Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 43 / Ишбилармонлик муҳити

Янгиланган қонунлар асосида Ўзбекистонда «бизнес юритиш»

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ ЕНГИЛЛАШАДИ

Халқаро савдо мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилиши самарадорлигининг ошиши, тадбиркорлар рақобатбардошлигининг кучайиши ва миллий иқтисодиётга инвестициялар оқимининг қудратли катализатори ҳисобланади.

Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш–2015» (Doing Business) рейтингида «Халқаро савдо» (Trading Across Borders) индикатори бўйича Ўзбекистон ҳали рўйхатнинг олдинги қаторларида эмас.

Ушбу индикатор бўйича сўнгги вақтгача рейтингнинг юқори бўлмаслиги ташқи савдо таомилларидан ўтиш узоқ муддатли бўлиб келганлиги (экспорт чоғида – 54, импорт чоғида – 104 кун) билан изоҳланар эди. Кўп миқдорда ҳужжатлар (экспорт чоғида -11, импорт чоғида 13 ҳужжат) тақдим этиш зарур эди.

Илгари амал қилган услубият ҳам Ўзбекистонда ташқи савдо операцияларига молиявий чиқимларни объектив белгилаш имконини бермас эди (экспорт чоғида – 5 минг доллардан, импорт чоғида – 6 минг доллардан кўп). Ҳужжатларни расмийлаштириш ва товарни энг яқин портгача ташиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинарди. Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлатлардан бири бўлган Ўзбекистон портга эга давлатлар билан рақобатлаша олмас эди. Мисол учун, географик жойлашувига кўра Ўзбекистонга ўхшаш бўлган Лихтенштейн Жаҳон банки томонидан баҳоланмайди. Янги услубият қўлланилиши ва товар ташилишининг бошқа участкасидаги харажатлар қайд этилиши туфайли «экспорт-импорт операцияларини ўтказиш қиймати» кўрсаткичи анча паст ва инвесторлар учун ишончлироқ бўлади.

 

ТИФни СОДДАЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Президентнинг 15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармони билан ташқи иқтисодий таомилларни соддалаштиришга доир таъсирчан чоралар кўрилди. Ушбу ҳужжат мамлакатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш ва иқтисодиётда хусусий мулк улушини оширишга йўналтирилган туб ислоҳотлар изчил давом этаётганидан гувоҳлик беради. Мазкур Фармонга биноан божхона соҳасида ҳам тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратилди.

Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2015 йилдаги 197-сон Қарори билан Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди. Ушбу ҳукумат қарори товарларни электрон шаклда божхонада расмийлаштиришни назарда тутиб, айрим таомиллар муддатини ва импорт (экспорт)нинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар сонини қисқартирган ҳолда ташқи савдо операциялари анча енгиллаштиради.

2014 йилда товарларни электрон декларациялашнинг қонуний тартибини жорий этиш бўйича жуда катта иш қилинди. Бунинг учун Давлат божхона қўмитаси Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг (ЯААТ) бир қисми ҳисобланган автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

 

ЭЛЕКТРОН ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ

Ҳозирги вақтда электрон декларациялаш таомили 3 қадамдан ташкил топади. Биринчи қадам идоралараро ҳамкорлик даражасида қўйилади. Ваколатли органлар автоматлаштирилган тизимга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни киритадилар. Иккинчи қадам: божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис электрон декларация ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди, уларни электрон имзо билан имзолайди ва автоматлаштирилган тизим орқали божхона органига юборади, бу ерда товарнинг божхона расмийлаштируви электрон шаклда амалга оширилади. Ва, ниҳоят, учинчи қадам – божхона органи электрон декларацияни расмийлаштиради.

Ушбу ўзгартиришлар, «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» лойиҳаси мутахассисларининг фикрича, «Бизнес юритиш» рейтингида «Халқаро савдо» индикатори бўйича Ўзбекистон мавқеини оширади.

 

ПРОГНОЗ ҚИЛИНАЁТГАН НАТИЖАЛАР

2015 йил ноябрида чоп этиладиган «Бизнес юритиш–2016» маърузасида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистоннинг географик жойлашуви хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдо таомилларини баҳолаш услубияти ўзгартирилиши муносабати билан ҳам «Халқаро савдо» индикатори бўйича Ўзбекистон рейтингининг ошиши кутилмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, республика ҳукумати ЖБ билан изчил амалий мулоқот туфайли бунга эришди. Натижада барча таомиллардан ўтиш билан боғлиқ баҳоланадиган харажатлар экспорт чоғида 5,09 минг доллардан 1,89 минг долларга (63%га), импорт чоғида эса 6,45 минг доллардан 2,25 минг долларга (65%га) камайиши кутилмоқда.

Қўшма лойиҳа экспертларининг дастлабки баҳолашига кўра, божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар сонининг камайиши (экспорт чоғида 11 тадан 4 тагача ва импорт чоғида 13 тадан 4 тагача) экспорт таомиллари муддатларини (масалан, калава ва пахта толасидан бошқа маҳсулотларнинг) 54 кундан 22 кунгача, импорт таомилларининг муддатларини ҳам (масалан, автомобиль эҳтиёт қисмларининг) 104 кундан 26 кунгача қисқартиради. ЖБнинг янги услубиятига кўра, ҳужжатлар сони эмас, балки ташқи иқтисодий таомилларнинг вақти ва қиймати ҳисобга олинади.

 

субъективликни бартараф этиб...

Президентнинг майдаги Фармони оммавий ахборот воситаларида қабул қилинган меъёрларнинг амалда бажарилиши тўғрисидаги материалларни чоп этиш йўли билан жамоатчилик назорати ролини кучайтиради. Бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймасликка кўмаклашиш учун Экспорт-импорт операцияларини амалга ошираётганда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ёпиқ рўйхати қўлланишининг эҳтимолий оқибатлари таҳлил қилинди.

Бу эса уларни бажаришга субъектив ёндашув имкониятини аниқлаш имконини берди. Чунончи, Рўйхатга доир изоҳларга кўра:

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан, ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин;

ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат бўлмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир.

Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» услубияти ишбилармонлик муҳити ҳолатини баҳолаш чоғида энг ёмон кўрсаткични, у хоҳ қонун ҳужжатларининг амалдаги қоидаси бўлсин, хоҳ уни амалда қўллаш бўлсин, ҳисобга олади. Шу сабабли рейтингда кутилаётган юқори баҳони олиш учун ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш чоғида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни амалда ижро этишга эътибор бериш жуда муҳимдир.

Хусусан, ТИФ иштирокчисининг божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатларни, шу жумладан ваколатли органлар берган ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этиш хоҳиши амалиётда мажбуран амалга ошириши мумкин.

Уларни тақдим этиш талаби тадбиркорнинг ўз хоҳиши деб кўрсатиладиган ҳоллар учраши эҳтимол. Ёки экспортчи-импортчининг божхона расмийлаштирувини ЯААТда зарур ҳужжатнинг йўқлиги туфайли рад этишлари мумкин.

 

РИВОЖЛАНИШ УЧУН РАҒБАТ ОМИЛЛАРИ

Ўзбекистон Президенти ­Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек: «бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида биз қонунларимизда белгилаб қўяётган рағбатлантирувчи омиллар, преференциялар қачон ишлайди? Қачонки ҳуқуқнинг бошқа тармоқларига (маъмурий, жиноят, хўжалик қонунчилиги) тегишли бўлган ҳуқуқий институтлар, аввало, суд-ҳуқуқ соҳасининг таъсир кўрсатиш механизмлари билан мустаҳкамлаб қўйилган тақдирдагина улар ўз самарасини беради.

Ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар, кодификация қилинган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, янги қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонуности ҳужжатларини ўз вақтида эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга».

Шу сабабли тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар ва имкониятларни имплементациялаш бўйича зарур чораларни кўриш жуда муҳим.

2015 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини тақдим этиш чоғида давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида идоралараро ҳамкорлик тизими ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2014 йилдаги 377-сон Қарори билан давлат органлари ходимларининг давлат хизматлари олиш учун мурожаат қилган тадбиркорлардан давлат органларининг ўзлари бошқа идоралардан мустақил равишда олишлари мумкин бўлган ҳужжатлар ва маълумотномаларни сўраб олишлари тақиқланди. Бунинг устига, идоралараро сўров бўйича зарур ҳужжатлар ва ахборотни тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик тадбиркорлик субъектига давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Бу қоидаларнинг ҳаммаси ташқи иқтисодий фаолиятга ҳам татбиқ этилади, чунки амалдаги қонун ҳужжатларида товарларни божхонада расмийлаштириш тартиби учун истиснолар назарда тутилмаган.

Бироқ божхона органларига ЯААТда рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат бўлмаган тақдирда божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқи берилган. Албатта, бу аввало қонун ҳужжатларининг божхона назорати тўғрисидаги талаби, шунингдек электрон тизим фаолиятидаги узилишларни бартараф этиш ишларини амалга ошириш ёки баъзи манфаатдор ташкилотларнинг ЯААТга уланишга техник жиҳатдан тайёр эмаслиги билан изоҳланади. Бироқ ижрочи қонуний тарзда божхона расмийлаштирувини ўз танловига кўра рад этиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

 

ИСТИҚБОЛ ВАЗИФАЛАРИ

Шу сабабли субъектив ёндашишга имконият қолдирадиган қоидаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Ўз бурчларини виждонсизларча ёки тўлиқ бажармаётган ваколатли органлар ходимларининг маъмурий, жиноий жавобгарлиги қонунчилик даражасида белгиланиши ҳам ўз вақтида амалга оширилган чора бўлди.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаларида коррупция учун шарт-шароитлар яратадиган қоидалар ва меъёрларни аниқлаш, шунингдек ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимидан мажбурий ўтказиш бўйича қонун ҳужжатларининг талаблари жуда долзарбдир.

Баҳодир БЕКОВ,

ССП ва БМТТДнинг «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» лойиҳаси раҳбари.

 

 

Божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар сонининг камайтирилиши (экспорт чоғида 11 ҳужжатдан 4 тагача ва импорт чоғида 13 ҳужжатдан 4 тагача) ташқи савдо таомиллари муддатларини ҳам экспорт чоғида 54 кундан 22 кунгача, импорт чоғида эса – 104 кундан 26 кунгача қисқартиради.

 

*Мавзунинг бошланиши «Норма маслаҳатчи»нинг 13.10.2015 йилдаги 41 (534)-сонида.

Прочитано: 2207 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика