Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 31 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Лавозимларнинг янги классификатори кучга кирди

Вазирлар Маҳкамасининг 19.06.2015 йилдаги 164-сон Қарори билан янгиланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (бундан кейин – 164-сон Қарор) тасдиқланди.

 

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янгилаш заруратини қандай сабаблар келтириб чиқарди?

Ҳозирги шароитда кадрларга нисбатан малака талабларини аниқ белгилаш асосида уларни тўғри танлаш, жой-жойига қўйиш ва улардан фойдаланиш сингари ташкилий-иқтисодий омил, ходимларнинг вазифаларини аниқ тақсимлаш, топширилган иш учун жавобгарликни кучайтиришнинг роли анчагина ошмоқда.

Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий-техник жиҳатда, шунингдек бундан аввалги Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон Қарори билан тасдиқланган) сингари меҳнатни ташкил этишнинг амалдаги меъёрларини қўллаш амалиётида юз берган ўзгаришлар уларни қайта кўриб чиқиш, жамиятни ривожлантиришнинг янги босқичи, ходимларга, уларнинг билимлари ва малакасига қўйиладиган янги талабларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш заруратини тақозо этди.

Республика Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) бажариш муносабати билан ҳамда касблар ва лавозимлар классификациясининг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, уни бозор иқтисодиёти ва халқаро амалиёт талабларига мувофиқлаштириш, янги формациядаги профессионал кадрлар тайёрланишини таъминлаш мақсадида республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан янгидан Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (бундан кейин – Классификатор) янгиланган шаклда ишлаб чиқилди. У мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда меҳнатни оқилона тақсимлашни таъминлаш; хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларини тизимга солиш; ишчилар тариф разрядлари ва хизматчилар лавозимлари тоифаларининг диапазонини, шунингдек таълим йўналиши ва даражасига нисбатан талаблар белгилаш учун қабул қилинди.

Классификаторнинг янги таҳрири аввалгисидан нимаси билан фарқ қилади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори (20.08.2010 йилдаги 181-сон) 2015 йил 1 июлдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб топилди. Янгиланган Классификатор аввалгисининг ўрнига ишлаб чиқилди.

Аввалги Классификаторда 3 бўлим бор эди, унинг хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификацияси жадвали 7 826 номдаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларини ўз ичига олган эди.

Янгиланган Классификатор таркибида эса 5 бўлим бор.

Янгиланган Классификаторда лавозимлар ва касбларнинг умумий сони 8 395 бирликни ташкил этади, бундан ишчилар касблари 5 538 та ва хизматчилар лавозимлари 2 857 та бўлиб, улар асосий лавозимлар ва касбларнинг номларини, шунингдек уларнинг асосий малака тавсифлари ва талабларини белгилайди. Яъни унга 500 дан ортиқ янги лавозим ва касблар киритилган.

Бунда:

 74 лавозим Президентнинг ПФ-4720-сон Фармони 4-бандига асосан акциядорлик жамиятининг янги намунавий тузилмасини ҳисобга олган ҳолда киритилган;

 54 лавозим бозор инфратузилмасини янада ривожлантиришни таъминлайди;

 22 лавозим ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган;

 383 та янги ишлаб чиқариш лавозими ва касби давлат ҳамда хўжаликни бошқариш органларининг таклифларига кўра киритилган.

Шу тариқа, янгиланган Классификатор:

меҳнат шартномасини, штат жадвалини тузиш, меҳнат дафтарчаларига ёзувлар қайд этиш, меҳнат муносабатлари бўйича буйруқларни расмийлаштириш, лавозимлар ва касбларни ходимларнинг тегишли тоифаларига киритиш чоғида лавозимлар ва касблар номларининг стандартларини киритади;

янги формациядаги, шу жумладан корпоратив бошқариш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш учун мўлжал бўлиб хизмат қилади;

маълумот даражаси ва малака тоифасини ҳисобга олган ҳолда кадрларни самара билан жой-жойига қўйиш учун дастак ҳисобланади.

Унинг талабларига риоя этиш қанчалик мажбурий ва кимлар учун белгиланган?

164-сон Қарорнинг 2-бандида белгиланишича, Классификатор:

хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда (республиканинг барча ташкилотларида) мажбурий ҳисобланади;

ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича тариф разрядларини белгилаш юзасидан – ЎзР Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади.

Таълим йўналишини белгилашда ҳужжат тавсия хусусиятига эга.

Янгиланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори 2015 йил 1 июлдан амалга киритилди. Бунда аввалги Классификаторга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлига қадар меҳнат дафтарчаларига киритилган ёзувлар ўз кучини сақлайди.

Классификаторнинг талабларига риоя этмаганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?

Юқорида айтилган талаблар (Классификатор талабларини бажаришнинг мажбурийлиги қисмида) бажарилмаганда ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жавобгарликка олиб келади. МЖТКнинг 49-моддасида мансабдор шахслар учун энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача (яъни 236 800 сўмдан 592 000 сўмгача) миқдорда жарима назарда тутилган.

Чекинишларга (амалиётда) йўл қўйиш мумкинми?

Афсуски, ҳа. Ҳозир ўз кучини йўқотган Классификатор тасдиқланаётганда ВМнинг 181-сон Қарорининг 4-банди билан давлат ва хўжаликни бошқариш органларига тасдиқланган Классификатор асосида 2011 йил охиригача профессионал тайёргарлик йўналишларига талабларни кўрсатган ҳолда хизматчилар лавозимлари ҳамда ишчилар касбларининг тармоқ тариф-малака маълумотнома китоблари, шунингдек тегишли лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган эди.

Бироқ ушбу топшириқ тўлиқ бажарилмади. Шу сабабли айрим минтақалардаги баъзи тармоқ ташкилотларида белгиланган талаблардан чекинишлар учрайди.

Янгиланган Классификатор асосида Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқлари ва соҳалари учун умумий ҳисобланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари тармоқлараро тариф-малака маълумотнома китоби ишлаб чиқилади. Ишчилар касбларига доир малака разрядларини бериш ва тасдиқлаш бўйича минтақавий ҳамда тармоқ марказлари тармоғини яратиш ҳам мўлжалланган.

Классификаторнинг тўғри қўлланиши қонун билан белгиланган турли имтиёзлар, кафолатлар ва компенсациялар олишга ҳуқуқи бўлган ходимларнинг уларни қўшимча таътил ва зарарли меҳнат шароитларидаги иш учун қисқартирилган иш куни, имтиёзли пенсия таъминоти, уларга махсус кийимнинг бепул берилиши ва бошқача тарзда олишини таъминлайди.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 8435 раз(а)

Комментарии к статье (3)

2016-03-30 10:56:20, Гость_мадина:
бухгалтерия хисоби ва аудит мутахасислигини тамомлаган шахс экономист булиб ишлаши мумкинми?
2016-12-06 16:33:26, Гость_Жасур:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2017-11-06 13:43:48, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика