Norma.uz

Квартирани сотдим. Бўнак тўловларини қайтаришингизни сўрайман

Коммунал хизматлар таъминотчилари бўнак тўловларини қайтаришлари керакми?

 

«Норма маслаҳатчи» газетасининг ҳурматли таҳририяти! Газетангизни ўқиб бораман, мени ташвишлантирувчи кўп саволларга жавоб топаман. Масалан, бизнинг ҳовлимиз ҳам яшовчиларга кўплаб ноқулайликлар туғдираётган автотўхташ жойига айланиб қолган. Биз ушбу мавзуда «Норма маслаҳатчи»да чоп этилган мақоладан нусха олиб, уларни автомобилларнинг ойна тозалагичларига қистириб чиқдик. Балки ишонмассиз, қўшниларимиз машиналарини деразалар остига қўймайдиган бўлишди. Умуман олганда «Норма маслаҳатчи» ўзининг профессионал ва фойдали мақолалари билан менга «Аргументы и факты» газетасини эслатади. Бошқа саволларимга ҳам жавоб оламан деб умид қиламан.

1. Бизнинг ХУМШ 5 та тўрт қаватли уйда яшовчиларни бирлаштиради. Ширкатнинг баъзи аъзолари намойишкорона тарзда умумий мол-мулкни сақлашга бадаллар тўлашмайди. Қандай ҳужжатлар асосида уларни тўлашга мажбур этиш мумкин?

2. Турар жой мулкдори ўз квартирасини сотди. Барча коммунал хизматлар ва телефон ҳақини йил бошида бўнак билан 12 ойга тўлаб қўйган. Квартирани сотгандан кейин тегишли коммунал хизматларга ариза ёзиб, унга 7 ой учун бўнак тўловларини қайтаришларини ёки ушбу давр учун ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишларини сўради. Аризага олди-сотди шартномаси нусхалари, коммунал хизматлар ҳақи тўланган пластик карточка реквизитлари, бўнак тўловлари тўланганлиги тўғрисида квитанцияларнинг нусхаларини илова қилди. АТС ва газ таъминоти ташкилоти уларни дарҳол қайтарди. Коммунал хизматларнинг бошқа етказиб берувчилари эса қайтармадилар. Ушбу вазият қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади? Етказиб берувчилар коммунал хизматлар учун бўнак тўловларини қайтаришлари керакми?

Г.Лукаев. Тошкент шаҳри.

 

1. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 30-моддасида белгиланишича, жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт. ХУМШ аъзолари умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда мажбурий бадаллар тўлайдилар. Уларнинг миқдори ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади. Тўлашни хоҳламайдиган мулкдорларга нисбатан Қонуннинг 39-моддаси билан ширкатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Ширкат судга ХУМШнинг ноҳалол аъзосини Қонун билан белгиланган мажбуриятини бажаришга мажбур этиш тўғрисида даъво билан мурожаат этишга ҳақлидир.

 

2. Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларида (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган) назарда тутилишича, бўнак тўловлари киритилганда истеъмолчи коммунал хизматлар тарифлари ўзгарган тақдирда қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этилади. Бироқ уларда бўнак билан тўланган тўловларни қайтариш тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Бўлғуси давр учун коммунал хизматларга бўнак тўловлари, Фуқаролик кодексининг (ФК) 243-моддасига кўра, истеъмолчи томонидан мажбуриятларни муддатидан аввал бажариш ҳисобланади.

Квартирани сотиш унинг аввалги мулкдорига коммунал хизматлар етказиб бериш шартномаларини бекор қилишга олиб келади. ФКнинг 385-моддасида белгиланишича, шартнома бекор қилинганда тарафларнинг мажбуриятлари тугатилади. Тарафлар улар томонидан шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш пайтига қадар мажбурият бўйича бажарилган нарсани, агар қонунда ёки тарафларнинг келишуви билан бошқа қоида белгиланмаган бўлса, талаб қилишга ҳақли эмаслар.

Мазкур ҳолда қонун билан бошқа қоида белгиланган. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) 21-моддасига кўра ижрочи истеъмолчидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Квартира сотилгандан кейин бошқа мулкдорга тегишли бўлиши ва аввалги шартнома бекор қилиниши боис квартира бўйича коммунал хизматлар аввалги мулкдорга кўрсатилиши мумкин эмас. Тегишинча, унга бўнак тўловлари қайтарилиши керак.

Етказиб берувчи пулни қайтаришдан бош тортган тақдирда истеъмолчи ФКнинг 383-моддасига асосан судга мурожаат этиши мумкин, чунки вазиятнинг жиддий ўзгариши оқибатида шартнома бекор қилинаётган бўлади.

Чакана истеъмолчига табиий газ етазиб бериш шартномасининг 6.5-бандида назарда тутилишича, бўнак билан тўланган маблағлар қайтарилмайди. Бироқ газ таъминотчиси истеъмолчига 7 ой учун бўнак тўловларини қайтарди, бу эса унинг ҳуқуқий саводхонлигидан дарак беради.

Келишмовчиликлар ва низоларга йўл қўймаслик учун бўнак тўловларини қайтариш тартиби коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари ва уларни истеъмолчиларга кўрсатиш шартномаларида аниқ қайд этилиши керак.

Прочитано: 1970 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика