Norma.uz

Бошқага ўтадиган қарз

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Сотувчи (ХФ) ва харидор (1-сон МЧЖ) 2015 йил январида 600 млн сўмлик товарларнинг олди-сотди шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра харидор шартнома имзоланган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида олдиндан шартнома суммасининг 30%ини, қолган 70%ини эса етказиб бериш кунидан бошлаб 40 кун мобайнида тўлаши керак эди.

Ўз мажбуриятларини таъминлаш учун харидор, сотувчи ва ипотека берувчи (2-сон МЧЖ) январда ипотека шартномасини тузишди. Унга кўра сотувчи харидор 420 млн сўмни тўламаган тақдирда мулк ҳуқуқида ипотека берувчига тегишли бўлган, 400 млн сўм қийматли, 200 кв.метр майдонга эга бўлган дўконни – кўчмас мулк объектини олиш ҳуқуқига эга эди.

Шартномада назарда тутилган муддатларда харидор олдиндан 30 фоиз ҳақни тўлади. Сотувчи ўз вақтида 2015 йил мартида товарни етказиб берди.

Июлда харидор (1-сон МЧЖ) ХФнинг (кредитор-сотувчи) ёзма розилигига кўра ўзининг қарзини янги қарздорга ўтказиш тўғрисида битим тузди. Шу билан бирга ипотека шартномаси тарафлари дастлабки қарздорни (1-сон МЧЖ) янги қарздорга алмаштириш тўғрисида қўшимча битим туздилар. У «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси органларида нотариал тасдиқланди ва рўйхатдан ўтказилди.

Ўша йилнинг августида кредитор янги қарздорга қарзни тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Бироқ у рад жавоби бериб, вақтинчалик қийинчиликларни рўкач қилди. Кредитор 2015 йил сентябрида хўжалик судига ундирувни қиймати 400 млн сўм бўлган ипотека берувчининг кўчмас мулкига қаратиш ва 4 млн сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Мустақил талаблар баён этмаган учинчи шахс сифатида янги қарздор ишни кўриб чиқишга жалб этилди. 

 

КРЕДИТОРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– 1-сон МЧЖ ва ХФ 2015 йил январида 600 млн сўмлик олди-сотди шартномасини тузганлар. Мажбуриятларни таъминлаш мақсадида улар ва 2-сон МЧЖ (ипотека берувчи) январь ойида майдони 200 кв.метр, баҳолаш қиймати 400 млн сўм бўлган дўкон предмети ҳисобланувчи ипотека шартномасини туздилар.

1-сон МЧЖнинг қарзни ўтказиш пайтида – 2015 йил июлда ХФ олдидаги қарзи 420 млн сўмни ташкил этган. Қарз ўтказилиши муносабати билан ипотека шартномасига қўшимча битим ҳам тузилди ва августда биз янги қарздорга қарзни тўлаш талаби билан мурожаат қилдик. Бироқ у тўлашдан бош тортди. Шундан сўнг биз судга ундирувни ипотека предметига қаратиш даъвосини бердик. Ипотека шартномаси ва қўшимча битим талабларини ҳисобга олиб, даъвони қондиришни сўраймиз.

 

 

ИПОТЕКА БЕРУВЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Ҳақиқатан ҳам, 2015 йил январда биз ипотека шартномаси туздик ва гаров сифатида кўчмас мулк объектини тақдим этдик. Янги қарздорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб беришга розилик бермаганмиз. Биз ипотекага кўндик, чунки дастлабки қарздор бизнинг муассисимиз эди. Янги қарздор эса бизга нотаниш. Қўшимча битимнинг аввалги директор томонидан имзоланиши бизнинг манфаатларимизга жавоб бермайди ва қўшимча зарар кўришимизга олиб келади. Биз қўшимча битимни ҳақиқий эмас деб ҳисоблашни сўраймиз, чунки у 2-сон МЧЖнинг тижорат манфаатларига жавоб бермайди. Шу сабабли даъвони рад этиш ва янги қарздорни қарзни тўлашга мажбур қилишни сўраймиз.

 

ЯНГИ ҚАРЗДОРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Июлда 1-сон МЧЖ билан бизнинг ўртамизда кредиторнинг (ХФ) ёзма розилиги билан 420 млн сўм қарзни 1-сон МЧЖдан бизга ўтказиш тўғрисида икки тарафлама битим тузилган. Бундан ташқари, уч тарафлама ипотека шартномаси ва қўшимча битим имзоланди, битимга кўра кредитор гаровга қўйилган мол-мулкни олишга ҳақли деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан ипотека берувчига нисбатан даъвони қўллаб-қувватлашни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, учинчи шахснинг фикрини тинглаб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, кредиторнинг ундирувни ипотека берувчининг мол-мулкига қаратиш, шунингдек 4 млн сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш сабаби бўлган юқорида баён этилган далилларнинг тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг 298 ва 322-моддаларига асосланиб, суд кредиторнинг ипотека берувчига нисбатан даъво талабларини тўлиқ қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 322-моддаси учинчи қисмига кўра, агар гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга рози бўлмаса, қарз бошқа шахсга ўтказилиши билан гаров бекор бўлади. Худди шундай меъёрлар ФКнинг 287 ва «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг (9.12.1992 йилдаги 736-XII-сон, 1.05.1998 йилдаги 614-I-сон Қонун таҳририда) 18-моддасида назарда тутилган.

Келтирилган вазиятда кредитор ипотека берувчининг янги қарздор учун мажбуриятларни ўз зиммасига қабул қилиши далилларини тақдим этди, бу эса шу жумладан ипотека берувчи томонидан ҳам, 2015 йил июлида қарздорни алмаштиришни назарда тутадиган қўшимча битимни имзолашда ифодаланган.

Юқорида кўрсатилган қоидалар боис, шунингдек иш моҳиятидан келиб чиқиб ипотеканинг амал қилиши тугатилган деб ҳисобланиши мумкин эмас. Шу сабабли суд даъво талабларини қондириш тўғрисида ҳал қилув қарорини тўғри қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар ипотека берувчи янги қарздор учун мажбуриятлар таъминотига қарши эътироз билдирса, у қарздорни алмаштиришни назарда тутадиган уч тарафлама қўшимча битимни имзолаши керак эмас эди. Ҳозир ипотека берувчининг ундирув ипотека предметига қаратилиши туфайли зарарларни янги қарздордан ундириш талаби билан судга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Павел СИЛЬНОВ, 

адвокат.

Прочитано: 1713 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика