Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 32 / Амалий бухгалтерия

Воситачининг ҳисоботи зарур ҳужжат ҳисобланади

А компанияси (ХХТУТ бўйича коди – 84300 «Реклама хизматлари») воситачи сифатида комитент – Б компанияси билан турли каналларда реклама-ахборот материалларини жойлаштиришга воситачилик шартномасини тузди (комитент учун дақиқаларни харид қилади). Воситачининг воситачилик ҳақи тўловнинг 50%и олдиндан тўланиши шарти билан 1 млн сўмни ташкил қиладиган хизматлар қийматидан 5%ни ташкил қилади. Шартномада назарда тутилишича, агар воситачи шартномада кўрсатилгандан кўпроқ фойда келтирувчи битимларни тузган тақдирда, қўшимча наф воситачининг фойдасига келиб тушади. А компанияси юқорида кўрсатиб ўтилган битимни амалга ошириш учун комитент сифатида С компанияси билан воситачилик шартномасини тузди. Воситачилик ҳақи суммаси – тўловнинг 30%ини олдиндан тўлаш шарти билан 900 минг сўмни ташкил қиладиган етказиб бериш суммасидан 2%.

1. Воситачи (А компанияси) томонидан комитентга (Б компаниясига) хизматлар кўрсатилиши қандай бирламчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва улар ўз ичига қандай кўрсаткичларни олади?

2. Воситачида (А компаниясида) воситачилик шартномаси бўйича битим қандай бухгалтерия проводкаларида акс эттирилади?

3. Воситачи томонидан воситачи ҳисоботини расмийлаштирмаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Х.Толипова,

бош бухгалтер.

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 835-моддасида назарда тутилишича, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачи воситачилик шартномасини бажариш мақсадида бошқа шахс билан қўшимча воситачилик шартномаси тузишга ҳақли бўлиб, қўшимча воситачининг ҳаракатлари учун комитент олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Қўшимча воситачилик шартномаси бўйича воситачи қўшимча воситачига нисбатан комитент ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.

 

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига1 мувофиқ воситачи комитентнинг манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида амалга ошириладиган хизматларни сотиб олиш операциялари бўйича унга бирламчи ҳужжатлар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган воситачи ва комитентнинг барча реквизитларига эга бўлган ҳисобот тақдим этади. Воситачининг ҳисоботига қуйидаги маълумотлар киритилган бўлиши лозим:

 тегишли ҚҚС суммалари ажратилган ҳолда воситачи томонидан сотиб олинган хизматлар миқдори ва қиймати. Бунда ҳисоботга воситачи томонидан хизматлар комитентнинг манфаатида сотиб олинганлигини тасдиқловчи шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган бўлиши лозим;

 комитент томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларга воситачи томонидан амалга ошириладиган харажатлар қиймати. Комитент томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларга воситачи (ишончли вакил) томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларни (операцияларни) комитент (топшириқ берувчи) ўзи бажарган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган, воситачи томонидан учинчи шахсларга воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича топшириқни бажариш муносабати билан (товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш) тўланган маблағлар киритилади. Ҳисоботга ушбу харажатларнинг юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт;

 шартнома шартларига мувофиқ воситачининг (агар воситачи ҚҚС тўловчиси бўлса) ҚҚСни ўз ичига олувчи ҳақи суммаси;

 комитентдан олинган бўнаклар суммаси;

 воситачилик шартномасини бажариш билан боғлиқ воситачига тўланиши лозим бўлган сумма.

Воситачининг ҳисоботига шартномада назарда тутилган бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Ҳисоботни тақдим этиш муддати, агар воситачилик шартномасида ҳисоботни топширишнинг бундан кам бўлган муддати кўрсатилмаган бўлса, воситачи томонидан комитентнинг манфаатида хизматлар сотиб олинган ой тугаганидан сўнг 5 банк иш кунидан ошмаслиги лозим.

Хизматларни воситачилик шартномаси бўйича комитент учун сотиб олишда сотувчи (топшириқни бажарувчи) воситачи номига ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Воситачи комитент учун сотиб олинган хизматлар бўйича комитентга сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этади, яъни сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан комитент номига қайта тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» номи кўрсатилади.

Воситачи комитентга воситачилик шартномасини бажариш бўйича ўзининг ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Воситачи ҳисобварақ-фактурага қўшимча равишда комитент томонидан имзоланган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириши лозим. Воситачилик шартномасига асосан комитент томонидан қопланиши лозим бўлган маблағлар далолатномада кўрсатилади. Бироқ ҳисобварақ-фактурада бу харажатлар кўрсатилмайди.

Агар воситачилик шартномасига асосан комитент воситачи томонидан унинг топшириғини бажариш билан боғлиқ харажат қилинган маблағларни қоплаши лозим бўлса, ушбу харажатлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби комитент учун сотиб олинган хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олишга ўхшаш амалга оширилиши лозим.

Солиқ кодексининг (Кодекс) 129-моддаси учинчи қисмининг 12-банди (фойда солиғи тўловчилари учун), шунингдек Кодекснинг 355-моддаси тўртинчи қисмининг 11-банди билан (ЯСТ тўловчилари учун) воситачига воситачилик шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш муносабати билан, шунингдек комитент учун қилинган харажатларни қоплаш ҳисобига келиб тушган мол-мулк (ҳақ тўлови бундан мустасно) воситачининг даромади (солиқ солиш объекти) ҳисобланмайди.

Шундай қилиб, шартнома шартларига кўра воситачилик ҳақи хизматлар қийматига киритилмаслигини эътиборга олиб, воситачи А компаниясининг ҳисоботида қуйидагилар акс эттирилади:

 қўшимча воситачи – С компаниясидан сотиб олинган хизматлар бўйича кўрсаткичлар миқдори ва қиймати (900 минг сўм суммасида). Бунда ҳисоботга қўшимча воситачининг ҳисобварақ-фактуралари ва ҳисоботидан ташқари хизматлар (каналлар) бажарувчисининг бирламчи ҳужжатлари (шартнома, ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқалар) нусхалари илова қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади;

 комитент томонидан қопланиши лозим бўлган А компанияси амалга оширган қўшимча харажатлар (товарлар, ишлар, хизматлар) қиймати, тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда. Агар битимларни амалга ошириш учун воситачилик шартномаси шартларида қўшимча воситачини жалб этиш назарда тутилган бўлса, унга тўланган ҳақ комитент томонидан қопланади ва воситачининг даромади (харажати) ҳисобланмайди;

 шартномада назарда тутилганидан 5%ни (1 000 минг сўм х 5% = 50 минг сўм) ташкил қиладиган воситачилик ҳақи ҳамда воситачи тасарруфида қоладиган 100 минг сўм (1 000 минг сўм – 900 минг сўм) миқдоридаги ҳақ суммаси;

 шартномадаги сумманинг 50%и миқдорида комитентдан олинган бўнак суммаси (525 минг сўм);

 шартнома бўйича тўланадиган сумма.

Шунингдек А компанияси ўз номидан комитентга қўшимча воситачидан реклама-ахборот материалларини жойлаштириш қийматига (900 минг сўм) олинган ҳисобварақ-фактурани қайтадан тақдим этади ҳамда ўзининг воситачилик ҳақи (150 минг сўм) суммасига ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Бунда воситачилик ҳақи қайси суммаларни ташкил қилишини алоҳида-алоҳида сатрларда кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади.

А компанияси томонидан воситачилик шартномасини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳамда шартнома шартларига кўра комитент томонидан қопланиши лозим бўлган харажатлар амалга оширилганда, хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.

Воситачи (А компанияси)нинг бухгалтерия ҳисобида воситачилик шартномаси бўйича операциялар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Комитентдан пул маблағлари (олдиндан тўлов) олинди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

 

Қўшимча воситачига (олдиндан тўлов) тўланди

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Қўшимча воситачи томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисобот қабул қилинди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Қўшимча воситачига ўтказилган бўнак ҳисобга олинди

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

Воситачининг даромади (умумий воситачилик ҳақи суммаси) акс эттирилди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Комитент томонидан олинган бўнак ҳисобга олинди

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

 

Воситачи томонидан ҳисоботни расмийлаштириш воситачилик шартномаси бўйича операцияларни амалга оширишда мажбурий шарт ҳисобланади. Мазкур шарт Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг 23-бандида назарда тутилган. Бунда воситачи томонидан ушбу шарт воситачилик шартномасида назарда тутилган ёки йўқлигидан қатъи назар, қатъий белгиланган муддатда комитентга ҳисобот топширилади. Шу тариқа воситачининг ҳисоботи воситачилик операциялари расмийлаштириладиган зарурий бирламчи ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 9-моддасига мувофиқ хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар асос бўлади.

Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомнинг2 2-бандига мувофиқ корхоналар томонидан амалга оширилаётган барча хўжалик операциялари уларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозим. Ушбу ҳужжатлар улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритиладиган бирламчи ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Кодекснинг 116-моддасида назарда тутилишича, бухгалтерия ҳисобини белгиланган тартибни бузган ҳолда юритганлик ҳисобланиши лозим бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини аниқлаб бўлмаслигига олиб келса, бунга йўл қўйган солиқ тўловчининг мансабдор шахсига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-1-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади ва унга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солинади. Бунда маъмурий жазо қўлланилиши солиқ тўловчини бухгалтерия ҳисобини тиклаш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига 3-илова.

2Молия вазирининг АВ томонидан 14.01.2004 йилда 1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 1918 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика