Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 38 / Хўжалик юритиш қоидалари

Дори-дармон туркумига оид ҳужжатлар

Дори-дармон сотишда етказиб берувчи ҳисобварақ-фактура, сертификат, спецификация тақдим этади.

Уларнинг ҳар бир туркумига спецификация бериш шартми? Дори-дармонларни юклашда қандай ҳужжатлар зарур бўлади?

Ш.Дадахўжаева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Муайян маҳсулот мунтазам харид қилинганда одатда олди-сотди шартномасининг бир тури ҳисобланган етказиб бериш шартномалари тузилади. Ушбу шартномавий муносабатларни Фуқаролик кодексининг 29-боби 3-параграфи (437–456-моддалар) тартибга солади. Уларни тузаётганда товарларнинг номи, сони, сифати, ассортименти ва бошқа тавсифлари одатда шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган спецификацияларда кўрсатилади.

Агар шартномада харидорнинг етказиб берувчига товарларни олувчиларга юклаб жўнатиш тўғрисида кўрсатмалар бериш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, етказиб берувчи юклаб жўнатиш разнарядкасида кўрсатилган олувчиларга юклаб жўнатади. Унинг мазмуни ва харидор томонидан етказиб берувчига жўнатиш муддати етказиб бериш шартномасида белгиланади. Агар бу шартномада назарда тутилмаган бўлса, разнарядка етказиб берувчига етказиб бериш даври бошланишидан камида 30 кун олдин юборилиши керак.

Қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиш учун шартнома ёки унинг таркибий қисми, у спецификация, юклаб жўнатиш разнарядкалари, келишиб олиш баённомалари ёки бирор-бир бошқа ҳужжатлар бўлишидан қатъи назар, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 10-моддасида назарда тутилган барча элементларни ўз ичига олиши лозим.

Амалдаги қонун ҳужжатларида товарларни юклаб жўнатишнинг алоҳида регламенти мавжуд эмас. Бироқ, Солиқ кодекси 22-моддасининг мазмунидан келиб чиқиб, юклаб жўнатиш деганда товарларни сотишнинг ўзи тушунилса, саволингизга жавобни Республика дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидаларидан (ВМнинг 6.08.1994 йилдаги 404-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) топасиз. Уларда фақат фармацевтика фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган дорихона муассасаларига дори-дармонлар ва тиббий буюмларни сотишга рухсат берилиши кўрсатилган. Бунда, хусусан, қуйидагилар тақиқланади:

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган ва (ёхуд) мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни сотиш;

дорихона муассасалари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан мувофиқлик сертификатлари бўлмаган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни қабул қилиб олиш.

Умумқабул қилинган ишбилармонлик амалиётида одатда қуйидагилар товарни юклаб жўнатиш ёки маҳсулотни бериш учун асос бўлиб ҳисобланади:

тарафлар томонидан товар олди-сотди (етказиб бериш) шартномасининг, агар шартномада ҳавола қилувчи бандлар бўлса, унинг таркибий қисмларининг (буюртмалар, спецификациялар ва бошқалар) имзоланиши;

етказиб берувчига камида 15% миқдорида олдиндан тўловнинг келиб тушиши

– бериладиган маҳсулотнинг ҳар бир туркумига.

Товар контрагент вакилига унда харидорнинг (олувчининг) ишончномаси, шунингдек унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлганда берилади.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотилган тақдирда харидор (олувчи) дори-дармонлар ва тиббий буюмларнинг мувофиқлик сертификатини талаб қилиб қилиши, сотувчи (етказиб берувчи) эса уни тақдим этиши шарт.

Етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактуранинг берилиши юклаб жўнатиш шарти ҳисобланмайди, балки товар сотилганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади, яъни юридик жиҳатдан мазкур ҳужжат маҳсулот берилгунча эмас, балки берилгандан кейин юзага келади.

 Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти,
юридик фанлар номзоди.
 

 

 

 

Дори-дармон етказиб берувчилар баъзан дори-дармонга сертификатларни электрон почта орқали юборишади. Бундай электрон ҳужжатлар қанчалик қонуний кучга эга?

Ш.Дадахўжаева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Қонун ҳужжатларида саволингизга қатъий жавоб мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидаларига кўра дорихона муассасалари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан мувофиқлик сертификатлари бўлмаган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни қабул қилиб олиш тақиқланган. Бундан улар етказиб берувчилардан мувофиқлик сертификатларини албатта талаб қилиб олишлари кераклиги келиб чиқади. Афсуски, Қоидаларда уларни тақдим этиш тартиби, яъни уларни электрон шаклда юбориш мумкинлиги ёки фақат курьер орқали қоғоз кўринишида тақдим этиш лозимлиги кўрсатилмаган.

Дори-дармонларнинг мувофиқлик сертификатларини тегишли давлат органлари қоидага кўра 1 нусхада берадилар. Шу сабабли етказиб берувчи ва ишлаб чиқарувчи ўзининг ҳар бир мижозига бундай ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим эта олмайди. Амалиётда улар дориларни харидорга зарур сертификатларнинг нусхалари билан бирга жўнатадилар.

Ҳозирги вақтда амалий ҳужжатлар айланишида кўпинча ҳужжатлар нусхаларини электрон почта орқали жўнатишдан фойдаланилмоқда. Бу битим ижро этилишини анча соддалаштиради ва тезлаштиради. Мувофиқлик сертификатининг электрон нусхасини олиб, сиз етказиб берилган маҳсулотнинг сифатига ишонч ҳосил қиласиз. Бироқ Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова) сотувчининг харидорнинг талабига кўра сертификатнинг асл нусхаси эгаси ёки сертификатни берган орган томонидан тасдиқланган сертификатнинг нусхасини тақдим этиш мажбурияти белгиланган. Шу сабабли ҳужжатнинг электрон нусхасини олгандан кейин етказиб берувчидан уларнинг харидори бундан кейин фойдаланиши учун сертификатларнинг лозим даражада тасдиқланган нусхаларини юборишни албатта талаб қилинг. Ушбу шартни етказиб бериш шартномасида ҳам назарда тутиш мумкин.

 

Тимур МЎМИНОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2522 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика