Ўзбекистон Республикаси билан Испания Қироллиги ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисидаги Конвенция кучга кирди, – дея хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Мазкур ҳужжат 2013 йилнинг 8 июлида Мадридда имзоланиб, 2015 йилнинг 19 сентябридан кучга кирган. Конвенция Ўзбекистон ва Испаниянинг юридик ва жисмоний шахсларининг ўз давлатларида ва ҳамкор давлатда олинган бир турдаги даромадига иккиёқлама солиқ солинмаслиги шартларини таъминлайди. Шу тариқа халқаро шартнома икки мамлакат компаниялари ҳамда тадбиркорлари ўртасида ўзаро инвестицияларни жалб этиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмак беради.
Конвенция, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва Испаниянинг солиқ идоралари ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги амалдаги халқаро шартномаларнинг рўйхати ҳужжатлар пакетида келтирилган.