Тошкентликлар йил бошидан пойтахтнинг марказий автомагистраллари чорраҳаларида олиб борилаётган жадал ишларнинг гувоҳи бўлдилар. Уларда икки турдаги металл устунлар пайдо бўлди. Модернизациянинг дастлабки босқичида баъзилар янги светофорлар ўрнатиляпти деб, бошқалар янги телефон линияси ўтказиляпти деб, яна баъзи бировлар видеокузатув камералари ўрнатиляпти деб мулоҳаза қилдилар.
Вақт ўтиши билан ана шу тахминларнинг ҳаммаси тўғри эканлиги маълум бўлди. Зеро ушбу ишлардан мақсад янги светофорлар, видеокузатув камералари ва ягона марказга эга бўлган коммуникация линияларини ўрнатиш эди. Шаҳарда светофорлар кераклиги тўғрисида сўзлашга ҳожат йўқ. Видеокузатув ва видеоқайд этиш тизимлари кераклигини эса тушунтириш лозим бўлади.
Ҳозир пойтахтда «г» ва «п»-симон устунлар ўрнатиляпти. Биринчи хил устунларга асосан янги светофорлар ва видеокузатув тизимлари ўрнатилади. Иккинчи хил устунлар эса видеоқайд этиш тизимларини монтаж қилиш учун мўлжалланган. Видеокузатув ва видеоқайд этиш нимаси билан фарқ қилади?
Видеокузатув тизимлари кўпроқ чорраҳалардаги умумий вазиятни кузатиш учун мўлжалланган. Уларнинг ёрдамида транспорт ва пиёдалар ҳаракатини кузатиш, кейинроқ пайдо бўлиш сабабларини аниқлаш учун йўл-транспорт ҳодисасини, шунингдек йўллардаги вайронагарчилик ҳолларини қайд этиш қулай. Ушбу имкониятларнинг ҳаммасини олисдан туриб – бошқарув марказидан туриб амалга ошириш мумкин, якунда бутун ахборот айни шу ерга йиғилади.
Видеоқайд этиш тизимлари эса қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
автотранспорт тезлигини назорат қилиш;
ҳуқуқбузарликларнинг фото/видеоёзуви;
автомобиль рақамларини аниқлаш;
светофор ва шлагбаумларни масофадан бошқариш.
Бироқ нима учун светофор ва шлагбаумларни бошқаришлари керак, ахир улар шундай ҳам автоматлаштирилганку? Ҳаммаси жуда оддий, масофадан бошқаришдан мақсад ҳаракат тиғиз йўлларда транспортни тўхтатиш ёки транспорт оқимини тартибга солиш ҳисобланади. Айтайлик, чорраҳанинг 4 тарафига «қарайдиган» видеоқайд этиш тизими йўллардан бирида машиналар тўпланиб қолганлигини, айни вақтда иккинчи йўлда транспорт деярли йўқлигини «кўради». Ушбу ҳолда тизим йўлдаги вазиятни мустақил равишда баҳолаб, машиналар кўп бўлган йўлда яшил чироқ узоқроқ ёниб туриши, машиналар кам бўлган йўлда эса қизил чироқ кўпроқ ёниши тўғрисида қарор қабул қилади, бу билан магистралнинг ўтказиш салоҳияти ошади.
Дунёда видеоқайд этиш турлари кўп. У қанчалик замонавий бўлса, унинг вазифалари ва имкониятлари шунчалик кўпаяди. Агар автоҳаваскорлар сутканинг қоронғи вақтида ёки ёмғирли ҳавода жаримадан қутулиб қолиш мумкин деб ўйласалар, уларга шуни маълум қилишим керакки, инфрақизил нурли диодли камералар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ишлайди. Улар жорий пайтда 1 000 метргача узоқликни кўра олиши мумкин. Улар ± 2–3 км/соат хатолик билан 20 дан 250 км/соатгача тезликни қайд эта олади.
Видеокузатув ва видеоқайд этиш камераларини ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш ишлари ҳали якунланмаганлигига қарамай, улар ҳозирдаёқ «тест» режимида ишлай олади. Бугунги кунда ишлар якунланишига тўсқинлик қилиб турган асосий омил автойўллар ва йўл белгилари сифати ҳисобланади. Видеокузатув ва видеоқайд этиш тизимлари тўлақонли ишлаши учун улар муайян техник стандартларга жавоб бериши керак.
Кўпгина автоҳаваскорлар видеотизимлар ишга туширилишини ҳадиксираб кутяптилар. Бироқ ишончим комилки, ушбу янгиликлар барча иштирокчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишига имкон беради. Бу эса шаҳримиз йўлларидаги ЙТҲ сонини анча қисқартиради.
Артём ПОГРЕБНЯК,
Республика суд экспертизаси марказининг эксперти.