Фирмамиз ун тайёрлаш билан шуғулланади. Товарни бераётганда чакана савдо билан шуғулланадиган харидорлардан касса аппарати рўйхатдан ўтказилганлиги ва савдо шохобчасининг борлиги тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қиламиз. Улгуржи сотувчилар улгуржи савдога лицензияни тақдим этадилар. Унни ўз эҳтиёжлари учун сотиб олувчилар билан қандай йўл тутишимиз керак? Шартномада бундай банд йўқ, бироқ тўлов топшириқномасида харидор «ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун» деб кўрсатади.
Ўз эҳтиёжлари учун товарларни сотиб олувчилар қандай ҳужжатларни тақдим этишлари керак?
Н.Камолова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Сиз харид қилинаётган маҳсулотдан фойдаланиш мақсадини тасдиқлайдиган ҳужжатларни олишингизга зарурат йўқ. Олди-сотди (етказиб бериш) шартномаларини тузиш чоғида қонун ҳужжатлари ишлаб чиқарувчини харидорлардан сотиб олинаётган маҳсулотдан фойдаланиш мақсадини тасдиқлайдиган ҳужжатларни улардан талаб қилишга мажбур этмайди. Шу боис корхонанинг улардан хатлар, аризалар ва ўз эҳтиёжлари учун харид қилинган товардан қандай фойдаланилишининг бошқа тасдиғини олиши керак эмас. Бинобарин, буни шартномада белгилашга ҳуқуқий зарурат йўқ, чунки олди-сотди (етказиб бериш) шартномасининг ўзи, юкхат-ҳисобварақ-фактура, харидор вакилининг ишончномаси маҳсулот қонуний сотилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади.
Сабоҳат СУЛТОНОВА,
«Norma Profi» эксперти.