2015 йил 6–7 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг раиси Н.Йўлдошев очди ва бошқарди.
Сенатнинг ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини (2015 йил 15 майдаги) ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди. Қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб то уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Қонун тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини анча кучайтиради. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш тарзида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган бўлса, пенялар ва бошқа молиявий санкцияларни тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслигини назарда тутувчи норма ўта муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, қонунда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлик ва савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жазо тайинланмаслиги, бунинг ўрнига маъмурий юрисдикция қўлланилиши назарда тутилмоқда, бундан йирик жиноятлар мустасно.
Қонунда назарда тутилганидек хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган барча ҳуқуқбузарликлар учун, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддаларнинг Жиноят кодексининг ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг алоҳида, мустақил бобларига бирлаштирилиши хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг кафолатланишини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган норма қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган. Қабул қилинаётган қонунга мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестри яратилмоқда. Бу тадбиркорларга соҳадаги ўзгариш ва имтиёзлардан ўз вақтида хабардор бўлиш имконини беради.
Ана шу ва бошқа янгиликларнинг қонунлар даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун инвестиция ва пай фондларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга, республикада жамоа томонидан инвестициялар киритиш тизими яратилишини рағбатлантиришга қаратилган. Бу вақтинча бўш турган пул маблағларини ҳаракатга келтиришда, уларни турли иқтисодий, инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтиришда аҳоли ва тадбиркорлик тузилмалари учун шарт-шароитлар яратади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида тайёрланган «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Қонунда янги қоидалар назарда тутилган бўлиб, улар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқарув тизимининг самарадорлигини оширишга, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини, давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу соҳадаги ваколатларини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган.
Сўнгра сенаторлар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентнинг қуйи палатасига киритилган «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. 1992 йилда қабул қилинган амалдаги «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Қонуннинг ўрнига қабул қилинаётган ушбу Қонун замонавий талабларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, санитария нормалари ва қоидаларини бажаришга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Ушбу Қонун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритаётир.
Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини «Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомани (Берлин, 2014 йил 14 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Баённомада амалдаги Битимга солиқ соҳасида ахборот алмашиш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тузатишлар киритилиши назарда тутилаётганлиги таъкидланди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.
Ҳисоботни эшитиш ва муҳокама этиш чоғида сенаторлар Марказий банк фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Жумладан, улар банкларнинг ресурс базасини такомиллаштиришга ва янада мустаҳкамлашга, банк хизматларини диверсификациялашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришни давом эттиришга, шунингдек, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга, иш ўринларини ташкил этишга ва аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг изчил рўёбга чиқарилишини давом эттиришни тавсия этдилар. Марказий банкнинг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Сенат томонидан маъқулланди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Сенатнинг икки кун давом этган мажлиси якунларига кўра ҳаммаси бўлиб 11 та масала, шу жумладан, 6 та қонун кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг
Матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.