Norma.uz

Ширкатларга юридик хизмат ёрдам бермоқда

ХУМШ фаолиятининг турли масалалари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш пойтахтимизнинг Чилонзор тумани хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасида фаолият олиб бораётган юридик хизматнинг ўз олдига қўйган асосий мақсадидир. Мазкур хизмат турар жой мулкдорларига, ХУМШ бошқаруви аъзоларига, кўп квартирали турар жой фондига хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарувчи компанияларга (БК) хилма-хил хизматлар кўрсатиб келмоқда. Маслаҳатлар бериш, судда ХУМШ манфаатларини ҳимоя этиш ва унинг номидан қатнашиш, рўйхатдан ўтишда кўмаклашиш, қарзларни ундириб олиш, ширкатга кредитларни ўзлаштириш билан боғлиқ масалаларни тушунтириш шулар жумласидандир. Уюшмага кўпроқ қандай ҳуқуқий масалалар билан мурожаат этилаётгани ҳақида юридик хизмат раҳбари Кристина ТАНТИБОЕВА қуйидагиларни гапириб берди.

 

ҚАРЗДАН ҚУТУЛГАНГА НИМА ЕТСИН

– Мурожаатларнинг аксарият қисми умумий мол-мулк таъминоти учун мажбурий бадаллар бўйича ХУМШ ­аъзоларидан қарзни ундириб олишда ширкатларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқдир. Даставвал бадал тўламаётганларга қарзни тўлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш юборилади. Огоҳлантирув хатларидан бири шахсан унинг қўлига топширилади, иккинчиси эса юборувчига хабар қилиш шарти билан почта орқали жўнатилади. Агар бу тадбир натижа бермаса, масала суд тартибида ҳал қилинади. Бадал тўламаётганлардан суднинг ҳар қилув қарори билан 2014 йилнинг иккинчи ярмида 99,8 млн сўм, 2015 йилнинг биринчи ярмида 64 млн сўм ундирилиши лозим эди. Аҳвол бундай бўлишини истамас эдик. Бутун Чилонзор тумани бўйича 15 нафар суд ижрочиси бор. Бу самарали иш олиб бориш учун етарли эмас, албатта. Ҳар икки ҳафтада улар билан қарздорликни камайтириш юзасидан солиштирув ўтказамиз. Одамлар суд ижрочиси борганида эшикни очмайдилар, квартираларига киритмайдилар, қўполлик қиладилар, суднинг ҳал қилув қарорларини йиртиб ташлаш ҳоллари ҳам учрайди. Ҳолбуки, қарзни ундириб олиш борасидаги кўргазмали, намунали мисоллар қарздорларга ҳадеб эслатавериш, тартибга чақиришдан кўра яхшироқ таъсир этиши мумкин. Қарзни тезкорлик билан ундириб олишга баъзан суд ходимлари ҳам таъсир ўтказадилар. Айрим ҳолларда улар суднинг ҳал қилув қарорини суд ижрочиларига ўзлари юборишади, баъзан эса қарорни ишни юритаётган юристларга ёки ХУМШ раисларига ўзлари топширишади. Бу эса суд қарорларини ижро этувчилар ишига муайян даражада тўғаноқ бўлади.

 

ИККИ ДУНЁДА ҲАМ МУҲРНИ СИЗГА БЕРМАЙМАН...

Ширкат аъзолари кўпинча раис устидан шикоят қилиб, ҳеч нарса қилмаётир, қўлини совуқ сувга ҳам урмайди, пулларимиз қаёққа ғойиб бўлмоқда – билмаймиз, гапларимизга эътибор ҳам бермайди деб нолиб юришади. Одамлар раисни қай йўсинда қайта сайлаш мумкинлигини билишмайди ҳам. Баъзан шундай бўладики, улар ширкатга янги раис сайлашади, вазият эса ўзгармайди – аввалги раҳбар умумий йиғилиш қарорини писанд қилмайди, бошқарув жиловини беришни истамайди. Натижада иш юришиб кетиш ўрнига судма-суд юриш бошланади. Хусусан, «Коммуналчи шинам» ширкатида худди шундай бўлди. 2013 йил ноябрида ХУМШ аъзолари умумий йиғилиш ўтказиб, кўпчилик овоз билан раис сайладилар. Янги сайланган ширкат бошқаруви собиқ раисдан ХУМШ ҳужжатларини, муҳри ва штампини беришни сўради, у эса йиғилиш қарори қонунга хилоф деган важ-корсон билан талабни қатъиян рад этди. Бошқарув муҳр ва штампни олиб қўйиш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат этишга мажбур бўлди. Масала турли инстанцияларда узоқ вақт кўрилганидан кейин ХУМШ фойдасига қарор чиқарилди. Шунга қарамай, раис ҳозирга қадар ҳеч нарсани қайтаришни истамаётир. Иддаоси зараркунандаликми, ёки бошқа сабаб борми ноаён. Лекин ҳужжатларни, штампларни, муҳрларни, бланкаларни йўқ қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш сингари қилмиш учун Жиноят кодексининг 227-моддасида жазо белгиланган. Ҳозирги кунга қадар ўша кўп қаватли уй тўлақонли хизмат кўрсатилишдан бебаҳра қолмоқда, ширкатнинг ҳисоб-китоб варағи тўхтатиб қўйилган. Уйнинг техник ҳолатини амал-тақал сақлаб туришибди. Жиноят иши қўзғатиш ҳақида ариза билан прокуратурага мурожаат қилишдан ўзга чора қолмади шекилли.

Яшашга мўлжалланмаган жойлар билан боғлиқ мурожаатлар ҳам учраб туради. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) 6-моддасига асосан кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт. Ширкат билан муносабат улар ўртасида мажбурий тартибда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади. Бундай мулкдор шартнома тузишдан бўйин товлаган тақдирда ширкат шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этишга ҳақли. Бизда тарафлар суднинг ҳал қилув қарори асосида шартнома тузган ҳоллар ҳам бўлди. Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари бир-икки ой бадал тўлаб, кейин уни тўлашдан бош тортдилар. Иш яна бошидан бошланди. Ширкат улар учун турар жой мулкдорларига нисбатан бадаллар миқдорини кўпроқ қилиб белгилайди, аммо бу нарса умумий йиғилишнинг қарори асосида бадал миқдорини жўяли асосда белгилаш йўли билан ҳал этилади. Шу сабабли яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорларида бу борада эътирозлар бўлмайди. Бу умуман ҳал этиш мумкин бўлган муаммо, лекин кўпгина ХУМШлар унга етарлича аҳамият бермайдилар, яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари бадаллари ҳисобидан ширкат бюджетини тўлдириш мумкинлигига тушуниб етмайдилар.

 

БИРГА ЯШАГАН БИЛАН ҲАР КИМ ҚАРЗИНИ ЎЗИ ТЎЛАГАНИ МАЪҚУЛ

Кўпинча ширкатлар бўлинганда қизиқ вазият келиб чиқади. Уларнинг таркибидан битта ёки бир нечта уй ажралиб чиқиб, мустақил ХУМШ тузганда шундай бўлади одатда. Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари билан боғлиқ масалалар бартараф этилмаганлиги, рўйхатга олувчи орган тақсимот балансини ноқонуний тарзда талаб қилиш йўлига ўтиб, янги ХУМШни рўйхатга олишдан бош тортиши сингари муаммолар учраб туради. Ҳаётда бўлгани каби ХУМШлар турмушида ҳам ажралиш масаласи оғир кечади. Ким-кимдан ва қанча қарзлиги борасида муносабатларни ойдинлаштириб олиш кўпинча хайрли тугамайди. Кимдир қўлини силтаб, ҳаммасини янгидан бошлаш ҳаракатига тушиб қолади. Баъзилар эса аксинча, адолатни қарор топтириш учун судга мурожаат этмоқчи бўлади. Аммо бу ишни қандай амалга ошириш кераклигини билмайди. Ана шундай пайтларда бизнинг юридик хизмат ёрдами асқотади.

Мана бир мисол. «Халқлар дўстлиги» деб аталган, уч уйдан ташкил топган ширкатдан иккита уй ажралиб чиқиб мустақил ХУМШ тузди. Аввалги ширкатда битта чоғроқ 4 йўлакли уй қолди. Учала уй бирга бўлган пайтдаги жамики қарзлар шу мўъжаз уй зиммасига юклаб қўя қолинди. Ширкатга хизмат кўрсатиб келган бошқарувчи компания бу ишдан четда қолмади. Қарздорлик ХУМШ аъзолари мажбурий бадалларни тўламаганликлари оқибатида юзага келган эди. Иккала уй ширкатдан жангарилик билан ажралиб чиққанлиги боис ўшанда қарзларни тақсимлаш ҳақида гапга ўрин бўлмади. БК аввалги ширкатни судга бериб 6 млн сўм миқдорида қарзни ундириш даъвосини илгари сурди. Суд унинг талабини қаноатлантирди. Аранг фаолият юритиб турган ХУМШ ўзи учун ва улар сафини тарк этган иккита уй учун қарзни бошқарувчи компанияга тўлашга мажбур бўлди.

Бироқ собиқ ХУМШ бошқаруви аъзолари суднинг ҳал қилув қарори адолатлими деб сўрамоқдалар. Биргаликда фаолият олиб борилганида ҳаммаси жойида эди, хўш ажралишгач, қарзларни битта уй аҳлининг ўзига юклаб қўйиш тўғримикан? Тўғри, БК билан шартномани «Халқлар дўстлиги» ширкати тузган. Шу сабабли у юридик шахс сифатида бошқа юридик шахс олдидаги мажбуриятлари учун бутун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Мажбурий бадаллар бўйича қарзга келсак, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (мамлакат Президентининг 10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон Қарорига 3-илова) 6-бандига мувофиқ агар янги ХУМШ ажралиб чиқиш йўли билан ташкил топган бўлса, у илгари ўзи аъзо бўлган ширкат олдида ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис бўлмайди. Ширкатнинг ўзаро ижро этилмай қолган мажбуриятлари ҳам, унинг собиқ аъзолари (квартира мулкдорларининг) ўзаро ижро этилмай қолган мажбуриятлари ҳам тарафларнинг келишуви билан ёки суд тартибида ҳал этилади. Бошқача қилиб айтганда, аввалги ХУМШ бадалларни тўлаш юзасидан мажбуриятларини бажармаган собиқ аъзоларига якка тартибда даъво тақдим этиши мумкин. Негаки улар ўз ҳаракатлари билан собиқ ХУМШнинг молиявий аҳволини ёмонлаштирдилар, бошқарувчи компания олдида қарздор бўлиб қолишига сабабчи бўлдилар.

Янги ширкат аввалги ширкатнинг барча қарзларини «кечиб юборади», иккита уй аҳлининг янги ширкатга қарзини эса ўз ҳисоб-китоб варағига қабул қилиб олади. Ана шу афандинамо қарор «Халқлар дўстлиги» ширкатини асло қаноатлантирмайди, чунки у қонун ҳужжатларига хилоф тарзда қабул қилинган. Хўш, бундай вазиятда нима қилиш мумкин? Бадалларни тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган турар жой мулкдорларига талаб тақдим этиш керак. Турар жой мулкдорлари умумий йиғилишда янги ширкат ҳисобварағидаги маблағларни эски ширкат ҳисобварағига ўтказиш йўли билан қарзни узиш тўғрисида қарор қабул қилиши, шунингдек судга даъво билан мурожаат этиши мумкин.

 

ҲАКАМЛИК СУДИ ЁРДАМ ҚЎЛИНИ ЧЎЗДИ

Ўтказилган таъмирлаш ишлари сифатсизлиги билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқамиз. Масалан, ХУМШ муайян ишларни бажариш учун пудратчи ташкилот билан шартнома тузган, пудратчи бу ишни сифатсиз бажарган ёки умуман бажармаган дейлик. Ёхуд пудратчи таъмирлаш ишларини бажарган-у, аммо ширкат унга вақтида ҳақ тўлай олмаётир. Кўпинча ширкатнинг молиявий ҳолати кескин ёмонлашганлиги туфайли шундай ҳоллар содир бўлади. Ширкат олдиндан тўланадиган ҳақни адо этади, аммо узил-кесил тўловни чўзиб юборади. Бундай низолар юридик шахслар ўртасида келиб чиққудек бўлса, даъволар кўпинча ҳакамлик судида кўрилмоқда. Масалан, «Универсал Кровля Оригинал» унитар корхонаси «Руслан Сенан» ХУМШга нисбатан даъво аризаси берган эди. Бу иш ҳакамлик судида кўриб чиқилиб, келишув билан якун топди. Унитар корхона ширкатга қарзни тўлашни кечиктириб туриш имкониятини берди, ХУМШ эса қарз суммасини бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини имзолади.

Прочитано: 2205 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика