Меҳнат шартномасига кўра ходимга қуйидагилар белгиланган:
асосий таътил – 18 кун + иш стажи учун 2 кун;
қўшимча таътил – 12 кун.
Ходим ишдан бўшаяпти. Агар ишдан бўшаётган ходим таътилдан фойдаланмаган бўлса, нима қилиш керак?
Бухгалтер.
– Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (Меҳнат кодексининг 108, 110-моддалари). Агар у меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтида жорий иш йили ёки бир неча йил учун йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланмаган бўлса, унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151, 275-моддалари). Бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш сабаби аҳамиятга эга эмас.
Таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 6-иловада назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилади.
Агар сиз 1 тўлиқ иш йили учун пуллик компенсация тўлашингиз керак бўлса, уни 32 иш куни ҳисобидан амалга ошириш лозим.
Корхонамизда ишдан бўшаш чоғида, шу жумладан 2011 йилдан 2015 йилга қадар даврда фойдаланилмаган таътиллар учун ҳеч кимга ҳеч қандай компенсация тўланмаган.
Ишдан бўшаш чоғида ходимларга компенсация тўламаганлиги учун иш берувчига нисбатан қандай жарима санкциялари назарда тутилган?
Л.Петренко.
– Шуни ёдда тутиш лозимки, таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим (МКнинг 143-моддаси бешинчи қисми). Агар ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтида жорий йил учун ёки бир неча йил учун йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланмаган бўлса, МКнинг 151, 275-моддаларига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
Ушбу талабларни бажармаслик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган санкцияларга олиб келади – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади. Жарима тўлаш иш берувчини ишдан бўшатилган ходимларга компенсация тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.