Norma.uz

Ошхонани балкондан чиқаринг

Ўз вақтида ошхонани балконга ўзбошимчалик билан чиқариб ташлаган кўплаб квартира эгаларининг эндиликда терлаб-пишишига тўғри келади. Уларнинг ҳаммасини аввалги ҳолатга қайтаришга мажбур қилишади: газ плитаси ва раковина ошхонада бўлиши керак, квартиранинг режасига кўра айни шундай бўлиши лозим. Тўғри, балконни ғайриқонуний равишда ошхона сифатида қайта жиҳозлаб олган фуқаролар ушбу талабларга қаршилик кўрсатишади. Бундай далилларни аниқлаш мақсадида уйма-уй юраётган газ таъминоти ташкилотларининг ходимларига эшик очишмайди. Уларни аввалги жойига кўчириш зарурлиги хусусидаги кўрсатмаларни бажармайдилар. Ушбу мавзуда таҳририятга келган мурожаатларнинг бирини кўриб чиқайлик.

«30 йил аввал коммунал квартирада ошхонадан балконга газ плитаси ва раковина кўчирилган эди. Билмадим, қандай сабабларга кўра ушбу ўзгартиришлар квартира режасида акс эттирилмаган. Бир ой аввал квартирамизга ҳисоблагични ва квартира ичидаги газ тармоғини текшириш учун «Ўзтрансгаз» АК ходими келди. У қонун ҳужжатларига кўра водопровод ва газ қувури билан биргаликда ошхонани балконга чиқариш тақиқланганлиги хусусида огоҳлантирди. Шу муносабат билан менинг жарима тўлашимга, газ плитаси ва водопроводни ўз жойига кўчиришимга тўғри келяпти. Ҳақиқатан ҳам қонун ҳужжатларида газ плитасини ошхонадан балконга олиб чиқиш тақиқланганми? Ушбу масалани қандай ҳужжатлар тартибга солади ва уни ҳал этиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?»

 

Аввало шундай савол туғилади: нима учун ҳисоблагич ишини ва квартира ичидаги газ тармоғи ҳолатини «Ўзтрансгаз» АК вакили назорат қилиши керак? Истеъмолчи газ етказиб беришга туман газ таъминоти ташкилоти билан шартнома тузади, унинг ходимлари газдан фойдаланадиган ускунанинг техник ҳолатини мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб туришлари шарт (Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасининг 4.2-банди, бундан кейин – Шартнома).

Газдан фойдаланиш чоғида абонентнинг уйни (квартира, боғ участкасини) ўзбошимчалик билан газлаштириши, газ ускунасини бошқа жойга кўчириши, алмаштириши ва таъмирлаши тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмушда газдан фойдаланиш қоидаларининг1 (бундан кейин – 370-сон Қоидалар) 18.1-банди талаби ана шундай. Абонентларнинг газ асбоблари ўрнатилган хоналарни қайта режалаштириши ҳам тақиқланган (370-сон Қоидаларнинг 18.2-банди). Бундай ҳолларда газ таъминоти ташкилоти истеъмолчини олдиндан огоҳлантирмасдан, аниқланган камчиликларни бартараф этишга қадар газ берилишини тўхтатишга ҳақлидир (370-сон Қоидаларнинг 15.6-банди).

Фуқаролар Турмушда газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгар бўладилар. 370-сон Қоидаларнинг 28-бандига кўра бундай ҳуқуқбузарликларга шу жумладан уйлар, гаражлар, иссиқхоналар, ёзги ошхоналар, тандирлар, дала ҳовлилар ва ҳоказоларни ўзбошимчалик билан газлаштириш, шаҳар газ таъминоти ташкилотининг рухсатисиз қўшимча иситиладиган майдонларни ишга тушириш киради.

Ўзбекистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларининг2 (бундан кейин – 648-сон Қоидалар) 3.3-банди истеъмолчининг ички муҳандислик тармоқларини ижрочининг рухсатисиз қайта жиҳозлаши, мавжуд тармоққа ўзбошимчалик билан уланишини тақиқлайди.

Кўп фуқаролар ошхоналари қайта жиҳозланган, газ плитаси ва раковиналари балконга олиб чиқиб бўлинган квартираларга кўчишларидан ғазабланадилар, зеро аввалги яшовчиларнинг ўзбошимчалиги учун улар тўлашларига тўғри келади. Афсуски, ҳуқуқий саводсизлик истеъмолчини жавобгарликдан ва белгиланган қонун ҳужжатларига риоя этиш зарурлигидан озод қилмайди. Уй-жой мулкдорлари турар жойни қайта режалаштириш билан боғлиқ барча ўзгартиришлар квартира режасида акс эттирилиши кераклигидан хабардор бўлишлари керак. Турар жойни харид қилаётганда ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларни диққат билан ўрганиш керак. Агар квартирада қайта режалаштириш амалга оширилган ва бу ҳол турар жой режасида акс эттирилмаган бўлса, албатта сабабларни аниқлаш, кадастр бўлимига мурожаат этиш керак бўлади. Мазкур ҳолатда истеъмолчи туман газ идорасига мурожаат қилиши лозим, у ерда газ плитасини аввалги жойига кўчириш механизмини тушунтирадилар.

Яна бир савол туғилади: нима учун газ таъминоти ташкилоти шунча йилдан бери газ плитасини кўчирганликлари хусусида квартирада яшовчиларга талаб қўймади? 648-сон Қоидаларнинг 4.1-бандида айтилишича, ижрочи абонентдаги муҳандислик ускунаси ҳолатини кўрикдан ўтказиш йўли билан хизматлар истеъмоли устидан назоратни амалга оширади. 370-сон Қоидаларнинг 14.10-банди газ таъминоти ташкилотининг турар жойларда газ таъминоти тизими ҳолатини текшириш мажбуриятини белгилайди. Шартноманинг 4.4-бандида назарда тутилишича, бошқа газ асбоблари бўлмаганда тармоқ газида ишлайдиган турар жойларда газ плиталарига техник хизмат кўрсатиш (тафтиш қилиш) 2 йилда 1 марта ўтказилади.

 

1Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.10.1977 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 20.02.1999 йилда 648-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Прочитано: 2587 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика