Ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмлари камайгани муносабати билан ташкилотимиз 2015 йил 1 сентябрдан бошлаб штатни қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда барча ходимлар МКга мувофиқ 2 ой аввал хабардор қилиндилар. Бир вақтнинг ўзида биз Аҳолининг бандлигига кўмаклашиш марказини ходимлар сони қисқартирилиши тўғрисида хабардор қилдик. Бир оз вақтдан кейин қисқартирилаётган ходимларнинг бир қисми иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишди. 2 ҳафтадан кейин ўз хоҳишларига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан келишди, сабабли бошқа иш топган эканлар.
Ушбу ходимларни қандай қилиб ишдан бўшатишимиз керак: ўз хоҳишлари биланми ёки штат қисқариши муносабати биланми? Иккала ҳолни тушунтириб берсангиз (қандай ҳужжатлар лозим, нафақалар миқдори ва уларни тўлаш муддати).
Агар ходим бошқа иш топган бўлса, ташкилотимиз нафақа тўлаши шартми? Биз ундан ишга жойлашганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома олишимиз шартми?
Х.Умаров,
МЧЖ бухгалтери.
Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходимнинг ташаббусига кўра (ўз хоҳишига биноан) унинг шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноангина йўл қўйилади (Меҳнат кодексининг 99-моддаси; ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон Қарори 15-банди). |
Огоҳлантиришнинг қонунда белгиланган ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан қисқартирилган муддати тугаганидан кейин ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга унинг меҳнат дафтарчасини, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши (МКнинг 108-моддаси), меҳнат шартномаси бекор қилинган куни у билан ҳисоб-китоб қилиши (МКнинг 110-моддаси) ва фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт (МКнинг 151-моддаси).
Бироқ ўз хоҳиши билан ишдан кетганда ходим ходимлар сони (штати) қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда бериладиган имтиёз ва компенсациялардан маҳрум бўлади (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди). Меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг маъмурий ва суд амалиёти кўпинча иш берувчилар ходимларни ўз хоҳишларига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур қилишларини кўрсатади.
Агар даъвогар иш берувчи уни бундай ариза беришга мажбур қилди деб кўрсатса, буни текшириш керак, бундай тазйиқни исботлаш вазифаси ходимлар зиммасига юкланади. Одатда мажбурий прогул қилинган вақт учун албатта ҳақ тўлаш (МКнинг 112, 275-моддалари), меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан шикоят қилиш билан боғлиқ харажатларни (мутахассислар маслаҳати, ишни юргизиш харажатлари ва бошқаларни) ва маънавий зарарни компенсациялаш (ОС Пленуми 12-сон Қарорининг 46-банди) билан бирга уларни аввалги иш жойларига тиклашади.
Меҳнат шартномаси, агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлган бўлса, ходимлар сони (штати) қисқариши муносабати билан бекор қилиниши мумкин (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди). Низо юзага келган тақдирда иш берувчи штат қисқаришига меҳнат шартномасида назарда тутилган ишни давом эттириш мумкин эмаслигини тақозо этган ишлаб чиқариш технологияси ва меҳнатни ташкил этиш, ишлар хусусиятидаги ўзгартиришлар сабабчи бўлганлигини исботлаши шарт (ОС Пленуми 12-сон Қарорининг 24-банди). |
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида иш берувчи риоя этиши шарт бўлган, ходимлар сони (штат) қисқариши сабабли ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг махсус таомили белгиланган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:
янги штат жадвали тасдиқланганидан кейин иш берувчи ходимлар сони (штати)нинг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходимларни камида 2 ой олдин шахсан ва имзо чектириб огоҳлантириши шарт (МК 102-моддаси биринчи қисмининг 1-банди);
огоҳлантириш муддати давомида, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун, шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди (МК 102-моддасининг олтинчи қисми);
иш берувчи ходимга ихтисослиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни, бундай иш йўқ бўлса – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф қилиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишни рад этганда ёки корхонада тегишли иш бўлмаса, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МК 92-моддасининг иккинчи қисми).
Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди бўйича бекор қилинганда қуйидагилар тўланади:
огоҳлантириш муддати алмаштирилган тақдирда – меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати тугашигача қолган вақтга мутаносиб равишда пуллик компенсация (МК 102-моддасининг иккинчи қисми);
ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);
меҳнат шартномасини бекор қилиш кунида тегишли иш ҳақи (ҳисоб-китоб қилинади) (МКнинг 110-моддаси);
фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг 151-моддаси).
Иш қидириш даврида қисқартирилаётган ходимнинг ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, бироқ у 2 ойдан ошмаслиги керак (МКнинг 67-моддаси). Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, у Марказ берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади (МК 67-моддасининг учинчи қисми).
Ушбу тўловларнинг ҳаммаси барча ходимларга МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди бўйича дарҳол, улар янги иш топган ёки топмаганлигидан қатъи назар тўланади. Кейинчалик ҳаммаси уларнинг ишга жойлашишига боғлиқдир. Буни ходимнинг меҳнат дафтарчаси ёки Бандликка кўмаклашиш маркази берган маълумотнома бўйича белгилаш мумкин.
Айтилганларга якун ясаб, шуни такрорлаймиз: ходимларингизнинг меҳнат шартномасини ўз ташаббуслари (ўз хоҳишлари)га кўра бекор қилишлари – уларнинг танлови ва ҳуқуқидир. Асосийси, МКнинг 67, 100, 101, 102, 103, 109, 110 ва 151-моддалари билан белгиланган айрим асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилганда моддий кўмак кўрсатмаслик учун бундай ишдан бўшашга мажбурламаслик керак.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.