Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 32 / Почта қутиси

Буюмларимнинг ҳаммасини ўзим билан олиб бораман

Қариндошларим (холам ва тоғам) пенсионер, иккови ҳам 80 ёшдан ошган. Москвага, ўғиллариникига (у – россиялик) доимий яшаш учун кўчиб кетишяпти. Улар ўзлари билан баъзи бир юкларни олиб кетмоқчилар. Шахсий буюмлар: маиший техника (телевизор, совуткич, кир ювиш ва идиш-товоқ ювиш машиналари, чангюткич, компьютер), чойшаб-ёстиқ анжомлари, идиш-товоқлар, бижутерия ва тилла тақинчоқлар, винил пластинкалар, СD дисклари ва DVD, китоблар, турли мамлакатлардан олиб келинган майда сувенирлар, чолғу асбобларини олиб чиқишга доир батафсил ахборот беришингизни сўрайман.

Л.Нечаева.

 

– Чегара орқали жисмоний шахслар олиб ўтадиган барча товарлар божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади. Товарларни шахсий, оилавий, уй-рўзғор эҳтиёжлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғланмаган бошқа эҳтиёжлар учун олиб кирадиган ёки олиб чиқадиганлар учун божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиби белгиланган1.

 

Жисмоний шахслар нотижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган соддалаштирилган, имтиёзли тартибда олиб ўтишлари мумкин.

Божхона кодекси, 14-модда.

 

У фақат жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун олиб ўтадиган товарларга татбиқ этилади ва ҳеч қачон, ҳатто киши шахсан амалга ошираётган бирор-бир тадбиркорлик фаолияти учун юкларни ташиш чоғида қўлланмайди.

Божхона чегараси орқали жисмоний шахслар томонидан товарларни шахсий фойдаланиш учун олиб ўтиш тартиби билан божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этиш, шунингдек уларга нисбатан мувофиқлигини мажбурий тасдиқлашни қўлламаслик назарда тутилади. Бу қоида жисмоний шахсларнинг яшаш жойи ўзгарганда, аввалги яшаш жойидаги ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида белги мавжуд бўлганда, уларнинг шахсий (хўжалик) мол-мулки ҳисобланган товарларни олиб чиқишга ҳам тегишлидир.

Бироқ бу киши шахсан ўзи учун чекланмаган миқдордаги буюмларни олиб ўтиши ва бунинг учун ҳеч нарса тўламаслигини билдирмайди. Қонун ҳужжатларида бундай товарларни олиб ўтиш учун чекловлар белгиланган, уларни ёдда тутиш лозим.

Товарларнинг соддалаштирилган божхона расмийлаштирувини қўллаш имконияти товарларнинг мақсадига боғлиқ бўлиб, у жисмоний шахснинг сафари ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда товарларнинг хусусияти ва миқдори, олиб ўтиш такрорийлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ушбу таомил Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида низом2 билан белгиланган.

Товарлар, божхона нуқтаи назаридан олганда чегара орқали олиб ўтиладиган барча буюмлар товар ҳисобланади, агар уларни олиб ўтаётган шахс ва унинг оила аъзолари томонидан фақат улардан фойдаланиш даромад олиш билан боғлиқ бўлмаган турмушда фойдаланиш ёки истеъмол қилиш учун олиб чиқилса, ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган деб қаралади. Товарларнинг мақсади хусусида шубҳа пайдо бўлганда уларни олиб чиқувчи шахс улар шахсий фойдаланиш учун олиб чиқилаётганлигини тасдиқлаши керак. Мисол учун, чойшаб-ёстиқ анжомларини (чойшаб, матрас, ёстиқ, ёстиқжилд) олиб чиқиш мумкин, бироқ, бунда меъёрдан ошмаслик лозим.

 

ТЕХНИКА

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ишлатилган (фойдаланилган) маиший техникани олиб чиқиш хусусида ҳеч қандай тақиқ назарда тутилмаган.

Бироқ шуни билиш лозимки, жисмоний шахслар олиб чиқадиган ва ЎзР миллий валютаси – сўмда харид қилинган бу хил янги товарларни олиб чиқишда чеклашлар мавжуд. Масалан, Фақат эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилиш учун рухсат берилган товарларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишнинг энг юқори меъёрларига3 кўра жисмоний шахс акциз солиғини тўламасдан 1 та маиший совуткич (ТИФ ТН коди – 8418) ва 1 та телевизор (ТИФ ТН коди – 8528) олиб чиқиши мумкин. Бунда олиб чиқиш меъёрлари рўйхатда кўрсатилмаган ёки унда кўрсатилган меъёрлардан ошадиган товарларни жисмоний шахслар фақат ЭАВда белгиланган тартибда олиб чиқадилар. Улар жумласида қуйидаги янги товарлар бор: кир ювиш машинаси (ТИФ ТН коди – 8450) ва идиш-товоқ ювиш машинаси (ТИФ ТН коди – 8422), компьютер (ТИФ ТН коди – 8471), чангюткич (ТИФ ТН коди – 8508).

 

БАДИИЙ БОЙЛИКЛАР

«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 678-I-сон, бундан кейин – Қонун) 8-моддасига мувофиқ Ўзбекистондан 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар олиб чиқилиши мумкин эмас.

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низомда4 (бундан кейин – Низом) маданий бойликларга кирадиган предметлар тоифаси белгиланган. Уларга, хусусан, аудиовизуал асарлар; эстамплар; чолғу асбоблари; тарихий, илмий-бадиий, адабий қизиқиш уйғотадиган, алоҳида ёки тўпламлардаги қадимий китоблар ҳамда босма асарлар киради. Ушбу предметларнинг қимматлилик даражаси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ваколатли эксперт-санъатшунослари ёки штатдан ташқари экспертлари томонидан ўтказиладиган уларнинг бадиий экспертизаси жараёнида белгиланади.

Шу билан бирга Низомнинг 23-бандида кейинги 50 йил давомида яратилган, уларни олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар талаб этилмайдиган маданий бойликлар қайд этилган. Улар жумласида фабрикада оммавий ишлаб чиқарилган эсдалик буюмлар, керамика, чинни, биллур, шиша, ёғоч, металлдан ясалган буюмлар (чет элда ишлаб чиқарилган ашёлар бундан мустасно); 1 ёки 2 жилддан иборат бўлган бадиий, болалар, оммабоп адабиёт, нота нашрлари; қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган, давлат пробасига эга бўлган замонавий заргарлик буюмлари; аудиовизуал асарлар ва фонограммалар. Шунингдек Низомга 5в-сон иловага мувофиқ халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий безак санъати буюмлари. Хусусан, турли табиий ва сунъий материаллардан тайёрланган сувенир ва совға буюмлари (туморлар, тасбеҳлар, маржонлар, сирғалар, узуклар, билакузуклар, бижутерия, камарлар, значоклар).

«Турли мамлакатлардан олиб келинган майда сувенир буюмлари» Қонун таъсирига тушадиган объектлар ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини тегишли экспертизасиз белгилаш мушкул. Уларнинг қимматлилик даражасини фақат мутахассис-эксперт аниқлаши мумкин. Шу боис, мамлакатдан ушбу предметларни хотиржам олиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармасига (маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш бўйича)5 мурожаат қилишни тавсия этамиз. Бу ерда зарурат бўлганда маданий бойликларни олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатлар берилади.

Хорижда ишлаб чиқарилган идиш-товоқни ҳам экспертизага бериш ва тегишли хулоса олиш талаб этилади. Кўп жилдли нашрларни олиб чиқишда ҳам шу тартиб амал қилади.

 

Маълумот учун! Низомга 7-иловага мувофиқ бадиий экспертиза ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун махсус йиғим ундирилади. Мисол учун, унинг миқдори 1 та китоб экспертизасида, олиб чиқиш имкониятидан қатъи назар, энг кам иш ҳақи миқдорининг 2–5%ини ташкил қилади. Маслаҳат хизматлари учун йиғимнинг миқдори ЭКИҲнинг 5%ини ташкил қилади. Олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатнинг қиймати ҳам худди шунча.

 

 

1Ахборот халқаро почта жўнатмаларида (ХПЖ) юбориладиган товарларга, шунингдек жисмоний шахслар томонидан ЎзР божхона чегараси орқали товарлар сифатида олиб ўтиладиган транспорт воситаларига татбиқ этилмайди.

2ДБҚ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.06.2002 йилда 1147-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 18.05.1999 йилда 731-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова.

5Лашкарбеги кўчаси, 19, тел. (+998 71) 237-07-38. Мўлжал: «Ҳамид Олимжон» метро бекати, Латвия Республикаси Элчихонаси қаршисида.

  

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2328 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика