Norma.uz

Бебурдлик ўзига зарар келтиради

Хусусий фирма (сотувчи) ва МЧЖ (харидор) 2014 йил октябрида 40 млн сўмлик шахсий гигиена ва парфюмерия воситаларининг олди-сотди шартномасини тузди. Унинг шартларига кўра харидор 3 банк куни мобайнида шартнома умумий суммасининг 50%ини олдиндан тўлаши, қолган 50%ини эса етказиб берилган кундан бошлаб 40 кун мобайнида тўлаши керак эди.

Шартномада назарда тутилган муддатларда харидор етказиб берилган воситалар ҳақининг 50%ини олдиндан тўлади. Сотувчи товарни ўз вақтида харидорнинг омборига етказди. Уни топшириш натижалари бўйича 40 млн сўмга юкхат-ҳисобварақ-фактура имзоланди.

Шундан кейин, омборни тафтиш қилиш чоғида харидор товарнинг 2 млн сўмлик қисми лозим даражадаги сифат билан келтирилмаганлигини аниқлади. Олди-сотди шартномасида гигиена ва парфюмерия воситаларининг яроқлилик муддати етказиб бериш пайтида ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган муддатнинг камида 80%ини ташкил этиши кераклиги назарда тутилган эди. У сотувчига умумий суммаси 2 млн сўмлик товарни шартнома талабларига мувофиқ келадиган товарларга алмаштириш талаби билан мурожаат қилди. Бироқ сотувчи ўз омборида бундай товарнинг йўқлигини важ қилиб, харидорга рад жавоби берди. МЧЖ хўжалик судига сотувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаётганлиги тўғрисида даъво билан мурожаат қилиб, 2 млн сўмлик лозим даражада сифатли бўлмаган товарни алмаштириш ҳамда 118 400 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириб беришни талаб этди.

 

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Сотувчи харидорга товарлар етказиб берди, бу ҳолат 40 млн сўмга юкхат-ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланади. 2 ойдан кейин у яроқлилик муддати ишлаб чиқарувчи белгилаган муддатнинг 80%идан кам бўлган товарнинг бир қисмини аниқлаганлигини айтди. Бироқ, олди-сотди шартномасига кўра, харидор товар топширилаётган пайтдан танлаб текшириш ўтказиши ва унинг номувофиқлиги тўғрисида етказиб берилган кундан бошлаб 20 кундан кечиктирмай талабини баён этиши керак эди. Бизда бундай товар бўлмаганлиги боис уни 60 кун мобайнида етказиб беришга тайёр эдик, чунки мазкур товарни аввал импортчидан харид қилишимиз керак эди. Биз харидорга уни бошқаси билан алмаштиришни таклиф қилдик, бироқ рад жавоби олдик. Шу боис МЧЖ даъвосини рад этишингизни сўраймиз.

 

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Олди-сотди шартномаси бўйича биз 20 млн сўмни олдиндан тўладик. Бироқ сотувчи товарнинг 2 млн сўмлик қисмини тегишли сифатга эга бўлмаган тарзда етказиб берди, чунки олди-сотди шартномасининг шартларига кўра унинг яроқлилик муддати етказиб бериш пайтида ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган муддатнинг 80%идан кам бўлиши мумкин эмас. Сифатсиз товар етказиб берилганлиги тарафлар томонидан тегишли далолатнома билан қайд этилди. МЧЖ сотувчига уни шартнома шартларига мувофиқ келадиган товар билан алмаштириш талаби билан мурожаат қилди, бироқ у бундай товарнинг ўз омборида йўқлигини важ қилиб, эътирозимизни қондиришдан бош тортди. Шу муносабат билан ХФни товарни лозим даражадаги сифатли товар билан алмаштиришга мажбур этиш ва ундан суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, товар етказиб беришнинг шартнома шартларига мувофиқ келмайдиган, юқорида баён этилган далилларини тасдиқлади. Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 402, 408 ва 434-моддаларига амал қилиб, шунингдек ёзма далиллар билан тасдиқланадиган даъво талабларининг асослилиги ва жавобгарнинг важ-далиллари асоссизлигини ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ қондиришга қарор қилди ва сотувчини илгари етказиб берилган товарни умумий суммаси 2 млн сўм бўлган худди шундай русумдаги лозим даражадаги сифатли товарга алмаштиришга ҳамда жавобгардан даъвогар фойдасига суд харажатларини ундиришга мажбур қилди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 402-моддаси биринчи қисмига асосан сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт. Бунда сотувчи харидорга топшириши шарт бўлган товар олди-сотди шартномасида назарда тутилган сифат талабларига мувофиқ келиши керак. ФКнинг 408-моддаси биринчи қисмига кўра, агар товарнинг камчиликлари сотувчи томонидан маълум қилинмаган бўлса, тегишли даражада сифатли бўлмаган товар топширилган сотиб олувчи ФКнинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. Уларнинг бири сотувчи етказиб берган товарни худди шундай русумдаги (модель, артикулдаги) лозим даражада сифатли товарга алмаштириш талабидир. Шу сабабли МЧЖнинг товарни 2 млн сўмлик худди шундай русумдаги лозим даражада сифатли товарга алмаштириш даъво талаблари тўлиқ асослидир.

Шунга ҳам эътибор қаратиш лозимки, агар ХФ МЧЖ эълон қилган эътирозни судгача тартибда қондирганда, суд харажатларини тўлашига тўғри келмас эди. Масалан, сотувчи олди-сотди шартномасига товар етказиб бериш муддатларини узайтириш ва уни харидор билан келишган ҳолда алмаштириш имкониятини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисида битим тузишни харидорга таклиф қилиши мумкин эди. Ушбу ҳолда низо судгача тартибда ҳал этилган бўларди. Қарздан, қарз ҳисобига тенг қадрли мол-мулкни топшириш, кафиллик ва ФКда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа усулларидан фойдаланиб эса, ХФ қўшимча харажатлардан халос бўлиши мумкин эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1533 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика