Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 32 / Солиқ солиш

Оилавий корхоналар танламайдилар

Оилавий корхонамиз 2014 йил декабрида барпо этилган. Унинг асосий фаолияти уяли алоқа компанияларига сим-карталар сотиш, улар номидан абонентлар билан шартномалар тузиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳисобланади. Бундан ташқари, биз аҳолидан «Paynet» ихтисослаштирилган дастури орқали тўловларни қабул қиламиз. Ташкил этилган пайтдан бошлаб солиқ ҳисоботини умумбелгиланган солиқ солиш тартибига кўра топширамиз.

Яқинда турмуш ўртоғим «Norma» экспертига ҚҚСни бюджетга тўлаш тўғрисида савол билан мурожаат қилди. У биз умумбелгиланган солиқ солиш тартибини қўллаш ҳуқуқига эга эмаслигимизни тушунтирди, чунки Солиқ кодексининг 350 ва 351-моддаларига кўра оилавий корхоналар ЯСТ тўловчилари ҳисобланади. Умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айланиш учун оилавий корхонанинг ташкилий шаклини хусусий корхона ёки МЧЖга ўзгартириш керак.

Биз нима учун ЯСТни танламаганимизни изоҳлаб бераман. Фаолиятимиз воситачилик хизматларига киритилган. Воситачиларга ЯСТ ставкаси 33% этиб белгиланган, бу эса умумбелгиланган тартибдаги солиқ юкламасига қараганда кўпроқ. Зеро, Солиқ кодексининг 209-моддасига кўра, «Paynet» ихтисослаштирилган дастури орқали тўловларни ўтказиш хизматлари учун олинадиган фоизлар ва воситачилик ҳақлари ҚҚС тўлашдан озод қилинган. «Paynet»дан тушумнинг улуши реализациянинг умумий ҳажмида 2015 йил I чораги учун 74%ни, 5 ой учун эса – 65%ни ташкил этди. Ушбу имтиёз бўшаган маблағларни корхона тасарруфида қолдириш имконини беради ва кўрсатилаётган хизматлар соҳасини кенгайтириш имкониятини яратади.

Ушбу вазиятда умумбелгиланган солиқлар тўловчи оилавий корхона солиққа оид нохушликларга дуч келмаслиги учун нима қилиши керак? Солиқ хизматини хабардор қилиши ва қайта ҳисоб-китоб қилиши керакми? Ёки бошқа бирорта йўли борми? Умумбелгиланган солиқ солиш тартибида қолиш учун ташкилий шаклни ўзгартириш мажбурий шартми? Қайта ташкил этиш натижасида қандай ҳаракатларни амалга ошириш зарур (НКМни қайта рўйхатдан ўтказиш, қайта ташкил этиш олдидан солиқ текшируви ва ҳоказо)?

Г.Ғаниева,

оилавий корхона раҳбари.

 

 

– «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон) мувофиқ ташкил этилган оилавий корхоналар ЯСТ тўловчилари ҳисобланиб, солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқига эга эмаслар (Солиқ кодексининг 351-моддаси). Улар акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб чиқариш, шунингдек юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган бошқа фаолиятни амалга ошира олмайдилар. Корхонангиз умумбелгиланган солиқларнинг тўловчиси бўла олмаслиги боис сиз қайта ҳисоб-китобларни топширишингиз ва боқимонда вужудга келган тақдирда пеняни ҳисобга олган ҳолда бюджетга фарқни қўшимча тўлашингиз зарур.

Шунга эътиборингизни қаратамизки, воситачилик шартномалари бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган корхоналардан 33%лик ягона солиқ тўлови ставкаси ялпи тушумдан эмас, балки воситачилик ҳақи суммасидан ундирилади (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илова). Шунингдек оилавий корхоналарга энг кам миқдорни (ер солиғининг 3 баравар суммаси) ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлаш тартиби татбиқ этилмаслигини ҳисобга олиш лозим*.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳамда оилавий корхоналар бундан мустасно, ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини ёки умумбелгиланган солиқлар тўлашни танлашга ҳақлилар (Солиқ кодексининг 351-моддаси). Солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқига эга бўлган солиқ тўловчилар тоифасига мувофиқ бўлиш учун сиз корхонангизнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартиришингиз лозим. Ушбу ҳолда юридик шахсда мажбурий солиқ текшируви ўтказилмайди. НКМни эса Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 1-илова) биноан янгидан рўйхатдан ўтказиш керак бўлади.

Наталья ТУРАЛИНОВА,

иқтисодчи.

 

*Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 2-бандининг «в» кичик банди).

Прочитано: 2703 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика