Norma.uz

Нотариусга бормаса бўлмайди

Компаниямиз юк автомашинасини одатий икки тарафлама шартнома бўйича, уни нотариусда тасдиқлатмасдан ижарага берди. Ушбу вазият қандай оқибатларга олиб келади?

Д.Нуриддинова,

бухгалтер.

 

Транспорт воситаси ижара шартномасининг нотариал шаклига риоя этмаслик нохуш ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, тарафлар ўртасида низо вужудга келган тақдирда Фуқаролик кодексининг 112-моддаси биринчи қисмига асосан бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Бу эса ўз-ўзидан тарафларни ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилади. Агар битим тўла ёки қисман бажарилган бўлса, уни ҳақиқий деб топиш учун манфаатдор тараф судга мурожаат қилиши ва у ерда ўзининг даъво талабларини исботлашига тўғри келади.

Бундан ташқари, бундай шартномаларни лозим даражада расмийлаштирмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 135-моддасида назарда тутилган транспорт воситаларини бошқариш қоидаларини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲнинг) ярми миқдорида жарима солишни назарда тутадиган жавобгарликка олиб келиши мумкин. Ушбу битимни нотариал расмийлаштириш учун эса жисмоний шахслар учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида, томонлардан лоақал бири юридик шахс бўлган тақдирда ЭКИҲнинг 25%и миқдорида давлат божи тўланиши лозим (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди «е» кичик банди, бундан кейинСтавкалар).

Агар мазкур ҳуқуқбузарликни назорат қилувчи органлар текширув давомида аниқлашса, улар буни бартараф этишни талаб қилишга ҳақлилар. Шунингдек айбдор шахслар МЖТКнинг 174-«Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» моддасининг биринчи қисмига кўра жавобгарликка тортилишлари мумкин, унда фуқароларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилади.

Айрим ҳолларда битимларни нотариал расмийлаштириш учун давлат божининг оширилган миқдори – двигателнинг ҳар бир от кучи учун ЭКИҲнинг 5 баравари назарда тутилган. Хусусан, шартноманинг предмети ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган, фойдаланиш муддати ишлаб чиқарувчининг расмий дилерларидан харид қилинган кундан бошлаб 1 йилдан ошмаган енгил автотранспорт воситалари бўлса. Бу юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари, республикада фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон норезидентлари, хорижий юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ҳамда жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган, уларни импорт қилиш (олиб келиш) санасидан 1 йилдан кам муддат ўтган янги енгил автотранспорт воситаларига ҳам тааллуқли. Мазкур ҳолда битим шаклига риоя этмаслик жиноий жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин.

Жиноят кодексининг 184-моддаси шахс тўлашдан қасддан бўйин товлаган тўлов суммасига қараб жиноят учун жазоларнинг кенг доирасини назарда тутади:

ЭКИҲнинг 150 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима;

2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

6 ойгача қамоқ;

1 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти,
юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 1760 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика