қилинаётган чоракнинг бошланишидан 30 кун олдин хизмат кўрсатилаётган юридик шахслардан касса буюртманомаларини оладилар. Бунда уларда кўрсатилган тўлов суммалари юридик шахсларга нақд пулларни фақат мазкур буюртманомалар доирасида беришни билдирмайди (1518-сон Йўриқноманинг ­8-банди).

Шу сабабли агар корхонангиз ўз вақтида хизмат кўрсатувчи банкка чорак учун касса буюртманомасини белгиланган шаклда тақдим этган ва унда олиш мўлжалланган таътил пулларининг суммасини чорак ойларига бўлинган ҳолда акс эттирган бўлса, 1518-сон Йўриқномага мувофиқ банк сиз эълон қилган таътил пулларини касса оборотларининг чораклик прогнозига киритиши ва, тегишинча, корхона расмийлаштирган чек бўйича нақд пул маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бериши шарт.

 

Банк томонидан мижоз корхоналардан нақд пул маблағларини сақлашга қабул қилишнинг қонунийлигига келсак, Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқноманинг2 (кейинги ўринларда – 1831-сон Йўриқнома) 240-бандида белгиланишича, банклар қуйидаги қимматликларни сақлаш учун қабул қилишга ҳақли:

а) нотариал идоралардан – мерос мулк таркибига кирувчи қимматбаҳо металлардан, қимматбаҳо тошлар ва марвариддан тайёрланган буюмлар, қимматбаҳо металлар қуймаси (ёмбиси), шлих (олтин қум), табиий ҳолда топилган олтин ва кумуш ёмбилари (самородок), эски, собиқ СССР даврида ва Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан зарб қилинган тангалар, шунингдек хорижий давлатлар тангаси, чет эл валютаси, чет эл валютасида ёзиб берилган тўлов ҳужжатлари (векселлар, чеклар, ўтказма) ва ҳоказолар;

б) бошқа органлардан – қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар ва марвариддан ясалган буюмлар, шунингдек қимматбаҳо тошлар, эски, собиқ СССР даврида ва Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан зарб қилинган тангалар, чет эл давлатлари чеклари, тангалари ҳамда чет эл валютаси ва шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси сўм ва тангаларини;

в) қимматли қоғозлар, кафолат ва кафилликлар ҳамда гаров сифатида сақланаётган мулклар ва мулкий ҳуқуқ (талаб)лар, гаров шартномаларининг асл нусхаларини.

Кўрамизки, ушбу рўйхатда банк хизмат кўрсатадиган мижоз корхоналар (зеро улар «органлар» тушунчасига мос тушмайди) ва уларнинг банкка нақд пул маблағларини сақлашга топшириш ҳуқуқи кўрсатилмаган.

Худди шу 1831-сон Йўриқноманинг 89-бандида белгиланишича, хўжалик юритувчи субъектларга банк кассасидан нақд пул бериш фақат белгиланган шаклдаги пул чеклари бўйича амалга оширилади. Яъни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича маблағлар берилиши ҳам қонуний эмас.

Хулосада шуни эслатамизки, банклар томонидан улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида иш ҳақи ва қонунларда назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун мижозларга ўз вақтида нақд пул бермаганлик учун банк устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,005%и миқдорида жарима тўлайди (Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг3 5-банди).

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлашга пул маблағлари берилишини асоссиз равишда тўхтатиб турганлик учун жавобгар бўлган банкнинг мансабдор шахсларга ёки хизматчиларига нисбатан эса МЖТКнинг ­241-7-моддасида назарда тутилган маъмурий жазоэнг кам иш ҳақи (ЭКИҲ)нинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима қўлланади. Агар улар ана шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этишса, энди жазо Жиноят кодекси бўйича белгиланади. 20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан ЖКга тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, унга ноқонуний аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини камситганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган янги моддалар киритилди. Хусусан, ЖКнинг 192-7-моддасига кўра, пул маблағлари берилишини асоссиз тўхтатиб турганлик учун банкнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси ЭКИҲнинг 50 бараваригача миқдордаги жарима солиш ёки муайян ҳуқуқданйилга қадар маҳрум қилиш ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.10.2005 йилда 1518-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.06.2008 йилда 1831-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.  

Прочитано: 3178 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика