Корхонамиз собиқ ходимларидан бири 1999 йил 6 октябрдан буён таътилда бўлмаган эди.
15 июнда у вафот этди. Корхонамиз унинг қариндошларига 15 йилдан ортиқ давр учун фойдаланилмаган ва қўшимча таътиллар учун компенсация тўлаши керакми?
З.Орипов,
АЖ директори в.б.
– Ходимнинг вафоти меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиш асосларидан бири ҳисобланади (Меҳнат кодексининг 106-моддаси 5-банди). Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилади (МКнинг 162-моддаси). Уларга фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун барча компенсация, мукофотлар, устамалар ва қўшимча ҳақлар, пенсиялар, ижтимоий суғурта, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш бўйича нафақалар, алиментлар ва ходимга яшаш воситаси сифатида берилган бошқа пул суммалари тўланиши керак (МКнинг 275-моддаси).
Ҳатто ходим дараксиз ҳозир бўлмаган деб эътироф этилса-да, унга барча фойдаланилмаган таътиллар, иш ҳақи ва бошқа тегишли тўловлар ҳисобланиши зарур. Сўнгра ҳисоблаб ёзилган, бироқ берилмаган суммалар депонентга ўтказилади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.